Жаҳон | 11:13 / 10.02.2026
4938
3 дақиқада ўқилади

Фидан Туркия ядровий пойгага қўшилишини истисно қилмади

Агар Яқин Шарқ минтақасидаги бошқа давлатларда ядро қуроли пайдо бўлса, Туркия ҳам ядровий пойгага қўшилишга мажбур бўлади. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан CNN Turk эфирида айтиб ўтди.

«Бу масалани умумий стратегик вазият контекстида кўриб чиқиш керак. Очиғини айтганда, биз минтақада ҳозирги кучлар мувозанатини бузиши мумкин бўлган драматик ўзгаришларни кўришни истамаймиз.

Масалан, Эрон билан муаммоли масалаларга эга бўлган мамлакатлар ядро қуролини қўлга киритишга интилишни бошлайди. Туркия ҳам беихтиёр бу қуролланиш пойгасига қўшилишига тўғри келади», – деди у.

Шу билан бирга, у ядро қуролига эга бўлишнинг ўзига хос «рисклари борлиги»ни ҳам таъкидлаган.

Туркия ТИВ раҳбарининг бу баёноти Эрон ядровий дастури атрофидаги вазият туфайли минтақада сақланиб қолаётган кескинлик фонида янгради. Шунингдек, 2025 йил сентябр ойида Покистон ва Саудия Арабистони ўзаро ёрдам тўғрисидаги стратегик мудофаа шартномасини имзолади, унинг доирасида қиролликка Покистон ядровий қуролидан фойдаланиш имконияти берилиши мумкин.

Айни пайтда Россия, АҚШ, Хитой, Франция, Буюк Британия, Ҳиндистон, Покистон ва Исроил расман ядровий қуролига эга давлатлар ҳисобланади. Шунингдек, Шимолий Корея каби Эроннинг ҳам ўз ядро дастури мавжуд, мамлакат расмийлари атом энергетикаси илмий мақсадларда ўрганилишини айтиб келади. Бироқ, ғарб давлатлари 2000-йиллар бошидан бери Эрон ядро қуроли яратиш ниятида эканини гумон қилиб келади.

9 феврал куни Эрон вице-президенти, Ислом Республикаси атом энергияси ташкилоти раҳбари Муҳаммад Исломий агар Вашингтон Теҳрондан барча санкцияларни олиб ташлайдиган бўлса, Эрон ҳукумати 60 фоизлик уран захираларини бойитиш даражасини пасайтиришга тайёрлигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 5 феврал куни Россия ва АҚШ ўртасида Стратегик ҳужум қуроллари тўғрисидаги шартнома муддати тугади. Ядро қуролларини йўқ қилиш бўйича келишув Россия ва АҚШнинг ядровий арсеналларини чекловчи сўнгги келишув бўлиб қолмоқда, улар дунёдаги ядровий каллакларнинг тахминан 85 фоизини ташкил қилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид