Жаҳон | 17:04 / 02.11.2022
10644
2 дақиқада ўқилади

Швейцарияда 100 та вагондан иборат энг узун йўловчи поезди рекорд ўрнатди

Швейцариядаги Rhaetian Railway темирйўл компанияси 100 та вагондан иборат жаҳондаги энг узун йўловчи поездини йўлга тушириб, ўзига хос рекорд ўрнатди.

25 та электропоезд 100 та вагондан иборат умумий таркибга бирлаштирилди. Ушбу муваффақият Гиннеснинг рекордлар китобидан ҳам ўрин олди — поезднинг узунлиги 1,91 километрга етди.

Фото: AFP / Fabrice Coffrini

Тўғри, жаҳонда бундан ҳам узунроқ поездлар рекорд ўрнатган, лекин уларнинг барчаси юк вагонларини тортишган. Ушбу рекорд энг узун йўловчи поезди бўлди.

Айтиш керакки, ушбу поезд қатнаган йўналиш 2008 йилда ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Энг узун йўловчи поезди бўйича аввалги рекорд 1991 йилда ўрнатилган эди — 1732,9 метр.

Фото: AFP / Fabrice Coffrini

Темирйўл вагонларини таққан поезд Преда шаҳридан йўлга чиқиб, Алп тоғ тизмалари бўйлаб бир соатдан сал зиёдроқ вақтда 48 та кўприк, жумладан машҳур Ландвассер виадуки, 22 туннелдан ўтиб, Бергун шаҳригача 25 км йўл босди.

Фото: AFP / Fabrice Coffrini

7 машинист ва 21 техниклар 25 та поезд бир хилда ҳаракат қилиб, тўхташини назорат қилиб турди. Машинистлар олдида қийин вазифалар турган эди: улар 3000 тоннага тенг поездни темир излар бўйлаб бир маромда ва аниқ ҳаракатланиши учун тезлашиб ёки секинлашиб туриши талаб этиларди. Бунинг учун биринчи машинистдан охиргисигача симли дала телефони ўрнатиб чиқилган.

Фото: AFP / Fabrice Coffrini

Темирйўл компаниясининг тушунтиришича, йўлдаги туннеллар туфайли радио ва уяли телефон орқали мунтазам алоқани таъминлаш иложсиз бўлган.

Фото: AFP / Fabrice Coffrini

Поезднинг энг қийин жойлардан ўтишини томоша қилиш учун 3 минг томошабин пул тўлаган. Поездга минишга фақат 150 кишига изн берилган: улар асосан ВИП шахслар ва журналистлар бўлган.

Ушбу рекорд Швейцария темирйўлларининг 175 йиллигига бағишланган.

Мавзуга оид