Янги Тошкентни қуриш бўйича дирекция тузилди
Шавкат Мирзиёев 18 март куни Янги Тошкент шаҳри қурилишига тамал тоши қўйганди. Бугун янги шаҳар лойиҳасининг концепцияси президентга тақдим этилди. Янги Тошкентни лойиҳалаштириш ва барча ишларни мувофиқлаштириш учун дирекция тузилган. Дирекция раҳбари этиб ким тайинлангани ҳозирча маълум эмас. Президент матбуот хизмати эълон қилган суратлардан тақдимотда кимлар қатнашгани кўринмайди.
Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси концепцияси ва пойтахтдаги бунёдкорлик ишларига оид тақдимот билан танишди.
Давлат раҳбари 18 март куни Янги Тошкент шаҳри лойиҳасига тамал тоши қўйган эди. Бугунги тақдимотда унинг биринчи босқичи доирасидаги масалалар кўриб чиқилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бу босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, давлат идоралари учун маъмурий бинолар, боғлар, ижтимоий ва иқтисодий объектлар барпо этилиши режалаштирилган. Буларни лойиҳалаштириш ва барча ишларни мувофиқлаштириш учун дирекция тузилди. Хорижий мегаполислардаги урбанизация ва қурилиш тажрибаси ўрганилди.
Шунга мувофиқ, Янги Тошкентни администрация, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият каби 5 та негиз асосида қуриш мўлжалланмоқда. Буларнинг ҳар бири тизимдаги бўғинлар ва қуйи ташкилотларни ўз ичига олади.
Тақдимотда бунёдкорлик жараёнининг “йўл харитаси” бўйича ҳам ахборот берилди. Улкан лойиҳани амалга ошириш аввало инфратузилма яратишдан бошланади. Таъкидланишича, бунда замонавий урбанизация ёндашувлари, “ақлли” технологиялар қўлланади. Масалан, “уч генерация” станцияси қурилиб, ҳам электр ишлаб чиқарилади, ҳам бинолар қишда иситилиб, ёзда совитилади. Барча электр, алоқа тармоқлари, газ ва сув қувурлари ер тагидан ўтказилади.
Маълум қилинишича, шаҳарда инфратузилма, турмуш ва экология мутаносиб бўлади. “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси шу ердан бошланади. Пиёдалар ва велосипедчиларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилади. Шу мақсадда автомобиллар учун ерости тураргоҳлари, 14 та замонавий тунел, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари устида 7 та кўприк бунёд этилади.
Шавкат Мирзиёев бўлажак шаҳарда “инсон қадри” тамойилини қарор топтириш, турли ёшдаги одамларнинг эҳтиёжларини инобатга олиб, барча қулайликларни яратиш зарурлигини таъкидлади. Иншоотларни эксплуатация ва транспортлар учун қулай жойлаштириш, яшил ҳудудлар кўп бўлишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини айтди.
Тақдимотдаги яна бир лойиҳа Тошкент ерусти метросининг остида савдо ва хизмат шохобчаларини жойлаштириш ҳақида бўлди. Жумладан, мазкур транспорт иншоотининг Яшнобод туманидаги қисмида 4 километр бўш жой бор. У ерда яшил ҳудудлар, автотураргоҳ, воркаут майдончалари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиш мумкин. Бу борада Берлин шаҳри тажрибаси ўрганилган.
Ушбу ҳудудларни лотларга ажратган ҳолда ижарага бериш, хавфсизликни таъминлаб, аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди, дейилади расмий релизда.
Мавзуга оид
18:09 / 25.10.2024
Янги Тошкент шаҳри учун Тошкент вилоятидан қўшимча ер ажратилди
20:22 / 12.10.2024
Янги Тошкент 2 миллион аҳолига мўлжалланяпти
20:45 / 09.10.2024
Тошкент шаҳри Бош режага кўра 3 та зонага ажратилади
13:14 / 12.09.2024