18:55 / 07.04.2020
65891

Коронавирусга тест қандай топширилади?

Коронавирусни аниқловчи тест синовлари олиниш жараёни билан танишиш мақсадида, Kun.uz мухбири Андижон вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик марказида бўлди.

Марказга борганимизда, ҳудуддаги ҳарбий қисм ходимлари ҳам тест топширгани келишган экан. Махсус ажратилган жойда уч нафар СЭОМ ходими навбат билан келганларни қабул қилиб, таҳлил учун текшира бошлади.

Коронавирусга тест топшириш жараёни қуйидагича амалга оширилар экан: Уч ходимдан бири тест топширувчининг бурун ҳалқумидан суртма олади. Иккинчиси суртмани пробиркага солиб, махсус идишга жойлайди ва учинчи ходим тест топширувчи ҳақидаги шахсий маълумотларни ёзиб олади.

Тест топшириш жараёни икки-уч дақиқа давом этади.

«Ҳозир захирамизда Хитойда ишлаб чиқарилган 10 мингта тест синамаси бор. Бир кунда 400га яқин кишидан намуналар оляпмиз.

Бактериологлар ва вирусологлардан иборат бригадаларимиз сутканинг 24 соати давомида иш олиб боришяпти», – дейди Андижон вилоят санитария-эпидемилогик маркази раҳбари Акромжон Икромов.

Унинг сўзларига кўра, тест жавоби 6 соатда маълум бўлади.

Бизга маълум қилишларича, ўзида коронавирус аломатларини сезган фуқаролар тест учун бепул намуна топширишлари мумкин.

Вилоят штабидан олинган маълумотга кўра, 7 апрель соат 15:00 ҳолатига Андижон вилоятида коронавирус инфекцияси билан зарарланганлар сони 61 нафарни ташкил этмоқда. Улар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

Kun.uz мухбирлари:
Элмурод Эрматов, Сарварбек Назаров.

 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top