Ўзбекистон | 18:00 / 12.11.2019
9079
2 дақиқада ўқилади

Тошкент марказидаги бирорта уй авария ҳолатида эмас – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

Бугун, 12 ноябрь куни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан «ОАВ, шунингдек, интернет тармоғида Республика бўйича инвентаризациядан ўтказилган кўп қаватли уйларнинг сейсмик ҳолатини аниқлаш, авария ҳолатидаги кўп қаватли уйларни капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш, «снос» масалаларига оид танқидий материалларга муносабат» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда маълум қилинишича, уй-жойларни бузиш тўғрисида хулосалар фақат инструментал текширувдан сўнг қабул қилиниши керак, шунинг учун минтақавий лойиҳалаш ташкилотлари томонидан республикадаги 57та уйни бузиш зарурлиги ҳақидаги маълумотлар ҳозирча асоссиздир.

Андижон, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида уйларнинг яроқлилигига доир ўрганиш ишлари якунига етказилган. Ушбу вилоятларда инструментал (батафсил) ўрганишлар натижалари бўйича берилган техник хулосаларга асосан, ўрганишлар ўтказилган жами 87та уйдан 68таси капитал таъмирлашга муҳтож, 4таси реконструкция қилиниши ва 15та кўп квартирали уйлар бўйича (Андижон – 3та, Сирдарё – 8та ва Самарқанд – 4та) эса капитал таъмирлаш ёки реконструкция қилиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вакили Алипаша Аҳмедовнинг алоҳида таъкидлаб ўтишича, Тошкент шаҳрининг марказ ҳудудларида авария аломатлари мавжуд бўлган уйлар аниқланмаган ва шу сабабли Тошкент марказий ҳудудларидаги бирорта уйда ҳам инструментал (батафсил) ўрганишлар кўзда тутилмаган. 

Мавзуга оид