18:34 / 18.09.2022
22780

“Оқ нилуфарлар юртида” – фин халқининг уйғониш тарихидан бир парча

Фин халқининг уйғониши қачон бошланди, асрлар давомида ботқоқликда яшаган миллат 70-80 йил ичида қандай қилиб оқ нилуфарлар мамлакатига айланди? Уйғонишни истаб алаҳсираб ётган бошқа халқлар ҳам финлар тутган йўлдан бора оладими?

“Давлат бу – катта оила. Унинг аъзолари сизнинг биродарларингиздир. Камбағалларнинг муваффақиятсизлигига қисман юқори қатламнинг эътиборсизлиги ва бепарволиги сабаб бўлади”. Бу жумла рус ёзувчиси Григорий Петровнинг “Оқ нилуфарлар юртида” китобидаги қаҳрамон Снелманга тегишли.

Муаллиф ҳақида қисқача

19 асрнинг охири ва 20 асрнинг бошларида яшаган ёзувчи Григорий Петров Европа бўйлаб саёҳат қилиб, турли халқлар ҳаётини ўрганади. Унинг машҳур китобларидан бири “Оқ нилуфарлар юртида” 600 йил мустамлакачиликда яшаган фин халқининг қандай оёққа тургани ҳақида ҳикоя қилади. Ёзувчи 1900 йилларда Финландияга қилган саёҳатлари давомида ўзини англаётган, ҳаётини яхшилашга уринаётган финлар билан суҳбатда бўлган. Узоқ йиллар Швеция ва Россиянинг қарами бўлган Финландия 1917 йилда ўз мустақиллигини эълон қилади. Китобда шу давргача бўлган ҳаёт ҳақида сўз боради. Асарда одамлар ҳаётини яхшилашга бел боғлаган қаҳрамонлар ва улар тутган йўллар ҳақида баён қилинади.

16 марта турк тилига таржима қилинган

“Оқ нилуфарлар юртида” 1923 йилда серб тилида нашр қилинган. Ҳаётини ўзгартириш истагида ишончли йўл қидираётган халқлар уни ўз тилларига таржима қила бошлашади. Жумладан, у 14 марта болгар ва 16 марта турк тилига таржима қилинган. Китоб ўша пайтда Туркияда ҳарбий хизматдаги ёшлар ўқийдиган китоблар таркибига ҳам киритилган. Асар жуда катта эмас, жами 100-110 саҳифадан иборат. Ва кичик-кичик 17 қисмга бўлинган бўлиб, уларда Финландияни ким, қайси йўналишда, қандай қилиб ислоҳ қилишни бошлагани ҳақида гапирилади.

Асарнинг инглиз, рус ва турк тиллардаги электрон вариантларини google қидирув тизимидан топиб ўқишнинг имкони бор. Шунингдек, китоб Ният Сунтонмуродов таржимонлигида ўзбек тилига ҳам таржима қилинган ва бу ўзбек китобхонлари учун фойдали бўлганини эътироф этиш керак. Ўзбек тилидаги вариантда китоб бошланишида Финландиянинг тарихи ҳақидаги маълумотлар китобхонда мамлакат ҳақида яхлит тасаввур пайдо бўлишига ёрдам беради. Бундан ташқари, финларнинг бугунги муваффақиятлари, таълимда тутган йўли билан Ўзбекистон солиштирилгани ҳам китобни жонлантирган. Бироқ бу таржима айрим ғализликлардан холи эмас. Шу сабаб китоб қайта таржима қилиниб, нашр этилса, фойдадан холи бўлмасди.

Снелманнинг хизмати нимада эди?

Бугун Финландияни дунё эътироф этишида фин файласуфи, ёзувчи ва дипломати Жоҳан Вилҳелм Снелманнинг ўрни бениҳоя катта. Финландия ривожланиши ва Снелман сўзлари синоним бўлиб кетган. Ҳатто мамлакатда ҳар йили 12-майни Снелман куни деб байрам қилишади. “Оқ нилуфарлар юртида” китоби ҳам Снелман ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Хўш, Снелманнинг хизмати нимада эди?

1806 йил 12 майда туғилган файласуф ҳаёти давомида университетларда маърузалар қилган, мактабларда ишлаган, Финландия парламентида сенатор бўлган ва молия вазири даражасига кўтарилган. Снелман халқ орасига меҳнат қилишдан қочмаслик, таълимни ривожлантириш ва ҳаётни одамларга қулай қилиб ташкил қилиш ҳақидаги маърузалари билан кириб бориб, одамларни ўз орқасидан эргаштирган. Китобда ҳам шунга урғу берилади. Шу ўринда Снелманнинг яна бир йирик хизмати – 1865 йилда рубл муомалада бўлган ўз давлатида миллий фин валютаси – маркани жорий қилгани бўлган.  

Россия билан қиёсланиш

Асар бошларида Финландия ва Россия қиёсланади. Мамлакат қандай обод жойга айлангани айтилади. “Одамларни безовта қиладиган дабдабабозлик, исрофгарчилик ва беҳуда нарсалардан асар ҳам йўқ”, дейилади Ҳелсинки ҳақида.

Финландия Россияга қарам бўлган вақтда босим остида, хоҳишсиз ва мажбуран ишлаган бўлса, ҳозир эркин ва яратувчан иш усулларидан фойдаланаётгани айтилади.

“Финландия бир пайтлар ботқоқлик, кўллар ва қоялар билан қопланган. Одамларнинг узоқ ва машаққатли меҳнати туфайли ерларда тупроқдан фойдалана оладиган майдонлар пайдо бўлган”, – деб ёзади кузатувларини муаллиф.

“Таълим бизнинг асосий бойлигимиз”

Китобда айтилишича, мактабларда махсус ўқув режалари бор: 8-10 орасида 2 соатлик дарс, кейин узоқ танаффус ва соат 14-16да такрорий дарслар. Шу тарзда ўқувчилар ҳавосиз синфларда узоқ вақт ўтириш азобидан халос бўлишади ва ўзларига вақт ажратишади.

Финландиялик ёшларнинг мушаклари, кўкрак қафаси, ўпкаси, қўллари ва оёқлари ривожланган ва уларнинг соғлиғи ҳам яхши. Чунки улар бўш вақтларида қишда чанғида учиш, кураш, сузиш, тўп ўйнаш ва югуриш билан шуғулланишади.

 “Таълим бизнинг асосий бойлигимиз. Россия Урал тоғларининг бой минерал конлари, Сибирнинг олтин захиралари бизда йўқ. Табиат бу борада бизга зиқналик қилган. Биз бу камчиликни тиришқоқлигимиз билан қоплашимиз ва халқимиздан мамлакатимиз тараққиётига максимал даражада ўз ҳиссасини қўшишини сўраймиз”, – дейди финлар.

Швеция мустамлакасидан қутулиш

1811 йилгача Швеция ҳукмронлиги остида яшаган финлар, 1808 йилда Россия-Швеция урушидан кейин руслар қўл остига ўтган. Швеция ҳукмронлиги даврида ҳукумат, савдо, фабрикалар, мактаблар, черковлар шведлар қўлида бўлган. Юқори лавозимларга ҳам шведлар танланган.

Шведлар ҳукмронлиги тугагач мамлакатда шведлар мавқейи пасайган. Шундай вазиятда улар бу ерни ташлаб кетишмаган, аксинча, “Финландияни янги Ватанлари сифатида қабул қилиб, маданий ривожланиш учун” ўзларини бағишлаганлар.

Бу вақтда Снелман ҳам Финландия маданиятини кўтаришни истаганлар йўлбошчисига айланган эди. У ёш ўқитувчилар, ҳуқуқшунос ва давлат хизматчилари билан одамларнинг билим ва маданий даражасини кўтариш учун Салиб юришини бошлаб юборганди.

“… Халқ сизни яхши таълим олганингиздан сўнг юқори маош олиш, кечқурун карта ёки домино столларида ўтириб, завқланишингиз учун ўқитмади. Зиёлиларнинг вазифаси – жамиятнинг ақл-заковати, виждони, иродаси, кучини уйғотиш ва уни сафарбар қилиш”, – деган оташин нутқлари билан Снелман ўзига кўп одамларни эргаштира олган.

Финландияни оёққа турғизган Снелманлар

Китобда Снелман маърифат тарқатишда жонбозлик кўрсатгани кўп бор тилга олинади. Унинг қишда чана миниб, баҳор ва ёзда Финландиянинг бир бурчагидан бошқа бурчагига қайиқда, баъзан пиёда юриб, одамларга тўғри йўлни, маърифатни кўрсатишга урингани айтилади. У ўрмонлар ва тошли маконларга бориб, одамлар билан суҳбатлашиб, уларга китоблар тарқатган, улар билан доимий мактублар алмашиб турган, янгиликлардан хабардор қилган. 

У ўқитувчиларга қарата шундай нутқ қилади:

“Бу уруш бошида эҳтимол бизни қадрламайдилар ёки мақтамайдилар. Биз фидокорлик қиламиз, ҳатто қурбонлар ҳам берамиз… Улар сизга берадиган маълумотлар ва илмга бўлган муҳаббатни мактабларингиздаги ўқувчиларингизга етказинг”.

Снелман шундай маърузаларни руҳонийлар олдида, казармаларда ҳам ўқиган. У армиялар аҳволини тубдан ўзгартиради. Армияларни қўпол-қўрс, маданиятсиз одамлар қилиб чиқарадиган армияларни қайта ислоҳ қилади. Бу ерда ёшлар ҳарбий ҳаракатлардан ташқари, билим олиш, ўқиш, маданият ўрганиш имконига эга бўладилар. Бир сўз билан айтганда у ишчилар, деҳқонлар ва шаҳар аҳолисининг ҳар томонлама зиёли бўлишини ҳаётининг асосий мақсадига айлантирган Финландияда таълим сафарбарлигининг бошида турган инсон бўлган.

Снелман вафотидан кейин ҳам издошлари унинг маърузаларини, нутқларини кўпчиликка ёйдилар. Мамлакатда аста-секин снелманлар кўпайиб, бугун дунё халқларига намуна бўлаётган Финландия пайдо бўлади.

Асардан иқтибослар 

– Мамлакат ҳар жиҳатдан камбағал бўлса-да, ўз ерига бўлган садоқати ва севгиси жиҳатидан жуда бой.

– … Шуни унутмангки, бу одамлар қўпол жоҳил ва ичкиликка қарам бўлса, касаллик ва қашшоқлик кўпайса, буларнинг барчаси, сиз зиёлиларнинг айбингиз.

– Болаларнинг тарбиясизлиги нафақат оила, балки жамият ва давлатнинг муаммосидир. Истаганингизча мукаммал қонунлар яратинг, адолатли сайловлар қилинг, сиёсий мафкураларнинг мўъжизавий кучларига ишонинг, фарзандларингиз тўғри тарбия кўрмаса, бизнинг ижтимоий ҳаётимиз аянчли бўлиб қолаверади.

 – Финландияга ҳар сафар борганимда, шимолликларнинг бошқаларга совуқдек туюлган, аммо ўта меҳнатсевар халқини кўпроқ қадрлай бошладим.

– Халқимизнинг катта қисми ибтидоий, жоҳил ва ўқимаган бўлиб қолишига ҳеч нарса қилмай қараб туриш ахлоқсизлик ва жоҳилликдир. Билимли ва маърифатли одамнинг бу ҳолатларга бефарқлиги – қотилликдан фарқ қилмайди.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист 

Top