Жамият | 16:28 / 08.11.2020
79047
21 дақиқада ўқилади

Германияда яшаш афзалликлари, иш унумдорлиги ва немисча тарбия — Берлиндаги ўзбек аёли ҳикояси

Kun.uz мухбири «Uzbek.Life» лойиҳаси доирасида 5 йилдан буён оиласи билан Берлинда яшаётган Шоҳида Холиқова билан суҳбатда бўлди. Ҳамюртимиз Германиядаги ҳаёт, немис халқининг ўзига хосликлари ҳақидаги фикр ва хулосалари билан ўртоқлашди.

Шоҳида Холиқова Наманган вилоятида туғилган. Тошкент давлат Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Магистратура босқичида эса дастлаб Анқарадаги Яқин Шарқ техника университети (МЭТУ)нинг ижтимоий фанлар йўналишида ўқиб, кўп ўтмай Германияда DAAD стипендиясини қўлга киритган ва магистратурани Берлиндаги Ҳумбольдт университетида тугатган.

У ҳозирда Ҳумбольдт университетининг тадқиқот тренинги (Research Training) дастури доирасида PhD илмий ишини якунлаш арафасида.

2015 йилдан буён Берлинда яшаётган ҳамюртимиз – оилали, икки фарзанднинг онаси. Шоҳида айни пайтда онлайн маълумотлар юристи сифатида, Microsoft'нинг Bing қидирув тизимидаги маълумотлар тартибини назорат қилиш билан шуғулланади.

Болаликдаги орзу

– Германияда таълим олишни мактабнинг 5-синфида ўқиётганимдан бери орзу қилганман. Ёшлигимда бувим (онамнинг онаси) билан бирга яшаганман. Уларнинг оёқлари оғриб, юра олмас эдилар. Бир куни телевизордан Германия тиббиёти ҳақида кўрсатув берилди ва бу давлатда тиббиётнинг барча йўналишлари ривожлангани ҳақида гапирилди.

Шу маълумотни эшитганимдан сўнг бувимдан: «Нега сиз Германияга бориб, оёқларингизни даволатмайсиз?» деб сўрадим. Балки буни ёш бўлганим ва ҳар куни кечаси уйқудан уйғониб, бувимнинг оёқларини уқалаш ёқмагани учун сўрагандирман. Бувим эса: «Болам, у ерга бориш учун отнинг калласидек пул ёки отнинг калласидек калла керак бўлади. Сен яхши ўқиб, олим бўлсанг, Германияга бориб ўқисанг, кейин мени ҳам ўзинг билан олиб борасан», дегандилар.

Албатта, мен у вақтларда «отнинг калласидек» калла ва пул нималигини тушунмаганман, лекин асосийси яхши ўқиш кераклигини англаганман. Ана шу суҳбатдан сўнг яхши ўқийман ва Германияга бораман, дея қарор қилганман.

Менинг бу режамдан мактабдаги синфдошларимнинг ҳам, мактабдан кейин лицейдаги ўртоқларим ва ҳатто университетда бирга таълим олган курсдошларимнинг ҳам хабари бор эди. Сабабини ҳаммаларига айтмаган бўлсам ҳам, ҳар доим Германияда магистратура босқичида ўқийман, дея режа қилишим ҳақида билишарди.

Айнан шу ёшликликдаги мақсадимни амалга оширган ҳолда Германияда магистратурада ўқиш учун келдим. Лекин афсуски, бувим бу кунларни кўра олмаганлар.

Германия ҳақидаги илк таассуротлар

– Илк келганимда жуда қаттиқ ҳаяжонда эдим. Чунки болалигимдан бери интилган орзуйимга етишгандим. Лекин бошқа томондан, жуда хавотирда эдим. Чунки бир ёшли фарзандимни Ўзбекистонда қолдириб, ёлғиз кетишга мажбур бўлганман. У вақтда оиламдагиларнинг Германияга бориш учун визаси йўқ эди. Шунинг учун дастлабки бир ойда нимани ҳис қилганимни тушунолмаганман.

Шунга қарамай, таассуротларим жуда яхши эди. Берлинга илк келганимда ўн кун мобайнида бизни ушбу шаҳар билан таништириб чиқишган. Берлиндаги барча машҳур музей, тарихий бинолар, Германия парламенти, Ташқи ишлар вазирлиги – барчасига саёҳат қилиб, улар ҳақида маълумот олганмиз.

