Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонаси ташкил этилади
Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонаси фаолияти ташкил этилади. Бу ҳақда Тошкентда Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон Ҳукуматлараро комиссиясининг 16-йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилиш Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳамда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эсемират Оразгелдиев ҳамраислигида бўлиб ўтди.
Томонлар икки мамлакат иқтисодиётининг қиёсий устунликларини ҳисобга олган ҳолда саноат кооперациясини фаол ривожлантириш ва узлуксиз қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш зарурлиги тўғрисида фикр билдирди. Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал саноати, маиший техника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди. Саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича аниқ лойиҳаларни ўз ичига олган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишилди.
Ўзаро савдони ривожлантириш бўйича навбатдаги саъй-ҳаракатлар режалаштирилди. Жумладан, томонлар икки мамлакат бозорларига ўзбек ва туркман маҳсулотларини барқарор етказиб беришни таъминлаш юзасидан амалий чора-тадбирларни кўришга ҳамда ўзбек-туркман савдо айланмаси ҳажмини яқин келажакда 1 млрд долларга етказишга тайёр эканликларини билдирдилар. Икки мамлакат ташқи савдо идоралари вазирларининг ўринбосарлари даражасидаги қўшма ишчи гуруҳ бу йўналишдаги таклифларни мунтазам равишда ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Шунингдек, яқин келажакда Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонаси фаолиятини ташкил этиш ва тартибга солиш тўғрисидаги Битим лойиҳасини келишиш ҳам якунига етказилади.
Икки мамлакат ўртасида транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, томонлар транспорт йўлакларини янада ривожлантириш, авиақатновларни босқичма-босқич қайта тиклаш, 2022 йилда ўзаро тариф имтиёзларини тақдим этиш, “Туркманбоши” денгиз порти инфратузилмасидан фойдаланиш истиқболлари ҳамда бошқа ташаббусларни назарда тутувчи қўшма чораларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишиб олди.
Мавзуга оид
11:27 / 07.11.2024
Ўзбекистон ва Покистон имтиёзли савдо битимига кирувчи маҳсулотлар бўйича музокара олиб бормоқда
10:50 / 31.10.2024
Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги топ 10 давлатлар маълум қилинди
09:30 / 31.10.2024
РФ трансчегаравий савдо бозорига киришни чекламоқчи
16:23 / 28.10.2024