Жаҳон | 10:10 / 20.04.2024
5673
2 дақиқада ўқилади

Финландия Россиядан келган муҳожирлар масаласида ЕИдан ёрдам сўради

Бош вазир Орпонинг айтишича, Ҳелсинки Брюсселдан Россия Федерациясидан келаётган муҳожирлар оқимига қарши чоралар кўришини кутмоқда. Еврокомиссия раҳбарининг сўзларига кўра, Россия гибрид ҳужумлари бутун ЕИ хавфсизлигига таъсир қилади.

Фото: Antti Aimo-Koivisto/AFP

Финландия Евроиттифоққа Россия-Финляндия чегараси орқали Европа Иттифоқига кирмоқчи бўлган муҳожирларни қайтаришда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Финландия бош вазири Петтери Орпо 19 апрел, жума куни Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен билан чегарадаги Лаппеэнрантага ташриф буюрганидан сўнг: «Биз ўз қонунчилигимизни тайёрлаяпмиз, лекин бизга Европа Иттифоқидан ҳам чора керак», деди.

Фон дер Ляйен Еврокомиссия Ҳелсинкини қўллаб-қувватлаши ва муҳожирлар келган мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишига ишонтирди. «Биз бир давлат камбағал одамлардан бошқа давлатга босим ўтказиш учун фойдаланаётганини кўрмоқдамиз, шунинг учун бу аниқ хавфсизлик муаммоси», деди фон дер Ляйен Россиянинг ҳаракатлари ҳақида. 

«Россиянинг гибрид ҳужумлари нафақат Финландия хавфсизлигига тааллуқлидир, - деб ёзади Европа комиссияси раҳбари X ижтимоий тармоғида, - гап бутун Европа Иттифоқининг хавфсизлиги ҳақида боряпти».

Финландия ўтган йили Сурия ва Сомали каби давлатлардан муҳожирлар оқимидан сўнг Россия билан чегарасини ёпган эди. Финландия Россияни миграциядан мамлакат ва ЕИга қарши қурол сифатида фойдаланаётганликда айблади. Кремл бу айбловларни рад этди. Ҳозир Финландия чегарачиларга Россиядан келган бошпана изловчиларни қайтаришга рухсат берувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Аввалроқ, Полша ва Литва Беларус билан чегараси орқали ҳам худди шундай муаммо - қочқинларнинг кучли оқимига дуч келганди.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид