Ўзбекистон | 16:51 / 15.01.2023
18932
2 дақиқада ўқилади

Бухоро шаҳридаги туризм маркази шаҳарнинг бошқа ҳудудида қурилади

«Бухоро туризм маркази» учун бошқа ер майдони танланади.

Бухоро шаҳрида «Бухоро туризм маркази»ни қуриш учун «бошқа мақбул ер майдонлари танланади. Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, бу ҳақдаги қарор «кенг жамоатчилик фикрини инобатга олиб» қабул қилинган.

Ҳозирда ушбу лойиҳа дастлабки босқичда тайёрланмоқда ва пухта ишлаб чиқилгач, тегишли тартибда барча келишувлардан ўтказилади.

«Шунингдек, ЮНЕСКО умумжаҳон марказининг тегишли хулосаси олинган ҳолда якуний қарор қабул қилинади ва шундан сўнг қурилиш ишлари бошланади», дейилади хабарда.

Davletovuz Телеграм-канали ўз манбаларига таяниб ёзишича, «Шавкат Мирзиёев жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлган Бухоро шаҳрида қурилиши режалаштирилган туристик марказ қуришни тўхтатишга топшириқ берган».

13 январ куни бухороликлар марказ қурилишидан норози бўлиб, президентга мурожаат йўллаганди. Мурожаатда аҳоли Бухоро шаҳри қоқ марказида 2023 йилда туризм маркази қурилиши доирасида шаҳарнинг Иброҳим Мўминов ва Мустақиллик кўчалари ўқи атрофидаги барча бино ва иншоотлар, жумладан, катта спорт мажмуаси ҳам бузилишидан норозилик билдирган.

Kun.uz маълумотига кўра, туристик марказ қурилиши учун танланган дастлабки ер майдони Бухоронинг тарихий марказининг буфер ҳудудида жойлашган, шу боис ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ушбу лойиҳани қўллаб-қувватламаган. Маданий мерос агентлигининг ҳукуматга эслатишича, ушбу соҳадаги ҳар қандай лойиҳа агентлик ва ЮНЕСКО билан келишилиши керак.

Мавзуга оид