Ўзбекистон | 11:55 / 10.05.2023
17200
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон президентлиги учун сайлов кампанияси бошланди

Ўзбекистонда 9 июль куни бўлиб ўтадиган президент сайлови кампанияси бугун, 10 майдан бошланди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси хабар қилди.

Фото: Kun.uz

Сайлов округларини тузиш 15 майгача, сайлов участкаларини тузиш 25 майгача белгиланмоқда. Бундан ташқари, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тузилади.

Сиёсий партиялар ўз ваколатли вакилларини рўйхатдан ўтказиш учун сайлов кампанияси эълон қилинганидан кейин 3 кун муддат ичида Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилиши керак бўлади. 

Сайловда иштирок этиш учун партиялар 15 майгача ҳужжатларни тақдим этишлари зарур. 17 май – 1 июнь оралиғида президентликка номзодлар кўрсатилади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирларнинг тартиби, босқичлари ҳамда муддатлари ҳақидаги ахборот сайловчилар ва сайлов жараёнларининг бошқа иштирокчиларига белгиланган тартибда Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш йўли билан етказилади.

Мавзуга оид