Мен учун ҳамма нарса жуда қизиқ эди. Чунки шунча вақт боришни орзу қилган ва фақат китоб, расмлар ҳамда телевидение орқали маълумотга эга бўлган жойларимнинг кўпини ўз кўзим билан кўраётгандим.

Мени ҳайратга солган жиҳати – Ўзбекистонда эканлигимда немислар ҳақида кўп салбий гаплар ҳам эшитгандим. Яъни мени Германияга бориш фикридан қайтариш учун ҳам яқинларим «немислар бошқа халқларни ёқтиришмайди, улар ёнидаги дўстига ҳам ёрдам беришмайди, жуда совуқ халқ» деган асоссиз гапларни кўп эшитганман.

Бундай гаплар мени мазкур давлатга ўқиш учун бориш фикридан қайтаролмаган бўлса-да, хаёлимнинг бир учида «шу гаплар рост бўлса-я», деган фикр йўқ эмасди.

Лекин бу давлатда яшашни бошлаган илк кунимдан бу гаплар қанчалик юзаки экани, инсонлар билиб-билмай, яшаб кўрмай ёки тарихдаги бир-икки шахснинг хатоси туфайли шундай фикрга келганликларини англаб етдим. Чунки Германияга келган илк кунимдан бошлаб ва ҳатто ҳозирги кунгача айнан немис миллатига мансуб инсонлар менга ҳар доим қийин вазиятларда ёрдам қўлини чўзишган. Айнан шу сабабли деярли икки йил мобайнида Берлинда бошқа ўзбеклар борми, деган фикр билан уларни қидириш ҳақида ҳам ўйлаб кўрмаганман. Чунки қандайдир муаммоли ҳолат пайдо бўлса, барчаси бўйича немис ўртоқларим йўл-йўриқ кўрсатишган.

Берлинга келганимда дастлаб шаҳарнинг кўриниши менга унчалик ёқмаган. Биноларнинг кўпи эски, кўчалар тор, тирбандлик кўп, кўришга арзийдиган нарса йўқдек кўринган. Бунинг сабаби Германияга келишдан аввал Туркияда яшаганим бўлиши мумкин. Чунки Истанбул билан солиштирганда Берлин хаёлимда жуда кўримсиз шаҳарга айланиб қолган. Лекин вақт ўтиши билан шаҳарнинг янги қирраларини кашф этган сайин унга бўлган меҳрим орта бошлаган.

Германиядаги илк муаммолар...

– Бу ерга келганимда яшаш учун жой топиш энг долзарб масала эди. Берлин шаҳрида ижарага жой топиш доим мушкул юмуш ҳисобланган. Айниқса, янги келганлар ҳали қонун-қоида, тилни яхши билмаганлари учун бу жараён янада мураккаблашади.

Лекин менга немис миллатига мансуб дугоналарим ҳар қандай муаммони ҳал қилишда ёнимда туришган. Оилам ҳам Германияга келганидан кейин асосий қийинчиликлар бошланган. Чунки уларни яшаш жойига рўйхатга қўйиш, фарзандим учун боғчага бориш рухсатномасини олиш, суғурта билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш кабилар ҳақида ҳеч қандай фикрга эга эмасдик. Барча жараёнларни сўраб, ўқиб-ўрганиб, секин-аста йўлга қўйганмиз.

Бундан ташқари, Берлинда яшаётган бошқа ўзбеклар ҳақида умуман маълумотимиз йўқ эди. Агар уларни эртароқ топиб, яқиндан алоқа қилишни бошлаганимизда балки илк мослашиш жараёнлари осонроқ кечган бўларди. Ҳозир эса Берлин шаҳри ва умуман Германиядаги жуда кўплаб ўзбекларни таниймиз, улар билан доимий алоқадамиз.

Биргаликда байрамларни, йиғилишларни ташкиллаштирамиз. Фарзандларимиз ҳам бир-бирини таниб, улғайишмоқда. Шу сабабли туғилган кун, янги йил ва шу каби аҳамиятли кунларда атрофимиздаги ўзбек оилалар билан доимо биргамиз. Агар кимдадир бирор муаммо юзага келса ва тушунилмаган ҳолат кузатилса, бир-биримиздан сўраб, биргалашиб ҳал этишга ҳаракат қиламиз.

