Жамият | 14:23 / 27.08.2021
14641
2 дақиқада ўқилади

Маҳкумларнинг қариндошлари билан учрашувларига қўйилган тақиқ бекор қилинди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маҳкумлар ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг қариндошлари билан қисқа муддатли учрашувларига эпидемик вазият сабаб қўйилган чекловлар бекор қилингани ҳақида хабар берди.

«Коронавирус инфекцияси янада кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссиясининг жорий йил июль ойидаги қарори билан жазони ижро этиш колонияларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳамда тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларга қариндошлари билан узоқ муддатли учрашув берилиши вақтинча тўхтатилган эди.

Кейинчалик мамлакатдаги эпидемик вазиятни ҳисобга олиб, улар ўртасида коронавирус тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида қисқа муддатли учрашув берилишини вақтинча тўхтатиш тўғрисидаги таклифлар ҳам маъқулланганди.

Cўнгги кунларда мамлакатимиздаги эпидемик ҳолат барқарорлашаётганини инобатга олиб, Республика махсус комиссияси томонидан жазони ижро этиш колонияларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳамда тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар билан қисқа муддатли учрашувга қўйилган вақтинчалик тақиқлар бекор қилинди», дейилади хабарда.

ИИВ Жазони ижро этиш департаменти шу йилнинг 6 июлидан жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан узоқ ва қисқа муддатли учрашувлари вақтинча тўхтатилгани ҳақида маълум қилганди.

Мавзуга оид