16:56 / 09.02.2019
41938

Қувада тадбиркор мактаб стадионига бино қурса бўлаверади(ми?) Халқ таълими вазирлиги нега жим?

Таажжуб... Қадимдан инсонлар савоб умидида йўл, қабристон, мактаб, масжид учун ўз мулки бўлган ерни кечиб беришган.

Бироқ, навбатдаги мурожаатда кўтарилган муаммоли масала – Фарғона вилояти Қува туманидаги Қорашоҳ маҳалласидаги ҳолатга ҳайрон қолдик. Бу ҳақда имкон даражасида қисқароқ қилиб ёзишни мақсад қилган бўлсак-да, масалага оид ҳужжатларнинг мўллиги мақола салмоғини анча оширди.

“Стадионда тадбиркорлик” операцияси ёхуд қонунларни четлаб ўтиш

 Қорашоҳ МФЙда истиқомат қиладиган оилаларнинг 650 нафардан зиёд фарзандлари ўз ҳудудларидаги 44-умумтаълим мактабида таълим ва тарбия оладилар.

Ҳамма ўқув даргоҳларида бўлгани сингари мазкур мактабда ҳам ўзига бириктирилган стадион мавжуд. Стадион 28 йилдан бери таълим муассасасига хизмат қилиб келмоқда. Унинг олди қисмида ҳарбий тайёргарлик бўйича спорт анжомлари – турник, брус ва бошқа жисмоний машқлар учун снарядлар ўрнатилган, қолгани атрофида югуриш учун жой бўлган футбол майдони. Стадионнинг эгаси мактаб эканлиги эса, 1990-йилдаги колхоз правлениеси мажлисида қарор билан тасдиқланган.

Ажаб ва минг ажабки, шу ерлик тадбиркор, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак “Қосимов Сирожиддин чорваси” раҳбари Иномжон Қосимов стадион ҳудудида ишбилармонлик қилиб, маиший хизмат объектлари қуришни ихтиёр этибди. Қонун бўйича, бундай фаолият юритиш учун ҳудуддаги бўш турган, қаровсиз жойлардан ер ажратилади. Стадион умумий таълим мактаби балансида туради; ер майдони Халқ таълими вазирлигининг рухсати билан туман ҳокимлиги захирасига олинмаса, тендерга қўйилмайди, яна бир дунё ҳужжатлар тўплами ҳам керак. 

Қувада ҳар қандай ишни ими-жимида битириб юборса бўлар экан. “Уддабурон тадбиркор” қандай қилиб “қор ёққани қалов топган”, билмадик. Уни қарангки, Иномжон Қосимов, стадион ҳеч кимга керак эмаслиги ҳақида МФЙ вакиллари қарорини чиқарган, туман халқ таълими бўлимидан ер майдонида дўкон қуришга “Розилик хати” олган (лекин мазкур хат ХТБ девонхонаси рўйхатидан ўтмаганлиги аниқ бўлди), ер майдонини танловга қўйдириб, ютиб, ер майдонидан фойдаланиш бўйича туман ҳокими қарорини ҳам чиқара олган.

Самарасиз мурожаатлар ва тадбиркорнинг қурилишни бошлаши

Қўққисдан “Қосимов Сирожиддин чорваси” аъзолари мактаб стадиони олдида қурилиш бошлаганида маҳалла аҳли ҳайрон қолиб, турли жойларга мурожаат қила бошлади. Тўғрисини айтиш керак, мактаб маъмурияти, МФЙ идораси, маҳалла аҳолиси томондан ёзилган бирор ариза ечим топмади.

Ҳокимликлар “тадбиркорга тегиб бўлмаслигини”, прокуратура ва ИИБ “тадбиркор юз фоиз ҳақ ва ҳужжатлар қонуний” эканлигини таъкидлай бошлади. Халқ таълими вазирлиги эса мурожаатга умуман жавоб бермайди. Аҳоли ҳақиқатни юзага чиқара олмай, “сарсон ва саргардонлик кўчасида кезарди”.    

Энди ер эгасига айланган “ишбилармон” қўлидаги ҳужжатларни кўрсатиб, маҳалла аҳлининг эътирозларига, “Ёппасига хоҳлаган жойингга бор!” деган жавобни “чиройли” қилиб айта бошлади.

Маҳалла аҳли билан суҳбатлашганимизда улар “уддабурон тадбиркор”ни ноҳақ деб топиш учун асос бўла олувчи ҳужжатларни кўрсатдилар. Аслида уларда мавжуд ҳужжатлар сони 30тадан зиёд эди. 

1. Фарғона вилоят Ер ресурслари ва Давлат кадастри Қува тумани бўлими, собиқ Ильич колхози колхозчиларининг 1989 йили ўтказилган умумий йиғилишининг 1990 йил 1 февраль кунги 1-сонли қарорига асосан, 44-умумтаълим мактабига 3,5 гектар ер ажратиб берилганлигини тасдиқлаб, айни пайтда таълим муассасасига тегишли бўлган 700.0 кв. метр ўйингоҳнинг тадбиркорликни ривожлантириш учун И. Қосимовга ажратиб берилиши “Ер кодекси”нинг 73-моддасига зид эканлигини ўз маълумотномасида келтирган.

Шу ташкилотдан мактаб стадиони шу кунгача мактаб ҳисобида эканлиги ҳақида маълумотнома ҳам бор.

Ер майдони туман захирасига олинмай туриб танловга қўйилган. Чунки, туман ҳокими томонидан имзоланган 2019 йил 7 январь кунги №13 ҳужжатда ҳам 44-умумтаълим мактабига бириктирилган футбол майдонининг туман захирасига қайтарилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлиги ва бу борада Фарғона вилоят давлат архивига мурожаат қилиш лозимлиги айтилган.

2. Туман ҳокимлигига мактаб болалар ўйингоҳидаги ер майдонини танловга қўйиш учун берилган розилик хати девонхона рўйхатидан ўтмаганлиги ҳақида туман халқ таълими бўлимининг маълумотномаси мавжуд. Кўриниб турибдики, ХТБ стадион ер майдони фойдаланилмай турилганлигини тасдиқламаган ва у ерда қурилиш қилиш бўйича розилик бермаган.

Масаланинг энг қизиқ томони шундаки, тадбиркор дея айтилаётган Иномжон Қосимов аслида туман халқ таълими бўлимида услубчи вазифасида ишлайди.

Шунинг ўзи ҳам, мактаб стадионининг “керак эмас”лиги ҳақида ёзилган, бироқ туман халқ таълими бўлимида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган 38-сонли хатнинг шубҳали эканлигини кўрсатмоқда.

Қолаверса, мактабга тегишли бўлган айнан шу ер участкасига нисбатан “Қува ҳаёти” газетаси орқали ҳам тендер савдолари эълон қилинмаган.

Қисқаси, кўплаб ҳужжатлар йиғиндиси билан танишиш асносида масала мутасаддилар томонидан албатта чуқур таҳлил қилиб, ўрганиб чиқилиши зарурлигини англадик.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3931-сон қарорининг 10-бандига кўра, умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ва кўчмас мулкини Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири билан келишмасдан бегоналаштириш тақиқланади.

Биз Қорашоҳ маҳалласига борганимизда тадбиркор аллақачон стадион олдида қурилиш ишларини бошлаб юборган, ўйингоҳ олдидаги икки қатор қилиб экилган 60тадан зиёд тераклар арраланиб ётқизиб қўйилганди. Тераклар эса мактаб ўқувчилари ва ўқитувчиларининг маблағи ва меҳнати эвазига етиштирилганлиги ҳеч кимнинг виждонини қийнамаётгани бундан-да ачинарлидир.

Биз бир гуруҳ маҳалла оқсоқоллари, фаоллари билан суҳбатлашдик. Фахрий ўқитувчилар Ғуломқодир ота Тешабоев, Раҳмонали Қурбоновлар бутун қишлоқ мана шу ҳолатдан норози эканини билдиришди. Маҳалла раиси Зойиржон Нуралиев тадбиркор билан маҳалла ўртасидаги низоли ҳолатни мактаб фойдасига тезроқ ҳал қилиш лозимлигини таъкидлади.

Халқ назаридан қолиш яхши эмас...

Қорашоҳ қишлоғидаги аҳоли ўз маҳалладоши бўлган тадбиркордан жуда ҳам норизо. Ўзимиз ўша жойнинг ўзида тадбиркор ва маҳалла аҳли ўртасидаги даҳанаки жанжалнинг гувоҳи бўлдик. Тадбиркорнинг йиғилганларга беписанд: “Ер меники, қўлингиздан ҳеч нарса келмайди!” деганини кўриб, дил хира бўлди.

Айтишларича, туман ҳокими Ҳалимжон Умаров ҳам Қорашоҳга келиб, тадбиркорга: “Халқ кўнмаяпти. Қурилишни тўхтатинг”, деб кетибди. Бироқ тадбиркор ўз ишини давом эттирмоқда.

Биз воқеага ойдинлик киритиш мақсадида Қува туман ҳокимлигига бордик. Ҳокимликнинг маъсул кишилари, туман раҳбари турли юмушлар билан узоқда эканлигини, масала бўйича Қува туман архитектори Музаффар Икромовга учрашишимизни айтишди. Архитектор ҳоким топшириғи билан Қорашоҳга бориб, тадбиркорга ишни тўхтатиб туришини айтганини билдирди. Меъморга тадбиркор ўзига тегишли бўлмаган теракларни кесиб юборганини айтганимизда, у ҳам ҳайрон қолди.

Мазкур муаммога оид ҳужжатларни сўрадик. Мутасадди ер майдонини танловга асосан сотилгани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим қилди.

Машмашали ҳолатга хулоса ясар эканмиз, мақоламизнинг энг аввалида айтилганидек, ота-боболаримиз азал-азалдан йўл, мактаб, масжид, қабристон сингари жойларни муқаддас билган. Қорашоҳ маҳалласидаги тадбиркор эса бутунлай тескари иш тутмоқда. Нима ҳам дердик, инсонга унинг қилган амалларига қараб баҳо берадилар.

Лекин, бутун бошли маҳалла рози бўлмай турган жойга кўз тикиб, савдо дўконларини қуриш жуда ғалати ҳолат.

Мазкур муаммо туман ҳокимлиги ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиддий ўрганиб чиқилиши зарур.

Элмурод Эрматов, Фарғона
 KUN.UZ мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top