Жамият | 19:57 / 03.05.2020
33228
8 дақиқада ўқилади

Тошқин оқибатида мол-мулкидан айрилган сирдарёликларнинг зарари қоплаб бериладими?

«Сардоба» сув омборидаги авария етказган моддий зарар кўлами ҳозирча маълум қилингани йўқ. Аммо шуниси аниқки, минглаб фуқароларнинг уйлари ва бошқа мақсадлардаги бино-иншоотлари, мол-қўйлари, экинларига зиён етди.

Фавқулодда ҳолат сабаб фуқаролар кўрган зарар қоплаб бериладими? Kun.uz мухбири шу савол билан Ўзбекистондаги айрим суғурта компанияларининг вакиллари билан суҳбатлашди.

Акрамжон Шаробиддинов – «КАФОЛАТ суғурта компанияси» АЖ суғурта бўйича директори:

– «Кафолат» суғурта компанияси Сирдарё вилоятининг ҳамма туманларида бўлинмаларига эга. Шу жумладан, Сардоба туманида ҳам бўлинма фаолият юритади. Сардоба сув омборидаги бахтсиз ҳодиса натижасида ҳудудларда юзага келган ҳолат бўйича «Кафолат» суғурта компанияси ҳам зудлик билан ишчи гуруҳ тузган ҳолда жойига чиқиб ўрганишни бошлади.

Ҳозирги кунгача амалдаги суғурта шартномаларига қарайдиган бўлсак, айнан Сардоба туманида 2000дан ортиқ шартнома тузилган бўлиб, олинган жавобгарлик миқдори 15 млрд сўмдан ортиқни ташкил қилади.

Буларнинг ичида мажбурий суғурта турлари бор, транспорт воситалари бор, иш берувчиларнинг фуқаровий жавобгарлиги суғурталари бор.

Юзага келган ҳодиса бўйича кўпроқ зарар аҳолининг мол-мулкига, юридик шахсларнинг мол-мулкига, автотранспорт воситаларига, фермер хўжаликлари ёки аҳоли экинларига кўпроқ таъсир кўрсатган.

Шундан келиб чиқиб, суғурта объектини бўлиб кўрадиган бўлсак, Сардоба туманида компания томонидан 196 нафар фуқаронинг уй-жойлари суғурта қилинган. Бундан ташқари, юридик шахсларга тегишли бўлган 12та мол-мулк суғурта қилинган. Бунинг умумий қиймати 4,3 млрд сўмни ташкил қилади.

Суғурт қилинган объектларнинг орасида озиқ-овқат сақланадиган омбор, савдо дўкони ва шу каби объектлар ҳам бор.

Эвакуация жараёни бошланди. Бу жараёнда айни вақтда ҳам компаниянинг ишчи гуруҳи Сайхунобод туманида бўлиб турибди. Кўчириб келинган аҳолига нафақат моддий, балки маънавий ёрдам ҳам кўрсатиш мақсадида шу жойда бўлиб туришибди.

Суғурта шартномаларига асосан тўлов бўладими ёки йўқми, деган савол. Суғурта шартномаларига асосан айнан бу риск ҳисобланади. Бу рискка асосан Ўзбекистонда умумий 28та суғурталаш тармоғи билан ишлаётган компаниялар бўлса, улар умумий суғурталаш тармоғини деярли барча компанияларда мол-мулкларни суғурта қилиш бўйича тегишли лицензияга эга. Мол-мулк 8-, 9-класслар бўлиб, бунинг ичида табиий офатлар риски бор. Айнан юзага келган риск бўйича суғурталанган мулкни, яъни аҳолининг уй иморатларига, аҳолининг транспортига, аҳоли ёки фермер хўжаликларининг экинларига, хўжалик юритувчи субъектларнинг мол-мулкига етказилган зарар бўйича тўлов амалга оширилади.

Суғурта амалга оширилаётган, суғурта қилинган мулкнинг қиймати бўйича суғурта компанияси ва мижоз ўртасида келишув бўлади. Бундан ташқари, банклардан кредит олганда гаров сифатида кўплаб фуқаролар ўз мол-мулкини қўяди. Шу вақтда мулк суғурта қилинган. Талафотдан кейин мулкка зарар юзага келган бўлса, бу зарар мустақил баҳоловчилар томонидан баҳоланади. Яъни шу мулкка қанчалик зарар етди? Етказилган зарар суғурта компанияси томонидан жисмоний ва юридик шахс билан тузилган шартномага асосан қоплаб берилади.

Умида Қосимова – «Gross Insurance» МЧЖ суғурта тўловлари маркази директори:

– Куни кеча Сардоба сув омборида сув тошқини рўй берди. Бир қатор аҳоли пунктларида бино иншоотларига зарар етган. Gross Insurance компанияси ҳам барча суғурта қилинган объектларни ўрганиб чиқиб, 44та уй-жой бинолари, айнан кредитга олинган, намунавий уйлар суғуртаси борлиги аниқланган. Уларнинг суғурта тўловларининг умумий суммаси 9 млрд сўмни ташкил қилган.

Компания мазкур офат жабрланувчиларига ўзининг чуқур ҳамдардлигини билдиради ва масъулиятни ҳис қилган ҳолда суғурта масалаларини тезкор ўрганиб чиқиб, суғурта ҳолатлари бўйича кафолатланган ҳолда суғурта суммаларини тўлаб беришини маъулм қилади.

