Ўзбекистон | 09:40
2248
1 дақиқада ўқилади

Россия ва Қозоғистондан Ўзбекистонга кўчиб келиш кўпаймоқда

2025 йил давомида Ўзбекистонга доимий яшаш мақсадида кўчиб келганлар орасида Россия ва Қозоғистондан келганлар асосий улушни ташкил этди.

Фото: iStock

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йилда хорижий давлатлардан жами 1 159 нафар шахс Ўзбекистонга доимий яшаш учун кўчиб келган.

Кўчиб келганларнинг асосий қисми Россия ҳиссасига тўғри келиб, умумий кўрсаткичнинг 39,9 фоизини ташкил этган. Қозоғистондан келганлар улуши 20,3 фоизни, Тожикистондан — 10,3 фоизни ташкил қилган. Шунингдек, Қирғизистондан 4,3 фоиз, Туркманистондан 3,1 фоиз кўчиб келганлар қайд этилган. Қолган 22,1 фоиз эса бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

Ҳудудлар кесимида эса доимий яшаш учун кўчиб келганларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳрига — 698 нафар тўғри келган. Шунингдек, Тошкент вилоятига 275 нафар ва Қорақалпоғистон Республикасига 101 нафар киши кўчиб келган.

Қолган ҳудудларда кўрсаткичлар анча паст бўлиб, Сирдарё вилоятига 24 нафар, Фарғона вилоятига 14 нафар, Жиззах ва Навоий вилоятларига 12 нафардан, Бухоро вилоятига 11 нафар, Хоразм вилоятига 7 нафар, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларига 2 нафардан, Наманган вилоятига эса 1 нафар кўчиб келган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид