Жамият | 19:40 / 05.11.2019
5808
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда IT йўналишида масофавий университет ташкил этилиши мумкин

Ўзбекистонда АКТ йўналишида масофавий университет ташкил этилиши мумкин. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги айни пайтда Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда Вазирлар Маҳкамасига шу ҳақда таклиф тайёрламоқда. Бу ҳақда АКТ вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошев маълум қилди.

«АКТ соҳасида таълимни ривожлантириш йўналишида ҳам ҳозирги кунда таклиф ишлаб чиқяпмиз. Ҳар бир соҳага ахборот-коммуникация технологияларининг кириб бориши билан IT йўналишидаги мутахассисларга талаб ошиб бораётгани муносабати билан Олий таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Оn-line, яъни масофавий университет ташкил этиш борасида ҳозирги кунда Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган таклифларни ишлаб чиқяпмиз», дея Қаҳрамон Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, ахборот-коммуникация технологиялар соҳасидаги етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини татбиқ этиш, профессор-ўқитувчиларини жалб қилиш ҳамда талабалар алмашинувини жадаллаштириш устида ҳам иш олиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) томонидан кўпгина давлатлар билан университетлараро битим имзоланмоқда.

«Йил якунида Японияга ташриф кўзда тутиляпти. Ташриф доирасида ҳам ТАТУ билан Япониядаги профиль университетлар ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатиш бўйича музокара олиб борилмоқда», дейди вазир ўринбосари.

Мавзуга оид