Ҳумбольдт – Германиядаги қадимий университетлардан бири

– Мен таҳсил олган ва ҳозирда таҳсил олаётган университет – Берлин Ҳумбольдт университети. Жаҳон бўйича ҳам, Германиянинг ўзида ҳам таълим бериш рейтинги ҳам юқори ўринларда турувчи университет ҳисобланади. У Германиядаги энг қадимги университетлардан бири ҳамдир, 1810 йилда очилган.

Ҳозирда тахминан 33 минг талабаси бор. Кўплаб Нобель мукофотлари лауреатларини етиштирган.

Мен шу университетнинг Ижтимоий фанлар бўлимида магистратурани тамомладим. «Мустақил Ўзбекистонда эркакларнинг анъанавий гендер ролининг давомийлиги» (Persistence of traditional gender roles of men in post-soviet Uzbekistan) мавзусида диплом ишини ҳимоя қилиб, магистрлик дипломига эга бўлдим.

Ҳозирда шу бўлимда тадқиқот тренинг дастурида докторлик даражасини олиш учун таълимни давом эттирмоқдаман. Энг сўнгги – диссертация ёзиш босқичида турибман. Бу галги илмий ишимнинг мавзуси – «Ажримнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари: ўзбек аёлларининг тажрибалари асосида илмий таҳлил» (The Socio-Economic Consequences of Divorce: a qualitative study on the experiences of Uzbek women) деб номланади. Тез орада ёзиб тугатиб, ҳимоя қилиш ниятидаман.

Ишлаш муҳити ўзгача

– Уч йилдан ортиқ Berlin School of Creative Lidership (Берлин Креатив лидерлик мактаби) номли хусусий университетда Data Manager (маълумотлар базаси менежери) бўлиб ишладим. Ишим университетдаги барча талабалар, собиқ талабалар, профессор-ўқитувчилар, яъни университетдаги барчанинг маълумотлар базасини бошқаришдан иборат эди. Албатта, барча иш махсус булут тизимлар (cloud system) орқали бажарилади.

Айнан шу жойда талабаларни ўқишга қабул қилиш, ҳужжатларини баҳолаш тизимлари, грант дастурлари ғолиблари қандай аниқланиши каби йўналишларда кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Бу университетда ишлаш мени ўқиган соҳамдан бироз бошқа соҳага олиб кирди. Чунки мен ишлаган лавозим жуда юксак даражада техник билимга эга бўлишни талаб этарди ва унга эришишда университет ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўллаб-қувватлади.

Натижада ҳозирда Salesforce CRM тизими бўйича администратор ҳисобланаман ва бошқа бир қатор маълумотларни бошқариш бўйича компьютер дастурларини мукаммал даражада ўргандим.

Айни кунда Lionbridge компаниясида онлайн маълумотлар юристи (Web Content Judge) сифатида ишлаб келяпман. Ишим Microsoft фирмасининг Bing маълумот қидириш тизимидаги маълумотлар тартибини назорат қилишдан иборат.

Германияда ишлаш муҳити Ўзбекистондаги муҳитдан жуда фарқли. Бу ерда ҳар бир фирма имкон борича ходимларини рағбатлантириб, уларга ҳар томонлама қулай иш шароитини яратиб беришга катта эътибор қаратади. Мисол учун, мен ишлаган университетда ходимлар учун аниқ бир иш графиги йўқ. Ҳар бир ходим ишга ўзи учун қулай вақтда келади, фақат кунлик белгиланган иш соатини ишлаб кетса бўлди. Туш пайтида келиб, ярим тунгача ишлайдими ёки эрталаб тонг отмай келиб ишлайдими, бу – ходимнинг қарори.

2017 йилда ҳам агар ходим уйдан ишлашни танласа, унга рухсат бериларди. Бироқ иш унумдорлиги албатта доимий назоратда. Бу каби мисоллар жуда кўп.

«Германиядан ўрнак оладиган жиҳатларимиз кўп»

– Германиядаги ҳаётнинг мен учун энг ёқадиган жиҳати – шароитлар, моддий ва маънавий нарсаларнинг бари – инсонларга қулай бўлиши учун яратилгани. Бу ҳолатни олий даражадаги қонунлардан тортиб, оддий жамоат транспорти тизимигача бўлган барча соҳаларда кўриш мумкин.

Биргина таълим тизимини оладиган бўлсак, барча давлат университетларида таълим олиш бепул. Ночор талабалар доимо турли стипендиялар билан таъминланади. Деярли ҳеч қайси йўналишда коррупцияга дуч келмайсиз (Балки бордир, лекин биз бунга дуч келмадик). Хусусий университетлар, мактаблар ва боғчалар фаолияти ҳам белгиланган қонунлар асосида назорат қилинади.

Хусусий таълим муассасасидаги нархлар асоссиз кўтарилмайди, барчасида нарх ставкаси деярли бир хил. Давлат боғчалари, мактаблари бепул. Фақат боғчада фарзандингизнинг овқатланиши учун ойига 23 евро тўлайсиз, холос. Мактабларда эса бу йилдан овқатлар ҳам бепул бериладиган бўлди. Ўқувчилар учун жамоат транспортида юриш бу йилдан бепул қилинди. Аввал ҳам қиммат эмасди.

Германияда 30 ёшгача мажбурий тиббий суғурта тизими амал қилади. Ундан кейин ҳам агар тиббий суғуртага эга бўлмасангиз, касалхонага бориб кўринолмайсиз. Лекин агар иш жойингиз аниқ ёки келадиган даромадингиз аниқ бўлмаса, давлат томонидан бепул суғуртага эга бўласиз. Яъни ҳеч ким суғуртасиз қолиб кетмайди. Шу сабабли деярли ҳамма тиббий хизматдан муаммосиз фойдалана олади.

Суғурта картаси орқали касалхоналарда бепул даволаниш мумкин. Ҳатто қиммат операцияларнинг ҳам асосий қисмини қоплайди ва жуда кам қисми даволанувчи зиммасига тушади.

13 ёшгача бўлган болалар учун доктор рецепти билан ёзилган дори-дармон дорихоналар томонидан бепул берилади. Худди шу каби болаларни операция қилиш ва ундан кейинги тикланиш учун ўтказиладиган муолажалар ҳам бепул. Агар фарзандингиз хасталиги туфайли ишга боролмай қолсангиз, суғурта сиз учун маошингизнинг маълум қисмини тўлаб беради.

Экология, атроф-муҳит масалаларига ҳам немислар жуда эътиборли. Айниқса, чиқиндиларни саралаш тизимига жуда эътибор беришади. Лекин Берлин шаҳри у даражада тоза эмас. Германиянинг бошқа шаҳарлари Берлинга қараганда анча озода. Ҳатто қишлоқлар ёки экин далаларининг ўртасидан ўтган кўчаларда ҳам ортиқча чанг ёки лой кўрмаслигингиз мумкин.

Берлиннинг озода шаҳар эмаслигига сабаб, балки, бу ерда хориждан келиб-кетувчилар оқимининг юқорилигидадир. Лекин умуман олганда, Германия бўйлаб барча ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг атроф-муҳит ифлосланишига сабабчи бўлмаслиги кераклиги доимий долзарб мавзу ҳисобланади. Буни автосаноатдан тортиб, озиқ-овқат саноатигача бўлган тармоқларда кўриш мумкин.

Германия шаҳарларидаги яшилликни сақлаб қолишга ва дарахтлар, ўрмонларни кўпайтиришга ҳаракат қилади. Берлиннинг марказий қисмларида йирик боғлар анчагина кўп. Олмахонларни шаҳарнинг ҳар ерида учратасиз. Айнан шунинг учун баъзида шовқинли шаҳарда яшаётганимизни ҳам унутиб қўйишимиз мумкин.

Болалар мустақил фикрлашга ўргатилади

– Германияда болалар 8 ҳафталигидан бошлаб боғчага қабул қилинади. Боғчадаги болаларни мослаштириш жараёни таҳсинга лойиқ. Бола боғчага секин-асталик билан ўргатилади.

Бунга камида 1 ой вақт кетади. Аввало, болалар отаси ёки онасидан айрилмаган ҳолда 10 дақиқа давомида боғчада қолишади. Бу муддат ҳар куни 5-10 дақиқадан узайтириб борилади. Агар бир ҳафтадан сўнг бола онасининг ёнида ўтирмай, болалар билан ўйнашни бошласа, кейинги босқичга ўтилади. Яъни онаси боласига ҳозир кетишини ва бир оздан кейин қайтиб келиб, уни олиб кетишини айтиб, хайрлашиб, ташқарига чиқиб, кутиб туриши керак бўлади.

Бу жараёнда бола йиғлаб жанжал қилмаслиги муҳим. Акс ҳолда яна онаси билан бирга бўлиш жараёни давом этади. Она ташқарида аввал ўн дақиқа кутиб, яна қайтиб келади ва келганида: «Мен сени олиб кетиш учун келдим», деб айтиши керак. Болалар тушунса ҳам, тушунмаса ҳам ҳар бир ҳаракат тушунтирилиши лозим.

Кейинги кунлар бу муддат оз-оздан узайтириб борилади. Токи бола камида 2 соат давомида ота-онасисиз боғчада ёлғиз қола оладиган бўлгунига қадар. Шундай йўл билан бола қўрқув ва хархашаларсиз боғчага борадиган бўлади.

Мактаб ёши Германияда 6 ёшдан бошланади. Бола мактабга бориш учун 3та мактабни танлайди. Улардан қайси бири уни қабул қилса, ўша мактабга бориб ўқийди ёки одатда бола яшаётган жойга энг яқин бўлганига бориб ўқийди.

Менинг қизим немис-рус мактабига боради. Дарслар соат 8:15дан 16:00гача давом этади. Ишлайдиган ота-оналарнинг болалари учун эрталаб соат 6:00дан ва кечки вақт 16:00дан кейин махсус назорат таълим мавжуд. Болалар шу вақтдан мактабга бориб ёки дарслардан кейин қолиб ўқитувчилар назорати остида турли фойдали машғулотлар билан шуғулланишади.

Мактабда бир маҳал тушлик берилади. Тушликда қандай овқат берилишини онлайн меню орқали ҳар бир ота-она ўз фарзанди учун олдиндан танлайди.

Германияда университетга қабул қилиниш учун 6-синфдан бошлаб йиғилган баллар мажмуйи ва сўнгги имтиҳон балли ҳисобга олинади.

Ўзбекистондаги мактаб ва боғчаларда ҳам Германиядаги таълим беришга бўлган ёндашувни татбиқ қилган бўлардим. Чунки бу ерда болаларни 1 ёш бўлмасидан мустақил фикрлашга, ҳар ишни мустақил бажаришга ўргатишади. Бир ёшли болага ўйинчоқларни ўйнаганидан кейин жойига қайтариб қўйишни, овқат еб бўлгач, идишларни жойига олиб боришни, уларни саралашни ўргатишади.

Биз 3 ёшгача ҳам фарзандимизга ўзимиз овқат едирсак, баъзи немис оилаларида 7 ойлигидан бошлаб «ўзи есин» деб овқатни боланинг олдига қўйишади.

Бола илк ёшидан танлов нима экани, қарор қабул қилишни тушунади. Агар ташқарига чиқиб ўйнашни истамаса, ташқарига олиб чиқилмайди. Хоҳловчиларгина олиб чиқилади. Худди шундай, агар бола туш пайти ухлашни истамаса, уларни ухлашга мажбур қилишмайди.

Бундай тарбия орқали ўз фикрига эга ва ўзи бажарган барча иш бўйича маъсулиятни тўлиқ бўйнига олган, асосийси, қўрқув ва тазйиқдан йироқ инсонларни тарбиялаш мақсад қилинган. Худди шу ёндашув мактаб, кейин эса олий ўқув юртларида ҳам давом этади.

«Немис тилини билган ўзбеклар учун Германияда яшаш қийин эмас»

– Менимча, оз бўлса-да, немис тилидан хабардор бўлган одамга Германияда яшаш қийинмас. Чунки бу ерда энг кам иш ҳақи тўланадиган иш билан ҳам бемалол, қийналмасдан яшаш мумкин.

Бошқа ривожланган давлатлар каби, бу ерда ҳам энг катта харажат – уй ижараси. Айниқса, Берлинда уй ижараси нархлари соат сайин ўсаётганди. Лекин ҳукуматнинг ўтган йили қабул қилган қарори уй ижараси учун исталган нархни белгилаш тизимини назоратга олди. Лекин шунда ҳам ишлаб топилган маошнинг энг катта қисми уй ижараси учун сарфланади.

Бир хонали уйлар ижараси ойига 600 евродан бошланади. Икки ёки уч хонали уйлар ижараси эса асосан 1000 евродан бошланади. Коммунал тўловлар одатда уй ижарасига қўшиб ҳисобланади. Интернет, электр энергияси ва табиий газ учун тўловлар эса алоҳида, улар ижара пулига киритилмайди.

