Жамият | 09:00 / 03.04.2026
2902
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада оғуфурушларга нисбатан суд ҳукми ўқилди

Фарғона вилоятида йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят иши бўйича 5 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилиб, улар 12 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Фарғона вилоятида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.

Олинган маълумотларга кўра, муқаддам наркокурерлар томонидан катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари Афғонистондан контрабанда йўли билан Сурхондарё вилояти ҳудудига олиб ўтилиб, кейинчалик Ёзёвон туманидаги дала майдонига беркитиб кетилган.

Тезкор тадбир давомида Марғилон шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган хусусий тадбиркор ва унинг 1989 йилда туғилган жиноий шериги мазкур хуфия жойдан 9 кг 896 грамм “гашиш” моддасини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қўлга олиш жараёнида воқеа жойидан қочишга уринган тадбиркорнинг ёнидан 14,5 минг АҚШ доллари ва 6 млн 250 минг сўм пул маблағлари ҳам олинган.

Шунингдек, терговга қадар текширув давомида ушбу жиноятга алоқадор бўлган Фарғона шаҳрида яшовчи, 1980 йилда туғилган фуқаронинг хонадонидан 110 грамм “опий” моддаси, 2 та электрон тарози, 1200 АҚШ доллари ҳамда 28 млн сўм мусодара қилинган.

Тергов ҳаракатлари давомида мазкур ноқонуний фаолиятга 1990 ва 1995 йилларда туғилган ака-укаларнинг ҳам алоқадорлиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Боғдод туман суди ҳукмига кўра, ушбу 5 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 246-, 273- ва 276-моддалари билан айбдор деб топилиб, уларга 12 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид