Ўзбекистон | 12:01 / 27.09.2021
17017
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳафта охирида ҳаво ҳарорати янада пасайиши кутилмоқда

Бугун Ўзбекистон ҳудуди Қозоғистон орқали Волгабўйидан кириб келган антициклон таъсири остида бўлади. Барча ҳудудларда қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. 

Фото: KUN.UZ

“Ўзгидромет” хабарига кўра, республика шарқий ҳудудлари ва чекка шимолий ҳудудларида шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Ўтган дам олиш кунларига нисбатан ҳарорат 8-10 даражага пасаяди ва 23-28 даража иссиқ атрофида бўлади. Бундай ҳолат сентябр ойининг охирги кунлари учун бўлган меъёрий қийматларга яқиндир.

Кейинчалик, сентябр ойининг охиригача Ўзбекистонда кучсиз ва бироз шамоллар билан барқарор қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, текис ҳарорат фонида кечалари 10-15 даража илиқ, кундуз кунлари 23-28 даража иссиқ атрофида бўлади. Фақат Қорақалпоғистон бўйича 30 сентябрда Россиянинг Европа қисми марказий ҳудудлари устида шаклланган янги совуқ ҳаво кириб келади, об-ҳаво ўзгаради, ёмғир ёғади ва кундуз кунги ҳарорат 13-18 даража илиққача пасаяди.

Октябр ойининг биринчи кунларида совуқ ҳаво кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудига тарқалади. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийсида баъзи жойларда ёмғир ёғади, шамол кучаяди ва ҳарорат кечалари 7-12 даража илиққача, кундуз кунлари 15-20 даража илиққача пасаяди. Баланд тоғларда ёмғир қорга айланиши мумкин.

Мавзуга оид