Жамият | 17:42 / 12.10.2019
80185
18 дақиқада ўқилади

Пластик жарроҳлик клиникасидаги икки ўлим. Жарроҳ, марҳумнинг отаси ва бошқа томонларнинг изоҳлари

Август ойида Тошкентдаги «Mont Blanc» пластик жарроҳлик клиникасининг икки мижози 10 кун ичида кетма-кет вафот этганди. Икки аёл ҳам мазкур шифохонага бир хил муаммо – бурун тўсиғи қийшайишини тўғрилаш учун мурожаат қилганди.

Айни вақтда прокуратура ҳодисани ўрганяпти. Kun.uz эса воқеа атрофидаги кишилар билан суҳбатлашиб, улардан изоҳ олди.

Олдинга ўтиб айтиш ўринлики, мазкур ҳолат – ахборотни бир нечта манба орқали текшириш имкони бўлгани ҳолда уни эълон қилишда ягона шахсга таяниб қолиш – ОАВни туҳмат учун минбарга айлантириб қўйишини кўрсатувчи мисоллардан бири бўлиб чиқиши мумкин.

Қисқача баён

Шайхонтоҳур туманидаги «Mont Blanc» хусусий клиникасига август ойи ўрталарида бурун операцияси учун мурожаат қилган чимкентлик 43 ёшли Лилия Апостолова ва самарқандлик 20 ёшли Гулшан Шарифова тиббий амалиётлардан кейин вафот этган.

Дастлаб Апостолова ташқи бурун деформацияси ва бурун тўсиғи қийшайишини тўғрилаш учун операция қилинган. Бемор мустақил нафас олишга ўтказилгач, унга антибактериал даво мақсадида тиббий муолажалар кўрсатилган. Шундан сўнг аёлнинг аҳволи кескин оғирлашгач, 16-шифохона (РШТЁИМ)га олиб борилган. Марказ шифокорлари томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, бемор бир неча кундан сўнг шифохонанинг жонлантириш бўлимида жон берган.

Лилия Апостоловани операция қилган ЛОР жарроҳнинг Kun.uz’га айтишича, унинг ўлимидан сўнг «Mont Blanc» клиникаси янги мижозлар қабулини тўхтатган, лекин аввал консультациядан ўтган ва операция куни белгиланган беморларга хизмат кўрсатишда давом этган. Яъни Гулшан Шарифова бундан бир неча кун олдин консультацияга келган бўлган.

24 август куни жарроҳлик столига ётган Шарифованинг аҳволи наркоз таъсирида оғирлашган ва у зудлик билан Олмазор туманидаги «Akfa Medline» хусусий шифохонасига олиб келинган. Керакли тиббий муолажалар қилинганига қарамай, икки кундан кейин бемор ушбу шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

ОАВга ёйилган шахсий адоват

Воқеа ҳақида 30 сентябрь куни «Озодлик» радиоси Гулшан Шарифованинг отаси Умид Абдушукуров, иккала операцияга ҳам масъул бўлган жарроҳ Фахриддин Облоқулов ва ўзини клиниканинг собиқ бош шифокори деб таништирган Гулбаҳор Нуриддиновага таяниб хабар берди.

Унга кўра, Шарифованинг отаси қизининг жасадини экспертиза қилишларига кўнмаган ва шифокорларга эътирози йўқлиги ҳақидаги ҳужжатларга қўл қўйиб берган. Умид Абдушукуров Kun.uz билан суҳбатда шундай йўл тутганини тасдиқлади.

Аммо, «Озодлик» ўз хабарида шифохонанинг собиқ бош врачи Гулбаҳор Нуриддиновага асосланиб, вафот этган бемор ҳомиладор бўлгани, бундан унинг оила аъзолари бехабар қолгани, шифохона эса зарурий тиббий маълумоти йўқ врачларсиз ва зарурий тиббиёт ускуналарисиз пациентлар ҳаётини хавф остида қолдириб операциялар ўтказиб келаётгани ҳақида ҳам ёзади.

Айни пайтда, Kun.uz суҳбатлашган воқеадан хабардор кишилар Гулшан Шарифованинг фарзанд кутаётган бўлгани ҳақидаги маълумот ёлғонлигини таъкидлади. Хусусан, марҳуманинг отаси ҳам унга бундай гапни Гулбаҳор Нуриддинова айтганини билдирди. Нуриддинованинг ўзи эса бу маълумотни танишларидан эшитганини айтмоқда.

(Маълумот учун, 1999 йилда туғилган Гулшан Шарифова Тошкент Молия институтининг 2-босқичини тамомлаган. У оилали, бир ўғилнинг онаси эди).

Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, «Mont Blanc» клиникасига 2018 йилда лицензия берилган вақтда шифохонадаги тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар талабга жавоб берадиган ҳолатда бўлган. Клиника устидан вазирликка ҳозирга қадар бирорта шикоят тушмаган.

Тиббиёт фанлари номзоди Гулбаҳор Нуриддинова «собиқ иш жойи» билан ўртасида совуқчилик борлигини Kun.uz билан суҳбатда ҳам яшириб ўтирмади. Унинг «Mont Blanc»га нисбатан муносабати салбийлигини клиника директори қуйидагича изоҳлади.

Раҳбар изоҳи: «Собиқ ходимим бўҳтон тарқатяпти»

Жавлон Жавхаров, «Mont Blanc» клиникаси директори:

– Гулбаҳор Нуриддинова менинг қўл остимда 1 йил – 2016-2017 йилларда бош шифокор бўлиб ишлаган. У билан 2015 йили Дерматология институтида танишганмиз ва унинг бирга ҳамкорлик қилиш таклифи билан иш бошлаганмиз. 2016 йилда «Красота жизни» клиникасини ташкил этдим ва у ерга Гулбаҳор Нуриддиновани бош шифокор қилиб тайинладим.

Мазкур шифохонани бир йил юритгач, 2017 йили қайнонамга ҳадя қилдим ва бу клиника ишларига аралашмай қўйдим. Гулбаҳор Нуриддинова у ерда 2019 йилнинг май ойига қадар ишлади.

«Mont Blanc» клиникасини эса мен 2018 йил февраль ойида очганман. Яъни Нуриддинованинг бу клиникага ҳеч қандай алоқаси йўқ, у бу ерда бир кун ҳам ишламаган.

«Красота жизни»да ишлаган пайтида бошқа ходимлар билан чиқишолмай, ишга хоҳласа келиб, хоҳламаса келмасди. Уни бир неча мартақаттиқ огоҳлантирганмиз. Қайнонамнинг айтишича, у клиникага тегишли ҳужжатларни олиб, ҳеч кимга бирор гап айтмай, менежерга ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини бериб, қайтиб шифохонага келмай қўйган.

Ишдан кетгач, солиқ ва бошқа идораларга «Уч йил ичида ойлик олмадим», дея бизнинг устимиздан арз қилди. Лекин унинг бу мурожаати ўз исботини топмади. Бундан ташқари, прокуратура, ички ишлар, ижтимоий тармоқлар, «Озодлик» ва бошқа сайтларга ҳалигача биз ва иккала клиника ҳақида турли туҳматлар, бўҳтонлар тарқатиб юрибди.

Марҳума Гулшаннинг отаси Умид ака билан гаплашдик. Унга “марҳуманинг жасадини суд-тиббиёт экспертиза қилдириш зарурлигини айтганимизда, клиникага даъвойим йўқ, деган эдингиз. Қолаверса, Гулшан «Озодлик»да ҳомиладор эди, деб ёзилибди», дедик. У эса «Менга Гулбаҳор исмли аёл телефон қилиб, клиникада бош шифокор бўлиб ишлагани ва қизимнинг ҳомиладор бўлганлигини айтди», дея жавоб қайтарди.

Гулбаҳор Нуриддинова унинг миясини заҳарлабди. Ваҳоланки, у юқорида айтганимдек, «Mont Blanc»да сира ишламаган. Шундан кейин Умид ака «Akfa Medline» клиникасига бориб, шифокорлар билан суҳбатлашди. Улар Гулшаннинг қорнида ҳомиласи бўлмаганини таъкидлашди.

Аслида Гулшан бизнинг шифохонага бурнидаги нуқсонга шифо излаб келганди. Унга 24 август куни наркоз берилгач, ўзини бошқача ҳис қилди ва юраги қалтирай бошлади. Икки соатлар ўтиб, уни «Akfa MedLine»га олиб боришди. Гулшаннинг яқинлари кучли кардиолог мутахассисни олиб келишди. У эса қизда туғма юрак хасталиги борлигини билдирибди.

Бир ярим йил давомида шифохонамизда 50га яқин мижозларда бурун бўйича операция ўтказилган. Ҳамма нарса Худонинг хоҳишига кўра бўлади. Шифокор ҳеч қачон бировнинг ўлимига сабабчи бўлишни ният қилмайди.

Собиқ ходимим Гулбаҳор Нуриддинова нима мақсадда бизнинг устимиздан асоссиз гап-сўзларни тарқатаётганига очиғи тушунмаяпмиз. Унга ишлаган пайтларида ҳар жиҳатдан ёрдам қўлини чўзиб, бирга аҳил бўлишга интилганмиз. Клиникамизда фаолият юритиб, кам бўлгани йўқ. Бу аёл бир неча ойдан бери иккала клиникадаги жиҳозлар ва ходимлар юзасидан салбий фикрларни овоза қиляпти. Унинг ўзи бош шифокор бўлиб ишлаган даврда биз клиника фаолиятига унчалик аралашмаганмиз. Кўп нарса билан Гулбаҳор опанинг ўзи шуғулланган ва қайсидир маънода жавобгар бўлган.

Жарроҳ: «Ҳаммаси яратганнинг ҳукмига боғлиқ»

Лилия Апостоловани операция қилган, шунингдек Гулшан Шарифованинг операциясига ҳам масъул бўлган жарроҳ Фахриддин Облоқулов воқеага изоҳ берди.

Фахриддин Облоқулов, «Mont Blanc» клиникаси ЛОР жарроҳи:

– Соҳадаги фаолиятимга салкам 20 йил тўлди. Бу клиникада шу йилнинг февралидан бери ишлаб келяпман. Консультация бўйича кунига ўртача 10 нафар мижоз қабул қилардим. Мижозларим орасида операциядан сўнг оғир аҳволда қолган ёки вафот этгани умуман кузатилмаганди.

Қозоғистоннинг Чимкент вилоятида яшаган Лилия Апостолова билан ижтимоий тармоқ орқали танишганмиз. У инстаграмдаги саҳифамга мурожаат қилган. 14 август куни клиникага келган, эртасига ташқи бурун деформацияси ва бурун тўсиғи қийшайишини тўғрилаш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказиб, бурун тўсиғи қийшайишини тўғрилаганмиз.

Операция икки соат давом этган ва муваффақиятли кечган. Лилия наркоздан кейин ўзига келгач, бироз суҳбатлашганмиз. Ўзини яхши ҳис қилган, қўл телефонимга бурнининг операциядан кейинги кўринишини суратга олиб, кўрсатганман. Бироқ ҳеч қанча вақт ўтмай, мустақил нафас олиши кескин қисиб, оғирлашган ва ходимлар томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Аёлни чуқурлаштирилган текширишлар ўтказиш мақсадида 16-шифохона (РШТЁИМ)га олиб бордик. У ерда тўрт кун давомида марказ шифокорлари томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан бемор жонлантириш бўлимида вафот этди.

Суд тиббиёт экспертизаси ўтказилганда унинг ўлими «бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши натижасида юзага келган чап бош мия ярим шарлари асоси геморрогик инсулти»дан юз бергани аниқланди.

Шундан сўнг клиникага мижозлар қабул қилишни тўхтатдик. Лекин аввал консультациядан ўтган ва операция қилиш куни белгиланган мижозларга хизмат кўрсатавердик. Самарқандлик Гулшан Шарифова 14 августда консультацияга келганди. У бурун тўсиғи қийшайиши ва бурун чиғаноқлари сурункали шишиб кетиши оқибатида нафас олишга қийналаётгани, томоғи тез-тез оғришини таъкидлаганди.

24 август куни уни операция қилишга киришдик. Анестизиолог Ўлмас Холматов оғриқсизлантирувчи наркоз берганидан кейин юрак фаолиятининг уриши ўзгариб, қалтирай бошлади. Кейин операция қилмасликка қарор қилиб, жараённи тўхтатдик. Яъни уни ҳали операция қилмагандик.

Гулшаннинг онасини таклифи билан уни «Akfa MedLine» клиникасига тез ёрдам машинасида олиб кетишди. Бу шифохонада 3 кун ётгач, қазо қилди. Бу албатта, менга ҳам қаттиқ таъсир кўрсатди, тушкунликка тушдим. Ўша пайтда Гулшаннинг оила аъзолари ҳар икки клиникага ҳам, шифокорларга ҳам ҳеч қандай даъвоси йўқлигини ёзиб беришди. Суд-тиббий экспертизаси ўтказилишига ҳам қарши бўлишди.

Гулшаннинг ҳомиладор эканлигини «Озодлик»ка мен айтмаганман ва у ҳомиладор ҳам бўлмаган. Шифохона директорига нисбатан кимнингдир шахсий аъдовати борми, турли гап-сўзларни тарқатиб юрибди.

Мен Самарқанд давлат тиббиёт институтида ўқиб, ўз соҳам бўйича етарли билимни олганман. Йиллар давомида дунёнинг бир қанча давлатларида малака ошириб қайтганман. Тажрибам ҳам етарли. Мақтанишга йўйманг-у, қўшни мамлакатларда ҳам кўпчилик яхши билади ва мижозларим кўп. Ҳеч бир шифокор кимнингдир ҳаётига зомин бўлиш мақсадида ишламагани каби мен ҳам бундай ниятда нон топмайман. Ҳаммаси яратганнинг ҳукмига боғлиқ.

Ота: «Ҳеч қандай даъвойимиз йўқ, лекин...»

Гулшан Шарифованинг отаси Умид Абдушукуров воқеа ҳақида шундай ҳикоя қилади.

Умид Абдушукуров, марҳуманинг отаси:

– Гулшаной уч фарзандимнинг тўнғичи бўлиб, у Тошкент Молия институтида таҳсил оларди. Оилали, икки ёшли ўғилнинг онаси эди. Қизим табиатан чиройли ва ҳуснида камчилиги йўқ эди.

Бурнида ўсимта гўшти борлиги боис нафас олишга қийналарди, овқат таъмини сезмасди. Куз ойларида анча азобланиб, ўзи билан бирга ингалятор олиб юрарди. Шунга даво топиш ниятида «Mont Blanc» клиникасига мурожаат қилгандик.

24 август куни шифохонага келдик. Ўша куни соат 10:00лар чамаси қизимнинг аллергияси борлиги учун врачларга шошилмасликларини айтишимга қарамай, тезда бўладиган ва 20 дақиқада кечадиган операциялигини айтишиб, наркоз беришди. Уларнинг нотўғри наркоз бериши туфайли икки кундан кейин «Akfa MedLine»да вафот этди.

Ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам «Akfa MedLine» клиникаси ва «Mont Blanc» врачларига даъвойим йўқ. Лекин «Mont Blanc» шифохонасига қизимнинг вафотидан бир неча кун олдин келган қозоғистонлик яна бир аёлнинг ҳам дунёни тарк этганини эшитиб, бошқаларга бу икки ҳолат сабоқ бўлсин, деган ниятдаман. Агар бу ўлим ҳолатини олдинроқ билганимизда эди, Гулшанойни олиб келмаган бўлардик.

Операция учун олдиндан 8 миллион сўм тўлов қилдик. Пулимизни қайтариб беришди. Қизим соппа-соғ эди. Ҳеч қандай касалликдан шикоят қилмасди. «Озодлик»да ёзилганидек, ҳомиладор ҳам эмасди.

Фарзандимнинг жасадини суд-тиббий экспертиза қилишларига қарши чиққанимиз рост. Чунки буни кўпроқ рафиқам хоҳламаганди. Ҳозир ҳам унинг қабри қайта очилиб, мурдаси экспертиза бўлишини умуман истамаймиз.

Гулбаҳор Нуриддинова исмли шифокорни умуман танимасдим. Унинг ўзи менга қўнғироқ қилиб, қизим вафотидан олдин ҳомиладор бўлгани ва «Mont Blanc» шароитлари талабга жавоб бермаслигини айтди.

Шундан сўнг «Akfa MedLine» клиникасига бориб, у ердаги шифокорлардан бу гап қанчалик рост ёки ёлғонлигини сўрадим. Улар эса қизимга оид ҳужжатларни қайта назорат қилишиб, ҳомиладор бўлмаганини маълум қилишди.

Кейин Гулбаҳор Нуриддинова билан бир марта кўришдик, холос. «Озодлик» радиосига ким мурожаат қилганини билмайман. Менга «Озодлик»дан қўнғироқ қилишди ва ҳолат ҳақида сўрашди, саволларига жавоб қайтардим. Бор гап шу.

Клиникалардан ҳам, шифокорлардан ҳам даъвойим йўқ. Моддий, маънавий зарар ундириш ниятида ҳам эмасман. Бироқ «Mont Blanc» клиникасининг шифокорлари, уларнинг малакаси, техникалари мутасадди ташкилотлар томонидан назорат қилиниб, чуқурроқ текширилишини истайман. Эртага бизнинг бошимизга тушган ишлар бошқа мижозлар ҳаётида ҳам такрорланишини хоҳламасдим.

Нуриддинова: «Курашни фейсбукда давом эттирдим»

«Красота жизни» клиникасининг собиқ бош шифокори Гулбаҳор Нуриддинова «Mont Blanc» раҳбари билан ўрталарида шахсий келишмовчилик бўлганини сир тутгани йўқ, лекин «Озодлик» билан суҳбатда бўлганини рад қилди.

Гулбаҳор Нуриддинова, тиббиёт фанлари номзоди, дерматолог-косметолог:

– 1991-2015 йиллар давомида Дерматология институтида ишлаб, бу вақт оралиғида илмий иш ҳам қилдим. 2015 йили Нозима Мираюбовани (Жавлон Жавхаровнинг қайнонаси – таҳр.) бир семинарда учратиб қолдим. У хусусий клиника очиш ниятидалигини айтиб, мени бирга ишлашга таклиф этди. 2016 йили «Красота жизни» клиникаси очилишида менинг тиббиёт ҳужжатларим асос тарзда расмийлаштирилди ва ўз фаолиятини бошлади.

У ерда уч йил – жорий йилнинг май ойигача бош шифокор бўлиб ишладим. Бу клиникада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хусусий клиникалар ходимларига қўйган талабларини сира кўрмадим. Яъни бу ерда ўз соҳасидаги 5 йиллик тажриба ва тоифага эга мутахассислар икки-уч нафар, холос. Қолгани ундай эмас.

2018 йилнинг февралида Нозима Мираюбова куёви Жавлон Жавхаров билан «Mont Blanc» клиникасини ташкил этишди. Жавлон ўша пайтда бу шифохонанинг косметология бўлимини менинг номимга очганини айтди. Бундан ҳайрон бўлдим, рухсатимсиз бундай қилгани жаҳлимни чиқарди. Бир ярим йил уни сира кўрмадим ва телефон орқали боғланишнинг ҳам иложи бўлмади, мендан беркиниб юрди.

«Mont Blanc» клиникасининг очилиш маросимида бевосита қатнашгандим. Бу ерда ҳам техникалар талабга жавоб бермайди. Шу сингари муаммоларга қарши курашиб, турли нохушликларнинг олдини олиш мақсадида шу йилнинг июнь ойидан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ИИВ, прокуратура, президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим.

Бу ташкилотлар иккала клиника – «Красота жизни» ва «Mont Blanc»ларда текширув ўтказиб, уларнинг ходимлари ва техникаларини назоратдан ўтказишларини истагандим. Аммо улардан ижобий силжиш кузатилмади. Шундан сўнг фейсбукдаги шахсий саҳифамда бу клиникалар ҳақидаги ҳолатларга қарши курашаётганимни ёза бошладим. Балки шу блогларимни кимдир олиб, «Озодлик»ка юборгандир, деган фикрдаман.

Марҳума Гулшаннинг ҳомиладорлиги «Akfa MedLine» клиникасида ўтказилган текширув натижасида аниқланганди. Буни ўзим у ерга юборган одамлар айтиб келишганди. Гулшаннинг ота-онаси билан гаплашганимда, клиникага бориб, ҳомиладор бўлган ёки бўлмаганини аниқлаб олишларини таъкидлагандим. «Akfa MedLine»дагилар қандай жавоб берганини билмайман.

ССВ: «Клиника устидан шикоят тушмаган»

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармасининг Kun.uz'га маълум қилишича, «Mont Blanc» клиникаси раҳбарияти лицензия олиш учун 2018 йилнинг 24 февраль куни мурожаат қилган.

Лицензия бериш учун олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида Тошкент шаҳар ДСЭНМ бошқармаси ҳам, вазирлик экспертлари ҳам ижобий хулоса берган. Клиника хоналари, тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар ҳам талабга жавоб бериши аниқланган.

Мазкур клиникада кўрсатилган тиббий хизмат юзасидан шу вақтга қадар шикоят келиб тушмаган. Август ойидаги икки ҳолат бўйича эса тегишли органлар тергов-суриштирув ишларини олиб боряпти.

«Mont Blanc» МЧЖ раҳбари 2019 йилнинг 27 сентябрида Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиб, тиббий фаолиятга олинган лицензиянинг амал қилишини ўз хоҳиши билан тугатишни сўради. Шу асосда клиникага берилган лицензиянинг амал қилиши ССВнинг 4 октябрдаги қарори билан тугатилди.

Kun.uz қозоғистонлик марҳум Лилия Апостолованинг яқинлари билан ҳам боғланишга ҳаракат қилди, аммо бунинг иложи бўлмади.

Мавзуга оид