Ўзбекистон | 15:42 / 06.09.2020
33679
2 дақиқада ўқилади

ДТМ: Интернетда сурати тарқалган тестлар бўйича абитуриентларга чора кўрилган

Давлат тест маркази 2-3 сентябрь кунги тест синовларида тест топшириқлари расмга олиниб, интернетда тарқалгани бўйича текширув ўтказди.

Компьютер тақсимотидан аниқланишича, ушбу саволлар китоблари қуйидаги гуруҳларга юборилган:

  • 2 сентябрь куни Фарғона вилояти 4-сектор (Марғилон шаҳри)да 1-сменада тест топшириши белгиланган 159-гуруҳ;
  • 3 сентябрь куни Андижон вилояти 6-сектор 1-сменада тест топширилиш белгиланган 125-гуруҳ;
  • 3 сентябрь куни Хоразм вилояти 1-сектор 1-сменада тест топширилиш белгиланган 26-гуруҳ.

«Тезкор ҳаракат асосида ҳолатни амалга оширган абитуриентларнинг барчаси аниқланган ва уларнинг уч нафари жараён давомида, бир нафари жараёндан кейин четлатилган»,дейилади ДТМ хабарида.

Марказ 5 сентябрь куни Тошкентда назоратчининг абитуриентга ёрдам бергани ҳолати аниқлангани ҳақида ҳам хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат бўйича текширув ўтказилганда, ҳақиқатан ҳам 5 сентябрь куни пойтахтдаги Талабалар шаҳарчаси хиёбонида, 1-сменада ўтказилган тест синовларида қоидабузарлик юз бергани етарли далил-исботлар билан тасдиқланган.

«Ушбу жараёнга дахлдор барча шахслар аниқланди ва чора кўрилиши учун тегишли ташкилотга тақдим этилган», – дейилади хабарда.

Аввалроқ ЎТМ гуруҳ назоратчиси парта тагига нарса қўйгани акс этган видеога ҳам изоҳ бериб, назоратчи парта тагига телефон ёки бошқа тақиқланган буюм эмас, тиббий ниқоб эканини билдирганди.

Мавзуга оид