Ўзбекистон | 19:41 / 18.07.2022
35554
1 дақиқада ўқилади

Кадастри йўқ уйларга 3 карра миқдорда ер солиғи солиш вақтинча тўхтатиб турилади

Янги қонун қабул қилингунига қадар кадастри йўқ 2,6 млн уй-жой эгаларига уч карра оширилган солиқ қўллаш тўхтатиб турилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда айтилишича, 2 миллион 600 мингта аҳоли хонадонларининг кадастр ҳужжатлари йўқ.

Ушбу аҳоли томорқа учун кредит, субсидия ҳамда уй-жойини кенгайтиришга ипотекадан фойдалана олмаётгани ҳақида Халқ қабулхоналарига мурожаатлар тушмоқда. Устига устак, кадастри бўлмагани учун ер солиғи 3 карра миқдорда ҳисобланмоқда.

Шу боис махсус тузилган ишчи гуруҳи: 

  • 1 октябрга қадар маҳаллабай кадастр ҳужжати бўлмаган хонадонларнинг электрон рўйхатини шакллантиради;
  • уй-жойга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатларни тўплайди ва электрон базага киритади.

Мутасаддиларга республиканинг барча ҳудудларида кадастри йўқ хонадонлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамага киритиш вазифаси қўйилди.

Янги қонун қабул қилингунига қадар бу уй-жой эгаларига уч карра оширилган солиқ қўллаш тўхтатиб туришга қарор қилинди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид