Жамият | 10:46 / 27.04.2026
7801
7 дақиқада ўқилади

«Бу ерда манаман деган эркак ҳам йиғлайди»: «закладка» ортидаги ҳаёт ҳақида ҳикоя

Ўзбекистонда психотроп моддалар савдоси тобора хавфли тус олмоқда. Қўлга тушаётганлар – асосан “курьер”лар, катта занжир эгалари эса сояда қолмоқда. Kun.uz 27 ёшли маҳкум Бекзод Керимов ва фарзанди бу иллатга чалинган ота ҳикояси орқали муаммонинг ичкарисига назар ташлайди.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ва Kun.uz тақдим этади. Қамоқ деворлари ортида синган тақдирлар, кечиккан пушаймон ва “осон пул”нинг асл баҳоси ҳақида ҳикоя.

Бекзод Керимов, 27 ёшда. Жазо муддатини ўтамоқда.

«2009 йилда адам худди шу жойда ўтиб қолди. Эсимда бор, уйга тобути ёпилган ҳолда келган эди. Балки психикам ўша пайтда бузилгандир, шундан кейин ёмон болалар билан кўчада юрганман, мактабгаям бормаганман деярли. Ўшанда, 10 ёшимда мана шу татуировкаларни чизганман.

Охири мана шу ер бўлди, шу ерга тушиб одам кўп нарсанинг қадрига етади. Биринчи навбатда ота-она, уйидагиларнинг қадрига етади. Кўчада юрганимизда шу нарсаларни тушунмасдик. Шу камерада 6 ой ўтирганман, тўрт деворда кун бўйи ўзингиз билан ўзингиз бўласиз. Осонмас…

Менда ҳамма нарсам – машинам, уйим ҳаммаси бор эди. Тўқчиликдан кирганман бу йўлга. 251-модда менга қўйилган санкция, кучли психотроп моддалар. Бу наркотикмас – психотроп».

Бекзод ўзининг 3 мингдан ортиқ обуначиси бор ёпиқ телеграм канали орқали психотроп моддалар савдоси билан шуғулланган. Унинг айтишича, бу каби каналлар ўнлаб бўлиб, ҳалигача фаол. Сўнгги 5 йилда мусодара қилинган синтетик наркотиклар ҳажми 80 бараварга ошгани қайд этилмоқда. Аммо бу – муаммонинг фақат кўринаётган қисми.

Фақат курьер, “пешка”лар тушади бу ерга”

“Мушукнинг овқати бор – вискас. Масалан бир тонна мушукнинг овқати кираётган бўлса, ичида 2-3 кг психотроп бўлади. Овқат битта қадоқда 950 грамм бўлади, порошок туради, кейин полиэтилен пакет, фалгага ўралади. Божхонада фалгада кўринмайди. Кейин атрофига мушукнинг овқати солинади. Бемалол ўтади божхонада. Олдин Қирғиздан кирарди, ҳозир энг асосий етказиб берувчи Хитойдан кириб келади.

2019 йилдан бунақа моддаларни сотиш расман тақиқланди. Кейин 2020 йилда биринчи бўлиб психотропларни олиб кирган телеграм канал жуда таниқли ва ҳалиям ишлаяпти. “Тоштурма”ни ўзида минимум 200-300 та одам ўтирибди ўша каналдан. Катта каналлар шунақа, фақат курьер, “пешка”лар тушади бу ерга. Катталар Россияда, Швейцарияда. Чунки киберхавфсизлик урмайди. Локация чиқмайди. Уларни қандай ушлайди – фақат камерадан, машинадан курьерларни қўлга олишади. Битта курьерни тутишади, камида 10 йил беришади. Лекин бир соатда каналга эълон берилади, курьер кераклиги ҳақида. Бўлди, 1 соат ўтиб бошқа одам канални ишлатади.

Кўчада юрганимда багаж тўла “нарсалар” билан юрардим. Қўрқмаганман, чунки пулим бор, истаган пайтда вазиятдан чиқиб кетаман деб ўйлардим. Йўқ, қанча пулингиз бўлсаям бир кун келаркан, барибир шу ерга тушасиз. Кунига 400-500 та таблетка кетарди. Кунига шунақа пул келади, ҳеч нарса қилмайсиз, кафеда ўтирасиз, тоғга чиқасиз. Шу ерга тушиб тушундим – бу ҳаром пул. Кунига 2 минг доллар қўлимда ушлаганман, кунига келарди. Шунақа кетарди, ўзим тушунмасдим қаерга кетганини. Ҳозир кўчада ойига бир миллион топишга розиман, чунки ҳалол пул бўлади. Шу нарсани тушундим. Бу жойларни душманимгаям раво кўрмайман.

Ота-оналарнинг қарғишидан қўрқаман, пул одамни жинни қилади. Ўша пайтда тушунмасдим, кўзларим ёпиқ эди. Мана шу ерга келиб, камерада ўтириб ўйлаб, тушуняпман. Балки менинг таблеткаларимни ичиб кимдир ўғрилик қилган, кимдир бировнинг қизига зўравонлик қилган. Ҳамма нарса бўлиши мумкин”.

Расмий маълумотларга кўра, ҳар йили дунёда тахминан 600 минг одам наркотик ва психотроп моддалар оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Энг хавфлиси – истеъмолчилар орасида вояга етмаганлар улуши ортиб бормоқда. Бу рақамлар ортида эса минглаб оилаларнинг парчаланган тақдири бор.

«На орзуси бор, на келажагини ўйлайди»

Фарзанди шу иллатга гирифтор бўлган ота ҳикояси:

“Бошида сезгандай бўлдим, лекин ўғлимга ишонганим учун аҳамият бермабман.

Орада ўқитувчилари кўп шикоят қиладиган бўлиб қолди. Ўтиб кетади деб ўйладим. Кейин аста-секин ўзгарганини ўзимам сездим. Жуда пассивлашиб қолди, доим жим юради, оилавий суҳбатлардан ўзини опқочади, бир гап сўрасам ерга қараб ҳа-йўқдан бошқа нарсани билмайди. Куни билан хонасидан чиқмайди. Кечга яқин палончи ўртоғимдан китоб олишим керак, пистончидан нарса олишим керак деса ишонибман. Мактабдан кўп дарс қолдирадиган бўлиб қолди, ухлаб қолибман дейди сўрасам. Бир куни хонасига тасодифан кирсам шу ўзим эшитган таблеткани кўрдим.

Бутун умрим кўз олдимдан ўтди. Битта болани 15 ёшга киргизиш осонмас. Шу болангиз кўз олдингизда ҳаёти тугаб ботқоққа ботиб бораётганини кўриш бу даҳшат. Душманимгаям раво кўрмайман буни. Ўртоғимники қолиб кетган деди. Ишонмадим, пойлаб кузатишни бошладим. Орқасидан борсам «дом»нинг подъездига бориб, ҳамма ёқни кўздан кечирди. Кейин ўша ердаги «огород»ни ковлашни бошлади. Онаси билан не умидда катта қилган боламиз ўзини билмаган ҳолда тупроқ кавлаётганини кўриш жуда оғир эди. Оёғидан ўт чақнайдиган боламнинг кўз олдимда сўлишига гувоҳ бўляпман. На бир орзуси бор, на келажагини ўйлайди.

Бу нарсанинг орқасидан нон ейдиганлар кўпайиб кетди. Шу нарсани олиб кираётганлар, тарқатаётганлар кимлигини халқ билсин. Ўғлимнинг айтишича, тарқатадиганларнинг кўпчилиги ёш йигитлар, орасида аёллар ҳам бор экан. Қорнига нарса боғлаб, коляскага қўғирчоқ қўйиб шаҳар айланиб тарқатиб юришаркан».

Бекзод ҳикояси: «Онамга нимадир бўлса мен ўзимни кечира олмайман»

«Мана шу ерга келиб тушундим кўп нарсани. Уйдан хат келганда, суд жараёнида уйдагиларимни кўрганимда ҳамма йиғлади, менам йиғладим. Бу ерда ҳар қандай эркак йиғлайди. Кўчада мен зўрман деганлар ҳам ўтириб йиғлайди бу ерда. Қанчасини кўрганман. Айнан шу жойда эркак киши чин дилдан йиғлайди. Бу ердалигида онаси вафот этганлар бор. Онамнинг ёши катта, қон босими касаллиги бор. Агар унга нимадир бўлса мен ўзимни кечира олмайман. У учун чидаяпман ҳаммасига. Ҳозир айтиб беряпман, баданимга чумоли ўрмалагандай бўлди. 2 йилдан бери қамоқдаман. Балки уйланардим, балки бола-чақам бўларди шу пайтгача…»

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид