Жаҳон | 20:40 / 06.11.2024
1643
2 дақиқада ўқилади

AstraZeneca акциялари қиймати Хитойдаги терговлар фонида тушиб кетди

Сўнгги уч йил ичида Хитойнинг қатор ҳудудларида AstraZeneca билан боғлиқ суғурта фирибгарлигига оид кўплаб ҳолатлар аниқланган.

Фото: Reuters

AstraZeneca фармацевтика компаниясининг акциялари қиймати 8 фоизга тушиб кетди — бу 2020 йил мартдан бери кузатилган энг ёмон кўрсаткич, деб хабар беради Reuters.

Қайд этилишича, акциялар қийматининг тушиб кетишига Хитойда компаниянинг маҳаллий бизнеси раҳбариятига нисбатан тергов олиб борилаётгани сабаб бўлган. Ўтган ҳафта ишлаб чиқарувчи Хитойдаги бўлинмаси раҳбари Леон Ван тергов қилинаётгани ва компания ХХР ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган эди. Аммо у вақт AstraZeneca вазиятга оид қўшимча маълумотларни ошкор этмаган.

Куни кеча Yisai Global агентлиги AstraZeneca China’нинг ўнлаб топ-менежерлари тергов қилинаётгани тўғрисида хабар берди. Терговнинг ўзи билан бир нечта назорат органлари шуғулланмоқда.

Маълумотларга кўра, Леон Ванга нисбатан тергов суғурта фирибгарлиги билан боғлиқ. 2021 йилда ҳукумат AstraZeneca’нинг Сичуан провинциясидаги тиббий вакили ўпка саратонига қарши Tagrisso дори воситаси рецептларини сохталаштираётганини аниқлаган эди. Бу орқали у беморлар мазкур дориларни суғурта орқали харид қилишларига имкон яратган. Шунингдек, у генетик тест тўғрисидаги ижобий ҳисоботларни сохталаштирган ва ҳатто дори воситаларини суғурта орқали сотиш ҳамда компания фойдасига имтиёзлар олиш учун тест ўтказадиган лабораториялар билан тил бириктирган.

Сўнгги уч йил ичида AstraZeneca иштирокидаги суғурта фирибгарлигига оид ҳолатлар Шэнчжэн, Фуцзян, ва Цзянси провинцияларида аниқланган. Рецептларни сохталаштириш схемасига компаниянинг нафақат ҳудудий менежерлари, балки юқори лавозимдаги раҳбарияти ҳам алоқадор экани аниқланган.

Мавзуга оид