Ўзбекистон | 11:01 / 18.04.2021
25671
3 дақиқада ўқилади

Бундан буён қоидабузарларга қатъий чоралар кўрилади – ИИВ карантин қоидаларига риоя қилмаслик оқибатларидан огоҳлантирди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мамлакатда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сонининг ошаётгани натижасида карантин қоидаларига риоя қилиниши устидан назорат кучайтирилиши ва қоидабузарлар қатъий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантириш билан чиқди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов карантин қоидаларига беписандлик кучайгани, натижада касалликка чалинаётганлар сони кундан кунга кўпайиши давом этаётганини қайд этган.

«Касалланиш ҳолатларининг ошиши, биринчи навбатда оддий эҳтиёт чораларига риоя этмаслик, яъни тиббий ниқобдан фойдаланмаслик, ижтимоий масофани сақламаслик оқибатида юз бермоқда. Шу муносабат билан республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, Республикамизда жорий йилнинг 18 апрел кунидан бошлаб карантин қоидалари кучайтирилади. Яъни, жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, қўлларни антисептиклар билан зарарсизлантириш тадбирларининг назорати кучайтирилади ва қоидабузарларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари кўрилади.

Жамоат транспортлари 50 фоиз сиғимида йўловчилар ташийди ва ушбу мақсадда транспорт воситалари сони оширилади.

Тўй ва бошқа маросимларда 100 кишидан ортиқ бўлмаслик белгиланади. Умумий овқатланиш шохобчаларида ўринлар 50 фоизгача чекланади.

Ифторлик маросимларини оила аъзолари даврасида ўтказиш тавсия қилинади.

Барча давлат органлари ва ташкилотлар йиғилиш ва мажлислар ўтказишни кескин қисқартиради ҳамда асосий ишга таъсир этмаган ҳолда меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб ташкил этиш чораларини кўради.

Анжуманлар ва бошқа тадбирлар имкониятга кўра, асосан онлайн режимда, масофавий тарзда ўтказилади.

Боғча ва мактабларда касалланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда уларнинг фаолияти тўхтатилади ҳамда 2 ҳафтага карантинга олиниб, онлайн дарсга ўтилади.

Уй шароитида даволанаётган беморларнинг хонадонларида карантин қоидаларига риоя қилиш устидан қатъий назорат ўрнатилади.

Ҳурматли фуқаролар, шу кунгача ички ишлар органлари ходимлари карантин қоидаларини бузган фуқароларга нисбатан асосан огоҳлантириш билан чекланаётган эдилар. Бундан буён қоидабузарларга қонуний ва қатъий чоралар кўрилади», – дейилади баёнотда.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда кунлик касалланиш ҳолатлари кундан кунга ошмоқда. 16 апрел куни йил бошидан буён илк марта бир кунда аниқланган касаллар сони 300дан ошди, 17 апрел куни яна 342 кишида касаллик аниқланган, икки бемор вафот этган. Айни вақтда шифохоналарда даволанаётган беморлар сони ўтган йилдан бери илк марта 2 мингга етди.

17 апрел куни бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида коронавирусга қарши кураш комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида 18 апрелдан бошлаб карантин қоидалари кучайтирилиши белгилангани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид