Ўзбекистон | 20:20 / 05.11.2019
4906
2 дақиқада ўқилади

2019 йилда 7,5 млн долларлик дастурий маҳсулот экспорт қилинди – вазир ўринбосари

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

2019 йилнинг 9 ойида 7,5 млн долларлик дастурий маҳсулот экспорт қилинган. АКТ вазири ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошевнинг сўзларига кўра, йил охиригача бу кўрсаткич 10 млн долларга етказилади.

«Дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини йил якунигача 10 млн долларга етказишни мақсад қилиб қўйганмиз ва ушбу йўналишда 100тадан кам бўлмаган янги корхоналарни ташкил этиш ва 500дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган», дея вазир ўринбосарининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, 2019 йилнинг 9 ойида дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчи корхоналар томонидан 546,6 млрд сўмлик компьютер дастурлаш хизматлари кўрсатилган ҳамда 7,5 млн долларлик экспорт амалга оширилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 январдаги қарори билан Ҳиндистоннинг дастурий технологиялар технопарки билан ҳамкорликда ташкил этилган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки ташкил 2019 йил 24 июлдан буён фаолият юритмоқда. Ҳинд илғор тажрибаси асосида ишлаётган ушбу технопаркда 300дан ортиқ резидент-корхона аъзо бўлган.

«Технопарк ҳозирги кундаги талабни қондиряпти, лекин тенденция шунақаки, резидент бўлишни хоҳловчи субъектлар сони ортиб бориши муносабати билан технопаркнинг ҳудудини кенгайтириш лойиҳаси концепциясини яқин бир ой ичида тасдиқлашни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Технопарк фаолиятини кенгайтириш, ахборот технологиялари соҳасида аутсорсинг хизматларини кўрсатишни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази ҳамда Технопарк фаолиятларини бирлаштириш масаласини муҳокама қилдик ва ҳозирги кунда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори лойиҳасини ишлаб чиқиб Вазирлар Маҳкамасига киритиш чоралари кўрилмоқда», дейди  Қаҳрамон Йўлдошев.

 

Мавзуга оид