Ўзбекистон | 13:25 / 15.11.2025
2475
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари қўшма баёнот ҳамда қатор муҳим ҳужжатлар имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев самарали музокаралар якунида Қўшма баёнот ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор муҳим ҳужжатларни имзолади. Ташриф доирасида савдо, инвестиция, сув ресурслари, мудофаа, соғлиқни сақлаш, туризм, ёшлар сиёсати ва шаҳарлар ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштиришга қаратилган битим ва меморандумлар қабул қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Самарали музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Қўшма баёнотни имзолади.

Давлат раҳбарлари, шунингдек, Олий Давлатлараро кенгаш доирасида геология, нодир ер металларини қазиб олиш, трансчегаравий дарёлар оқимини прогноз қилиш бўйича икки томонлама ишчи гуруҳларни тузиш, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлари раҳбарларининг Кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилди.

Ташриф доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. Жумладан:

  • Трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги битим;
  • Божхона хизмати ваколатхоналарини очиш тўғрисидаги битим;
  • Чегараолди ҳудудларда ерусти радио хизматлари томонидан фуқаролик мақсадларида фойдаланиладиган радиочастоталарни ўзлаштиришни мувофиқлаштириш тўғрисидаги битим;
  • Қўшма ҳарбий ўқувларни ўтказиш тўғрисидаги битим;
  • Қўшма инвестиция платформасини яратиш тўғрисидаги ҳадли битим;
  • 2026–2027 йилларга мўлжалланган туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма ҳаракатлар режаси;
  • Адлия вазирликлари ўртасида 2025–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
  • Тоғ-кон саноатида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум;
  • Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ва “Ассамблея жастары” жамоат бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандуми;
  • Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
  • Тиббий суғурта жамғармалари ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
  • Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Остона шаҳар ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик битими;
  • “Ўзбекнефтгаз” ва “Казмунайгаз” акциядорлик жамиятлари ўртасида ҳамкорлик битими.

Имзоланган ҳужжатлар савдо, инвестиция, сув-энергетика, мудофаа, соғлиқни сақлаш, туризм, ёшлар сиёсати ва шаҳарлар ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши қайд этилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид