Сентябрдан мактаблар очилиши бўйича онлайн сўров ўтказилди: натижалар 50/50
Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев мактабларда ўқув жараёнларини бошлаш муддати ва шаклини белгилаш учун жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида онлайн сўров ўтказмоқда. Унинг айтишича, бир кун ичида 24 773 киши сўровнома саволларига жавоб қайтарган.
Қайд этилишича, сўровда қатнашган ота-оналарнинг 50 фоизи мактаблар ўз фаолиятини сентябрь ойидан анъанавий шаклда тикланишига розилик билдирган, 50 фоиз респондент бунга қарши чиққан.
«Мактаблар қайси санадан ўз фаолиятини қайта тиклашини истайсиз?» деган саволга респондентларнинг 48,6 фоизи «пандемиядан кейин», 23,7 фоизи 7 сентябрдан, 18,6 фоизи 14 сентябрдан, 9,1 фоизи 2 октябрдан дея жавоб беришган.
Сўровномани тўлдирган ота-оналарнинг 51,2 фоизи пандемия тугамагунча фарзандини мактабга юбормаслигини билдирган, 48,8 фоизи эса бунга хайрихоҳлик билдирган.
Ниқоб тақиш ва антисептик воситалардан фойдаланиш масаласида аксарият ота-оналарнинг фикри бир жойдан чиққан. Сўровда қатнашганларнинг 93,6 фоизи фарзандининг мактабда ниқоб тақишига, 94,7 фоизи антисептик воситалардан фойдаланишига рози бўлган.
Қайд этилишича, онлайн сўровномани тўлдирганларнинг 20,4 фоизи Тошкент шаҳридан, 13,2 фоизи Тошкент вилоятидан, 9,2 фоизи Фарғона, 9 фоизи Қашқадарё, 6,5 фоиз Самарқанд, 6,3 фоизи Бухоро, 5,9 фоизи Наманган, 5,6 фоизи Хоразмда яшашини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Халқ таълими вазирлиги ҳам ота-оналар ўртасида шу мазмунда онлайн сўров ўтказмоқда.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактабларни очиш бўйича 3 хил сценарий мавжудлиги, уларнинг орасидан энг мақбули ота-оналарнинг фикрлари орқали танланишини маълум қилган.
«Ота-оналар ўз фикри ва уй шароитидан келиб чиқиб қарор қабул қилиши керак. Бунинг билан биз ҳар бир мактаб, ҳудуд аҳволини билиб оламиз», деб айтган Шерзод Шерматов.
ХТВ ота-оналарни ўқув йилини бошлашга оид онлайн сўровда фаол иштирок этишга чақирган. Сўровномага ушбу ҳавола орқали ўтиш мумкин.
Мавзуга оид
13:56
Ўзбекистонда ҳар етти ўқувчидан камида биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди, нега?
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
20:51 / 18.11.2024
“Қуроллар қанчалик замонавий бўлмасин, миллий ғурурсиз иш битмайди” — мактабларга ҳарбий дарслар нега керак?
16:44 / 11.11.2024