12 ёшли Ҳайитали: “Тико”дан 2,5 тонна юк кўтарадиган самосвал ясадим”
Андижоннинг Пахтаобод туманида ҳаваскор механик “Тико” автомобилини 2,5 тонна юк ташиб ағдарувчи самосвалга айлантирди. Қизиғи, бу ихтиро муаллифи – 12 яшар Ҳайитали Орифжонов.
Ҳайитали Орифжонов Пахтаобод туманининг Қумшайдон маҳалласида яшайди. 69-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг 6-синфида ўқийди.
Тўғриси, аввалига Ҳайиталининг мана шу ёшда енгил автомобил ва мотоцикл деталларидан юк машинаси яратгани аниқ ишонмадик. Лекин у билан суҳбат давомида фикримиз ўзгарди.
“Бу кичик юк машинасини дадам билан бирга ясадик. Ғоя меники. Дадам катта юк автомобиллари, автобуслар тузатади. “Мотор”, “ходовой” қиладиган уста. Болалагимдан темир-терсаклар ичида ўсдим. Мен мотоциклларга қизиқаман. Уйимизда “Мунис” юк ташийдиган мотоциклимиз бўлиб, у оғир юк кўтара олмай доим орқа кузов остидаги рамаси синиб қоларди. Дадамга “келинг дада, “Мунис”ни рамасини кучайтириб, “Тико” маторини ўрнатайлик. Юк ағдарадиган самосвал терайлик” дедим. Шу билан 6 ойда шуни ясадик.
Бу мени биринчи ишим эмас. Бундан олдин ногиронлар аравачаси ва “Матиз” ва мотоцикл деталларидан худди шунақа юк машинаси ясаганман. Бухорога 25 миллион сўмга сотиб юборганмиз.
Кимдир “мана шу машинани 12 ёшли бола ясаганига ишонмайман?”, дейиши мумкин. Хоҳласа келиб ишларимни кўриши мумкин”, – деди Ҳайитали Орифжонов.
Ҳайитали бизга машинаси қандай деталлардан ташкил топгани билан таништирди:
“Орқа кузов рамаси “Камаз” машинасиники, “Гидробачок” ва машинани гидравлика қисми “Мунис”дан олинган. Мотор, яъни двигатель “Тико”ники. Руль “Матиз”ники, ўриндиқлар эски автобусга тегишли. Олди кузов ҳам “Тико” автомобилидан олинган”.
Ҳайитали ўз машинасини “Тико-пекап” деб номлабди. Машинани бошқариш жуда қулай.
“Ўғлим мен автомобил устаси бўлганим учун темирларни ичида катта бўлди. Доим нимадир ихтиро қилишга қизиқади. Ишонсангиз ҳозир ўзи мотоцикл “мотор”ини тузатиб қайта йиға олади. Учта шунақа янгилик ясади. Ногиронлар аравачаси, велосипед ва “Матиз”дан юк ташийдиган машина. Учаласи ҳам ишлаяпти.
Биласиз қишлоқда юк машинасига иш кўп. Шунинг учун ўғлим мотоцикл ва “Тико” автомобили деталларидан юк ташиб, ўзи ағдарадиган машинага уринишни бошлагач, яқиндан ёрдам бердим. Ўхшади. 2,5 тонна юк кўтаряпди. Унда қурилиш материаллари – ғишт, гувала, қум, шағал, шифер ташиш жуда қулай”, дейди унинг дадаси Сойибжон Ҳасанов.
Шуни айтиб ўтиш керак Ҳайитали ва унинг акаси Абдулазиз “Ватанпарвар” ташкилотида спортнинг “картинг” тури билан ҳам шуғулланишади. Абдулазиз ёшлар ўртасида вилоят чемпиони.
Пахтаобод туман ҳокимлиги ёш қаҳрамонимизни беъэтибор қолдирмади. Уни вояга етказган онасига қимматбаҳо совғани бизнинг иштирокимизда топширди.
Биз ихтирочи ва унинг дадаси билан янги самосвални иш устида синаб кўрдик. Янги “Тико-пекап” 2 тонна қумни юклаб, яхши тезликда бошқа жойга олиб бориб тўкди. Ҳеч қандай техник камчиликлар бўлмади. Машина синовдан зўр ўтди, ҳисоб.
Ёшлар ичидан мана шундай ихтирочилар етишиб чиқиши қувонарли ҳолат. Қанийди, юртда минглаб, ўн минглаб изланувчан, янгилик яратишга шижоатли Ҳайиталилар бўлса. Биз ёш механикка келгусида омадлар тилаб қоламиз.
Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси –
Азизбек Исмоилов
Мавзуга оид
10:56
2024 йил 11 ойда қанча енгил автомобил ишлаб чиқарилгани маълум қилинди
08:21 / 21.12.2024
Андижон вилояти ҳудудида ер силкиниши кузатилди
16:13 / 20.12.2024
Йигирмага яқин болани 1,5 минг км масофага ташиётган учта Damas ушланди
16:54 / 19.12.2024