Иқтисодиёт | 14:45 / 18.06.2024
5133
2 дақиқада ўқилади

ЖБ: Ўзбекистонда аёллар ва эркакларга тенг ҳақ тўланишини таъминлаш 700 минг кишини камбағалликдан чиқаради

Ўзбекистонда аёлларнинг эркаклар билан бир хил даражада маош олишини таъминлаш 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан чиқаришга ёрдам беради. 

Ўзбекистонда аёлларнинг эркаклар билан бир хил даражада маош олишини таъминлаш 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан чиқаришга ёрдам беради. Бу ҳақда Британия ҳукумати молиявий кўмагида Жаҳон банки томонидан тайёрланган «Ўзбекистонда гендер тенглиги таҳлили» ҳисоботида айтилган.

Ушбу ҳисобот турли соҳалардаги, жумладан, аёлларнинг таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодий фаолиятдан фойдаланиш имконияти, уларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, никоҳ ва ажралишлар билан боғлиқ вазият, шунингдек, аёлларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги иштироки каби вазиятни таҳлил қилиш орқали Ўзбекистонда гендер тенглиги масалаларини ўрганади.

Ўзбекистонда ёш хотин-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси 15,5 фоизни ташкил этади, бу ёш эркаклар ўртасидаги 10 фоизлик кўрсаткичдан кўпроқ. Таълим, иш ёки профессионал тайёрловда бўлмаган ёш аёллар улуши 42 фоизни ташкил қилади, эркакларда эса бу кўрсаткич 8,8 фоиз атрофида.

Бундан ташқари, хизмат учун ҳақ тўлашда ҳам сезиларли даражада гендер тенгсизлиги мавжуд, аёллар эркакларга қараганда 34 фоиз камроқ маош олади. Бу 20 фоиз бўлган глобал ўртача кўрсаткичдан юқори.

Ҳисоботда қайд этилишича, аёллар ўртасида иш ҳақи ва бандликнинг пастлиги Ўзбекистонда иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатмоқда ва камбағалликни кучайтирмоқда. Агар хотин-қизлар иқтисодий фаолиятда эркаклар билан бирдек иштирок этса, Ўзбекистонда миллий даромад 29 фоизга ошади. Аёлларнинг эркаклар билан бир хил даражада маош олишини таъминлаш 700 мингдан ортиқ одамни камбағалликдан чиқаришга ёрдам беради.

Ҳисобот тавсиялари орасида Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ўз иқтисодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун гендер тенгсизликни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни давом эттириши зарурлиги қайд этилган. 

Мавзуга оид