Ўзбекистон | 13:41 / 31.03.2023
70319
3 дақиқада ўқилади

 248 кишига автомашина ваъда қилиб, уларни 12 млрд сўмга чув туширган фирибгарларга ҳукм чиқарилди

Фото: Видеодан кадр

Тошкентда 248 нафар фуқарога автомашина олиб беришни ваъда қилиб, 12 млрд сўм олган UzAvto Premium ва Аvto A’lo Group МТ компаниялари раҳбарларига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Сўнгги суд мажлиси панжара ортидаги айбланувчилар ва жабрланувчилар ўртасидаги жанжалга айланиб кетди.

Салкам бир йил давом этган суд жараёнида жабрланувчилар UzAvto Premium ва Аvto A’lo Group МТ компаниялари уларга қисқа муддатда Cobalt, Nexia-3, Gentra, Malibu ва Isuzu автомобилларини етказиб беришни ваъда қилишгани, бироқ орадан икки йил ўтса ҳамки, ваъдасини бажармаганини билдиришган.

Суд мажлисидан тайёрланган Sevimli телеканалининг Zamon дастури репортажида айбланувчилар ва жабрланувчиларнинг суд биносидаги учрашуви катта жанжалга айланиб кетганини кўриш мумкин.

Телерепортажда суд жараёнида фуқароларнинг алданишига сабабчи бўлган компаниялардан бирида менежер бўлиб ишлаган айбланувчилардан бири махсус сақланиш хонасининг панжараларига ўзини уриб, бақиргани, у ҳаттоки ўзини тинчлантирмоқчи бўлган ходимларга ҳам бўйсунмагани, бу вақтда бир қанча жабрланувчилар унга яқинлашишга уринишгани, аммо ҳуқуқ-тартибот ходимлари бунга имкон беришмагани кўринади.

“Машиналаримиз бор. Икки ҳафтада олиб чиқиб берамиз деб ваъда беришганди. Лекин ҳали ҳеч биримиз машина олганимиз йўқ”, дейди жабрланувчилардан бири.

Қайд этилишича, мижозлар пулни банк орқали компания ҳисобига ўтказишган. Судланувчилар пулларни компаниянинг корпоратив картаси орқали нақдлаштириб олишган. Аҳолидан кредит эвазига бериладиган автомобилларнинг бошланғич тўлови сифатида пулларни йиғиб олгач, компания вакиллари дом-дараксиз ғойиб бўлишади.

Суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “а,в” бандлари, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а,б” бандлари ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этган UzAvto Premium компаниясининг 29 ёшли раҳбари 9 йил 6 ойга, шунга ўхшаш моддалар бўйича айбланган 26 ёшли йигит 9 йилга қамалди.

Худди шу моддалар ҳамда 277-модда (Безорилик) 2-қисми «а,б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этган Avto A’lo Group компаниясининг 27 ёшдаги раҳбари 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

30 ёшли судланувчи аёл эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “в” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, суд айбланувчилардан 232 нафар жабрланувчига етказилган зарарни солидар тартибда ундириш ҳақида ҳам қарор чиқарди.

Суд залида томоша кўрсатган 5 нафар жабрланувчи ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатганликлари учун маъмурий жавобгарликка тортилди.

Мавзуга оид