Таълим олиш харажатларига келсак, агар давлат мактаби ёки университетларида ўқиётган бўлсангиз, бепул таълим берилади. Фақат университетларда ҳар семестрда 315 евро миқдоридаги тўлов мавжуд. Бу пул ҳам талабанинг ўзига бир семестр учун жамоат транспортида юриш учун чипта ҳолида қайтарилади. Худди шундай тартиб бошқа давлатдан келган талабалар учун ҳам амал қилади.

Германияга ўқиш, яшаш учун бормоқчи бўлган ватандошларга маслаҳатларингиз?

– Германия – ўқиш, яшаш ва ишлаш учун келиш мумкин бўлган Европадаги энг яхши давлатлардан биридир. Жуда самарали йўлга қўйилган ижтимоий ҳимоя тизими, мактаб таълимининг сифати, суғурта ва тиббий ёрдам олиш имкониятларининг қулайлиги ва соддалаштирилгани – буларнинг барчаси мазкур давлатда яшовчиларнинг ҳаётини қулайлаштирувчи омиллар ҳисобланади.

Буни айнан ўзимнинг Германиядаги 5 йиллик ҳаётимдан келиб чиқиб айтяпман. Оилавий яшаш учун ҳам барча имкониятлар бор. Германияга кириб келган барча болалар учун ҳам у давлатга кириб келган кундан бошлаб бола пули (Kindergeld) тўланади. Ҳозирги кунда бу сумма ҳар биринчи ва иккинчи фарзанд учун 204 евро, учинчи фарзанд учун эса 210 евро, тўртинчи фарзанддан бошлаб эса 235 еврони ташкил этади.

Мисол учун, агар 3 нафар фарзандли оила ўқиш ёки ишлаш учун Германияга келса, ҳар ой 3 нафар фарзандига улар 27 ёшга етгунига қадар давлат томонидан 618 евро тўланади. Бу маблағ билан болаларнинг харажатларини бемалол қоплаш мумкин.

Бу давлатда яхши яшаб, яхши ишлаш учун немис тилини билиш жуда муҳим. Инглиз тилида сўзлашувчилар ҳам жуда кўп. Лекин кўплаб давлат идоралари, шифохоналар, боғчалар, мактабларда ишловчилар аксарият ҳолда фақат немис тилини билишади.

Ундан ташқари, инглиз тилида иш топиш немис тилида иш топишга қараганда анча қийинроқ. Шу сабабли иш ёки ўқиш учун келмоқчи бўлганлар немис тилини ўрганиб келишса, мослашиш жараёни анча осон кечади.

«Хаёлимиз доим Ўзбекистонда...»

– Мусофирликда инсон, энг аввало, яқинлари, ота-онасининг қадрига етишни бошлайди. Ўзи туғилиб ўсган юртни қанчалик севишини тушуниб етади. Бу ерда яшаётган ўзбекларнинг деярли 90 фоизи бир куни юртимга қайтаман, деб яшашади. Шунча имконият, Ўзбекистондагига қараганда енгил ҳаётда яшаётган бўлиши, фарзандлари юқори сифатли таълим олаётганига қарамай, ўз юртимизга қайтамиз, дейишади.

Бу ерда бутунлай қолишни режалаштираётган ўзбекистонликни ҳали учратмадим. Бизда ҳам худди шундай.

Айниқса, Ўзбекистонга бориб қайтганимизга узоқроқ муддат бўлган бўлса, чироқсиз ўтган кунларни ҳам, лойга ботган кўчаларни ҳам, қотган нонларни ҳам соғинишни бошлаймиз. Инсон айнан мусофирликда ватан деган тушунча аслида нима эканини англаб етаркан.

Бошқа давлатда яшаймиз-у, лекин хаёлимиз доим Ўзбекистонда бўлади. Ўзбекистондаги янгиликларни ўқиймиз, у ерда бўлаётган ўзгаришларни кузатамиз ва ҳатто келажак учун бирор нимани режалаштирсак, уни Ўзбекистон билан боғлашга ҳаракат қиламиз.

Қисқача қилиб айтганда, бундай туйғу ҳар бир инсоннинг қалбида бор. Фақат инсон ватанидан узоқлашганида у ўзини очиқ намоён қиларкан.

Гулзода Иброҳимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид