Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Харита: сув танқислиги энг юқори бўлган давлатлар
Дунёнинг қатор ҳудудларида сув истеъмоли аллақачон табиат қайта тўлдиришга қодир бўлган ҳажмдан анча ошиб кетган.
Фото: Getty Imagеs
Янги харитада мамлакатлар бўйича сув стрессининг даражаси кўрсатилган — у чучук сув олиниши ҳажмининг қайта тикланувчи сув ресурслари ҳажмига нисбати орқали ўлчанади. Кўрсаткич 100 фоиздан юқори бўлган давлатлар бир йил давомида табиий йўл билан оладиган сувидан кўпроқ сув ишлатади ва танқисликни ерости сувларининг камайиши ёки денгиз сувини тузсизлантириш ҳисобига қоплашга мажбур бўлади. Маълумотлар БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) томонидан тақдим этилган.
Сув қишлоқ хўжалиги, саноат ва кундалик ҳаёт учун зарур бўлгани сабабли, иқлим ўзгариши ва талаб ўсиши фонида бундай номутаносибликлар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айрим мамлакатларда сув истеъмоли табиий ресурслар ҳажмидан ўнлаб баробар ошиб кетади.
Катта фарқ билан биринчи ўринда Кувайт туради — бу ерда сувдан фойдаланиш қайта тикланувчи ресурслар ҳажмининг 3 850 фоизига етган. Ундан кейин Бирлашган Араб Амирликлари келади — 1 509,9 фоиз, бу эса тузсизлантириш ва қайта тикланмайдиган ерости сувларига юқори даражада боғлиқликни акс эттиради.
Сув стресси юқори бўлган давлатлар асосан Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада жамланган — бу ҳудудлар дастлабдан қурғоқчил иқлим ва сув захираларининг секин табиий тикланиши билан ажралиб туради. Қўшимча босимни эса кўп сув талаб қиладиган қишлоқ хўжалиги юзага келтиради.
Саудия Арабистони учинчи ўринни эгаллайди (974,2 фоиз), ундан кейин Ливия (817,1 фоиз) ва Қатар (431 фоиз) келади. Ҳатто унчалик кескин бўлмаган даражада ҳам кўплаб мамлакатлар барқарор сув истеъмоли чегарасидан чиқиб кетган. Масалан, Покистон ва Иордания 100 фоизлик чегарадан ошган — мос равишда 110 фоиз ва 105 фоиз. Хитой ўзининг қайта тикланувчи сув ресурсларининг 41,5 фоизидан, АҚШ эса 28,2 фоизидан фойдаланади.
Бошқа ҳудудларда эса вазият аксинча: Папуа — Янги Гвинея, Боливия ва Конго Демократик Республикаси улкан сув захираларига эга, аммо иқтисодий ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлгани учун бу ерларда сув стресси деярли кузатилмайди. Масалан, Конго ДР ҳудудига дунёдаги иккинчи энг йирик дарё тизими бўлган Конго дарёси ҳавзасининг 62 фоизи тўғри келади.
Ўз сув ресурсларини тугатиб бораётган мамлакатлар қайта тикланмайдиган манбаларга таянишга мажбур бўлмоқда. Бундай усуллардан бири — қазилма ерости сувларини қазиб олиш: сув катта чуқурликлардан чиқариб олинади, аммо сувли қатламлар ёғингарчилик ҳисобига табиий равишда қайта тўлдирилмайди. Бу амалиёт нафақат Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада, балки АҚШ ва Хитойда ҳам кенг тарқалган.
Қурғоқчил ҳудудлардаги давлатлар, айниқса Яқин Шарқда, денгиз сувини ичимлик сувига айлантирадиган тузсизлантириш технологияларини ривожлантиришда ҳам етакчи ҳисобланади. Бу жараён ҳали ҳам катта энергия талаб қилади ва қимматга тушади, бироқ технологик тараққиёт уни тобора амалий ва инвестиция нуқтаи назаридан истиқболлироқ қилмоқда.
Иқлим ўзгариши ва истеъмол ўсиши давом этар экан, сувнинг мавжудлиги иқтисодий ривожланиш учун тобора қаттиқроқ чекловга айланмоқда.
Табиий сув имкониятлари чегарасидан чиқиб кетаётган мамлакатлар, эҳтимол, тузсизлантириш қувватларини кенгайтириш, талабни қатъийроқ бошқариш ёки самаралироқ инфратузилмага сармоя киритишга мажбур бўлади. Бу эса сувни яқин ўн йилликлардаги энг муҳим иқтисодий ва стратегик ресурслардан бирига айлантиради.