Алишер Асатуллаев – «Ўзбекинвест» суғурта компанияси бош директори ўринбосари:

– Ҳозирги кунда талафот етган ҳудудда «Ўзбекинвест» импорт-экспорт суғурта миллий компанияси томонидан жами 98 млрд сўмга тенг бўлган суғурта шартномалари аҳоли ҳамда хўжалик юритувчи ташкилотлар билан тузилган.  Жумладан, Сардоба туманида 5,5 млрд сўмлик, Оқолтин туманида 22 млрд сўмлик, Мирзаобод туманида 72 млрд сўмлик шартномалар тузилган.

Бу шартномалар бўйича «Ўзбекинвест» импорт-экспорт суғурта миллий компанияси ўз мажбуриятларини давом эттирмоқда.

Ҳозирги вақтда аҳоли талафот кўрган ҳудудлардан эвакуация қилингани боис зарарланган мулкни кўздан кечириш ва зарар миқдорини аниқлаш имконияти бўлмай турибди. Лекин мутасадди ташкилотлар томонидан талафот ҳудудига киришга рухсат этилиши билан «Ўзбекинвест» компанияси ходимлари жойларга чиқиб, зарар кўрган мулкларни кўздан кечириб, зарар миқдорини аниқлаб, тўлаб бериш бўйича барча чоралар кўрилади.

Зарарларни тўлиқ қоплаб бериш юзасидан етарли маблағлар ажратилган. Зарарларни тўлаб беришда компания тезкорлик билан ўз фаолиятини амалга оширади.

– Фуқаронинг уйи сувда қолиб кетган, тошқин пайтида уй қулаб тушган ҳолатлар бор. Буткул вайрон бўлган бўлса, қанча миқдорда компенсация олиш жойига чиқиб, мустақил баҳоловчилар томонидан ўрганилгандан кейин белгиланади, тўғрими? 100 фоиз миқдордами, 50 фоиз миқдордами?

Акрамжон Шаробиддинов – «КАФОЛАТ суғурта компанияси» АЖ суғурта бўйича директори:

– Айнан бу бўйича ҳозир жойига чиқиб ўрганишнинг имконияти йўқ. Чунки йўллар ҳозирча берк. Мижозлар томонидан ариза келиб тушгандан кейин жойлар бориб кўрилади. Суғурталанган мол-мулк буткул нобуд бўлган тақдирда суғурта суммаси доирасида тўлиқ қоплаб берилади. Мисол учун, уй 100 млн сўмга суғурта қилинган бўлса, уй батамом нобуд бўлган бўлса, мижозга суғурта суммаси доирасида тўлиқ қоплаб берилади.

Уй суғурта қилинган, лекин тўртта хонаси бўлиб, битта хонаси ёки қўшимча иморатлари зарарланган бўлса, мустақил баҳоловчилар томонидан баҳоланади, кейин компания тўлаб беради.

Бунинг учун мижоз суғурта компаниясига биргина мурожаат қилиши кифоя. Компанияда тўлиқ объектлар бор, ҳаммаси суғурта полисида ёзиб қўйилган. Суғурта қилдирган одамларнинг суғурта полиси уйида қолиб кетган бўлиши мумкин. Шунинг учун компания онлайн реестрни олиб, ўзимиз суғурта қилган мол-мулклар ҳақидаги маълумотлар асосида зарар етган жойларни аниқлаяпмиз.

– Юзага келган ҳодиса – табиий офат. Ундан тегишли хулоса чиқарилиши, аҳолининг суғурта маданиятини ошириш, мулкини имкон қадар суғурта қилишга эътибор қаратиш керак. Суғурталанмаган бинолар бор, фуқароларнинг ўзлари қурган уйлар бор. Уларнинг тақдири қандай бўлади?

Акрамжон Шаробиддинов – «КАФОЛАТ суғурта компанияси» АЖ суғурта бўйича директори:

– Суғурта компанияси суғурта шартномаси бўйича жавобгарликни ўз бўйнига олади. Етказилган зарар бўйича суғурта шартномаси аҳоли қўлида бўлса, шу шартномага асосан суғурта қопламасини олиш мумкин. Суғурталанмаган мулкнинг тақдири нима бўлади?

Куни кеча Сардобадаги сув тошқинида, 27-28 апрел куни кучли шамол натижасида Бухоро, Навоий, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ҳудудида бўлган ҳодисалар бўйича компания томонидан тўлов масалалари кўриб чиқиляти. Бугунги кун ҳолатига 54 млн сўмдан ортиқ тўлов амалга оширилди.

2017 йил 9 октябрда «Кафолат» суғурта компанияси бўйича президент қарори чиқди. Шу қарорга кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, маҳалла вакиллари билан маҳаллаларга кириб, аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориш вазифаси юклатилган эди. Лекин ҳамма ҳам суғурта учун пул ажратмайди. Сардоба туманининг ўзида минг нафардан ортиқ фуқаро ўзини бахтсиз ҳодисадан, юқумли касалликлардан суғурталаган. Суғурта турлари кўп, лекин айнан мол-мулкини суғурта қилиш даражаси паст. Аммо ўзини суғурта қилиш тизими ривожланди. Аҳолининг суғуртага ишончи ортяпти. Агар бу қамровни кенгайтирсак, суғурта тўловларини бериш имконияти юзага келади.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Суҳбатни тўлиқ тарзда Kun.uz`нинг YouTube`даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид