«Бу – эркинликни чеклаш». «Миллий тикланиш» ва «Адолат» партиялари тайёрлаган қонун лойиҳаси Ёшлар парламентида танқидга учради
Ёш парламентарийларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳаси эркин демократик жамиятда фуқароларнинг тинч намойиш ўтказиш, ҳукуматнинг қайсидир қарорларига қарши чиқиш, ўз муносабатини эркин билдириш имкониятларини йўққа чиқаради.
Бугун, 24 февраль куни Давлат бошқаруви академиясида Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламентининг 2020 йил якунига бағишланган ҳисобот йиғилиши ўтказилди.
Kun.uz мухбири хабарига кўра, йиғилиш давомида Ёшлар парламенти аъзолари «Миллий тикланиш» ва «Адолат» партиялари ишлаб чиққан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси бўйича танқидий муносабат билдирди.
«Бир қатор аъзоларимиз билан муҳокама қилдик. Бу қонун лойиҳаси эркин демократик жамиятда фуқароларнинг тинч намойиш ўтказиш, ҳукуматнинг қайсидир қарорларига қарши чиқиш, ўз муносабатини эркин билдириш имкониятларини йўққа чиқаради», деди аъзолардан бири.
Ёш парламентарийлар томонидан билдирилган бу фикрга Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам ўз муносабатини билдирди. Унга кўра, ҳали қонун лойиҳаси Сенатга қонун шаклида етиб келмаган. Аммо у етиб келган тақдирда ҳам сўз ва фикр эркинлигига қарши бўлиши мумкин эмас.
«Давлат раҳбари журналист, блогерларга ва умуман ҳеч кимга сўз-фикр эркинлиги учун тўсиқ қўймоқчи эмас. Бу ҳуқуқ ва эркинликларга президент доим хайрихоҳ. Журналист ва блогерларга ҳамма йўллар очиқ. Бу бўйича барча гап айтилган, ортга қайтилмайди.
Ҳа. Яна бир гап: президент бу гапларни ўзидан-ўзи ҳам айтмаяпти. У халқаро меъёрларни, эркинликларни бизга киритишга ҳаракат қиляпти. Шу гаплар айтилаётган пайтда қандай қилиб эркинликларни чекловчи қонунни қабул қилишимиз мумкин?
Бу ерда қандайдир тушунмовчиликлар бордир», деди Сенат раиси.
Маълумот учун, ушбу Қонун лойиҳасида ахборот соҳасидаги бир қатор ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилган.
Жумладан, Жиноят кодексининг 244-моддасида:
- ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаоллик билан бўйсунмасликка;
- оммавий тартибсизликка;
- фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга –
– оммавий даъват қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Бу жиноят учун жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга:
- фуқароларни қонунчилик талабларини бажармасликка ёки бузишга оммавий даъват қилганлик;
- фуқароларни қонунчилик талабларини бажармасликка ёки бузишга ОАВ, телекоммуникациялар тармоқлари, интернет, матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилганлик учун –
– БҲМнинг 60 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солишни назарда тутувчи норма (201-модда 1-қисм) киритилиши мумкин.
Мавзуга оид
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
19:55 / 06.08.2024
Ёш журналистлар жамият учун нега муҳим? Америкалик мактаб ўқувчисининг мулоҳазалари
20:01 / 26.06.2024