Ўзбекистон | 17:12 / 17.05.2021
28165
2 дақиқада ўқилади

«Қуръон мусобақаси – 1442» ғолиблари аниқланди

Кеча, 16 май куни Тошкент шаҳрида марҳум Зайниддин қори Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган «Қуръон мусобақаси – 1442» танловининг финал босқичи бўлиб ўтди.

Мусобақа ташкилотчиси, диний уламо Мубашшир Аҳмаднинг маълум қилишича, «Қуръон мусобақаси – 1442»га қатнашиш учун Ўзбекистон бўйлаб мингдан зиёд аризалар келиб тушган бўлиб, илк босқичда улардан 280 нафари саралаб олинган.

280 нафар қоридан 28 нафари финал босқичига етиб келди.

Финалчиларнинг 14 нафари ҳифз йўналишида (Қуръонни тўлиқ ёд олган қорилар), қолган 14 нафари эса тиловат йўналишида (Қуръонни Мусҳафдан, қироат билан, тўғри ва чиройли ўқиш) бўйича қатнашди.

Мусобақани бош ҳакам Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид бошчилигидаги тажрибали устоз-қорилар кузатиб, баҳолаб борди.

Тиловат йўналиши финал баҳсларида 354,5 балл билан 3-ўринни Ориф Абдуваҳҳобов эгаллади.

2-ўрин 355,75 балл тўплаган Хайруллохон Илёсхонов ва Низомиддин Исмоиловларга насиб этди.

1-ўринни эса 394 балл билан Муҳаммадворис Йўлдошев эгаллади.

Ҳифз йўналиши баҳсларида 3-ўринни 316,75 балл тўплаган икки қори – Абдуллоҳ Абдусатторов ва Муҳаммадали Ҳайитбоев олишди.

2-ўринга 342 балл олган Аҳмаджон Ворисов лойиқ деб топилди.

Ҳифз йўналиши ва мусобақанинг мутлақ ғолиби эса 387,75 балл олган Муҳаммадиброҳим Каримов бўлди.

Ҳифз йўналиши бўйича 1-ўринни олган иштирокчига бош соврин – «Spark» автомобили, тиловат йўналиши бўйича 1-ўрин соҳибига эса компьютер жамланмаси, шунингдек қуйи ўрин соҳиблари ҳам қимматбаҳо совғалар, ноутбук ва телевизорлар билан тақдирланди.

Шунингдек қолган иштирокчиларга ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари берилди.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz финални YouTube, Instagram va TikTok саҳифаларида жонли эфирда ёритиб борди.

Мавзуга оид