Жамият | 11:17 / 04.07.2020
20285
10 дақиқада ўқилади

Чирчиқликлар шаҳардаги 6та шифохонанинг Зангиотага кўчирилишидан норози. Шаҳар ҳокими масалага ечим топишга ваъда берди

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида қурилган махсус шифохона негизида соғлиқни сақлашнинг кластер тизими ташкил этилмоқда. Шу сабабли Чирчиқ шаҳрида жойлашган, вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларининг Зангиотага кўчирилаётгани маҳаллий аҳоли ўртасида норозилик келтириб чиқарди. Kun.uz жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлаётган ушбу мавзу юзасидан суриштирув ўтказди.

Чирчиқ шаҳри фаолларидан бири Ҳусан Раджиматовнинг айтишича, ижтимоий тармоқларда Чирчиқдаги шифохоналарнинг Зангиотага кўчирилиши ҳақида хабарлар тарқала бошлагач, чирчиқликлар бунга қарши мурожаатнома тайёрлашган.

Ҳозиргача ушбу мурожаатга 6 мингдан зиёд киши имзо қўйган.

«Ижтимоий тармоқларда Чирчиқдаги 6та вилоят шифохонасининг Зангиотага кўчирилиши, бунинг оқибатида болалар шифохонасида 30та ўрин, перинатал марказда 70та ўрин қолдирилаётани ҳақида маълумотлар тарқалгач, чирчиқликлар бунга фаол муносабат билдира бошлашди. Қолдирилаётган жойлар Чирчиқ шаҳри фуқароларининг эҳтиёжларини тўлиқ қондирмаслигини билиб, бу масала бўйича ўз фуқаролик позициямизни билдириш мақсадида жамоавий мурожаатнома тайёрладик.

Шу пайтгача фуқаролар томонидан 6 мингга яқин имзо йиғилган. Ваколатли органларга, яъни ССВ, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга мурожаат қилмоқчимиз», – дейди у.

«Facebook ва Telegram’да шу мавзу бўйича муҳокамалар бўлаётганини кўрдим. Кейин менга бир қиз мурожаат қилиб, шаҳарга ёрдам бериш, шифохоналарга кўпроқ ўрин ажратилиши учун биргаликда Telegram’да гуруҳ очишни таклиф қилди.

Бизга соғлиқни сақлаш вазири имзолаган ҳужжатни юборишди. Унда Чирчиқдаги шифохоналар Зангиотага кўчирилиши ҳақида сўз боради. Эшитишимизча, болалар шифохонасига 30та ўрин қолдирилаётган экан. Шундан сўнг маҳаллий аҳоли вакиллари билан бирга ҳуқуқшуносдан маслаҳат сўрадик. У бизга имзо йиғиш ҳуқуқига эга эканимизни таъкидлади. У бизга ариза ёзиб берди. 27 июндан бошлаб одамлардан имзо йиға бошладик.

Шундан сўнг бизни митинг қилиш, кўпчилик бўлиб ҳокимиятга боришга ундовчилар пайдо бўлди, номаълум аккаунтлар орқали кимлардир ҳар хил йўллар билан провокация қилишга уринишди. Бу қонун билан тақиқлангани учун биз бу чорловларни рад этдик. Нима қилган бўлсак ҳам қонун доирасида амалга оширдик.

Бундан ташқари, яширин рақамлардан турли қўнғироқлар бўлди. Масалан, менинг дўконим бор, менга телефон қилиб, агар дўконим ёпилишини истамасам, имзо йиғишни бас қилишимни айтишди. Улардан ўзини таништиришларини сўраганимда телефонни ўчириб қўйишди.

Шаҳримизга болалар шифохонаси ҳам, қон қуйиш маркази ҳам жуда керак. Ҳаётда ҳар хил ҳодиса бўлиши мумкин. Шундай вазиятлар бўладики, саноқли дақиқалар ичида қон топиб келиш керак бўлади. Беморларни шаҳарнинг ўзида жойлашган шифохоналарга етказиб келишолмаган ҳолатлар бор, оғир ҳолатдаги беморларни Зангиотага умуман етказиб бориша олмаса керак», дейди чирчиқлик Катерина Шереметова.

Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда вилоят қон қуйиш марказида ишловчи шифокор ва ҳамширалар Kun.uz мухбири билан суҳбатда ўзлари ишлаётган тиббиёт муассасаларининг кўчирилишига қарши эканликларини билдиришди.

Шу билан бирга, улардан ҳеч ким ишдан бўшашни талаб қилишмагани, Зангиотага бориб ишлашга мажбурлашмаётгани, бироқ ҳам моддий, ҳам масофа, ҳам бошқа қатор сабабларга кўра улар тиббиёт кластерига бориб ишлай олмасликларини таъкидлашди.

«Вилоят мақомидаги 6та шифохона кўчирилади, уларнинг ичида сизлар ҳам борсизлар, дейишди. Бундан ҳаммамиз шокка тушиб қолдик. Эски уйимни сотиб янгисини олганимдаям ишхонамга яқин жойдан олганман. Болаларимнинг мактаби, боғчаси, ўқиши ҳам ишхонамнинг атрофида. Ҳаммасини олдиндан режалаштирганман.

Бизга Зангиотага кўчасизлар, бу қарор аллақачон чиқарилган ва ССВ томонидан тасдиқланган дейишди. Мисол учун, мен у ёққа боролмайман. Чунки ёлғиз онаман, болаларимни ташлаб бунча узоқ масофага қатнолмайман. Чарчоқ ҳис қилиб у ёққа боришни, кучимни йўлга сарфлашни хоҳламайман. Бор кучимни ишга, беморларимизга сарфлашни истайман. Шаҳримиз аҳолиси учун етарлича ўрин қолса бўлди, мутасаддиларга нисбатан бошқа ҳеч қандай эътирозимиз йўқ», – дейди вилоят болалар кўп тармоқли шифохонаси лаборатория мудири Шаҳло Асметова.

«Президентнинг қарорини кўллаб-қувватлаймиз, лекин ҳамшираларнинг ойлигини инобатга олсак, Зангиотага қатнай олмаймиз. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, ойлигим 1,5 млн сўм. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Зангиотага қандай бориб-келаман. Икки соатлик йўл. Ёзда бу нарса унчалик билинмас, бироқ қишда бу нарса жуда билинади.

Шундай вақтлар бўлганки, бемор болаларни қўлимда кўтариб реанимация бўлимига етказиб бера олмаганман. Энди ўйлаб кўринг, Бўстонлиқ туманида Пском, Токёнғоқ, Боғистон, Бурчмулло деган қишлоқларимиз бор. Улар биздан 150-200 км масофада жойлашган. Улар бемор болаларини бизгача етказиб келишолмайди-ю, эртага Зангиотага етказиб бора оладими?! Мен бутун ҳамширалар номидан поликлиникамиз ҳам, шифохонамиз ҳам жойида қолсин деб айтаман», – дейди вилоят болалар кўп тармоқли шифохонаси поликлиникасининг ҳамшираси Ҳурби Усмонова.

Вилоят қон қуйиш маркази ходими Сюзана Магомедова шундай дейди:

«Зангиотага кўчиш ҳақидаги янгилик кўпчилигимиз учун кутилмаган хабар бўлди. У ерга қатнаб ишлаш биздан озмунча куч ва вақт талаб қилмайди. Устига-устак, эрталаб болаларни боғчага топшириш, кечқурун қайтариб олишимиз керак. Бу масала кўпчилигимиз учун муаммо бўлиши тайин.

Бу ерда асосан аёллар ишлашади. Биз ишдан ташқари, уй ишларига ҳам улгуришимиз керак. Коронавирус инфекцияси тарқалиши туфайли катта эҳтимол билан сентябрдан ўқиш яна онлайн бўлади, биз болаларимизга ўз вақтида дарс қилидиришимиз, ўқишини назорат қилишимиз керак.

Қолаверса, йўлга кетадиган харажатлар оилавий бюджетимизга яхшигина таъсир қилади. Карантин туфайли кўпчилигимизнинг эрларимиз, оила аъзоларимиз ишсиз қолишган. Буни юқоридагилар тушунишини истардик. Зангиотага қатнаб ишлашни тасаввур ҳам қилолмаймиз», дейди у.

Чирчиқ шаҳар ҳокими Санжар Юсупов шаҳардаги вилоят мақомидаги тиббиёт муассасаларининг Зангиотага кўчирилиши бўйича шов-шувларга муносабат билдирди. У бор тизимни йўқ қилиш нотўғри бўлишини айтиб, бунга йўл қўймаслик учун шаҳар номидан ҳам вилоят раҳбариятига мурожаат қилинишини айтди.

«Шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари билан гаплашиб, вилоятдаги масъуллар ижтимоий тармоқлардаги гап-сўзларга изоҳ беришлари кераклиги, тиббиёт ходимларига асл вазиятни тушунтиришни тайинлагандим. Чунки шаҳардаги шифохоналар Зангиотада ташкил этилаётган тиббиёт кластерига кўчирилаётгани ҳақида интернетда тарқалган маълумотлар таъсирида одамлар саросимага тушиб қолишганини кузатиб турибман. Айниқса, тиббиёт ходимлари ишсиз қолиб кетарканмиз, шифохоналар ёпиларкан деган хавотирда.

Чирчиқ шаҳри – илгаридан аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлардан биттаси. Бу ердаги тиббиёт муассасаларига шаҳар аҳолисидан ташқари Қибрай туманининг ярми, Бўстонлиқ, Юқори Чирчиқ, Паркент туманларида яшовчи аҳоли мурожаат қилишади. Буни ички ишлар, перинатал маркази томонидан бериладиган кундалик маълумотларга таяниб гапираяпман. Тиббиётнинг «сеники-меники»си бўлмайди-ку барибир.

Шу сабабли Чирчиқдаги шифохоналарни филиал қилиб ёки бўлмасам мақомини ўзгартириб бўлса-да қолдириш керак. Сабаби бу ердаги беморлар Зангиотага бориши-бормаслиги, бу одамларга қанчалик қулай-ноқулайлиги бор, у ёққагача 60-70 км масофани босиб ўтиш керак бўлади.

Тиббиёт кластерида вилоят мақомидаги шифохоналар жамлангани аслида яхши, у ерга асосан оғир аҳволдаги беморлар бориши тўғри бўлса керак деб ўйлайман. Бу ердаги бор тизимни йўқ қилиш, менимча, нотўғри бўлади. Вилоятдаги мутасаддилар билан гаплашамиз, керак бўлса, шаҳар номидан ҳам вилоят раҳбариятига мурожаат билан чиқамиз», – дея Санжар Юсуповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Расмийларнинг таъкидлашича, вилоят мақомидаги тиббиёт муассасалари Зангиотага кўчирилаётгани карантин сабабли номаълум муддатга кечиктирилган.

Маълум бўлишича, шифохоналар буткул ёпилмайди, балки фақат вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаси деган мақомидан маҳрум бўлади, бироқ Чирчиқ шаҳри аҳолиси сонидан келиб чиқиб, ўринлар сақлаб қолинади.

Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Далер Умруллаевнинг сўзларига кўра, Чирчиқдаги вилоят мақомига эга 6та тиббиёт муассасаси Зангиотага кўчирилган тақдирда ҳам тўлиқ кўчирилмайди, фақатгина шифохонанинг мақоми ўзгартирилади.

«Чирчиқ шаҳридаги вилоят мақомидаги шифохоналар, жумладан, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази Зангиотага кўчирилади, деган гап аҳоли ўртасида ваҳима бўлиб кетди. Шаҳардаги олтида тиббиёт муассасаси кўчирилган тақдирда ҳам тўлиқ кўчирилмайди, қисман қолади, фақатгина шифохонанинг мақоми ўзгартирилади. Масалан, Чирчиқ шаҳарнинг ўзида шифохона ходимлари билан бирга қолади, ходимларнинг ўзи кўчирилади, деган гап нотўғри.

Тиббиёт ходимлари ҳеч қандай ваҳимага тушиши керакмас, илгари қандай ишлашган бўлса, худди шундай штат асосида ишларини давом эттиришади. Аҳолининг сонидан келиб чиқиб, тиббиёт муассасаларига штат ажратилади. Тайёр ходимлар турганда кўчадан бошқа ходим қидирилмайди.

Болалар шифохонасининг реанимацияси ҳам қолади, бошқа бўлимлари ҳам қолади. 30та ўрин бизга етмайди. Чирчиқ шаҳрининг аҳолиси кўп. Бу – нотўғри маълумот. Йўқ деганда 100 ўринли болалар шифохонаси қолади», – дейди Далер Умруллаев.

Тиббиёт муассасаларидаги ўринлар сони қисқаргач, бу штатлар жадвалидаги қисқаришларга, айрим ходимларнинг ишдан бўшатилишига олиб келиши мумкин. Расмийлар бу ҳақда ходимлар меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда икки ой аввал огоҳлантирилиши, уларга компенцация тўлаб берилишини айтишмоқда. Бироқ ҳозирги мураккаб ва инқирозли вазиятда фуқаролар қаерга иш сўраб бориши, Зангиотага қатнаб ишлолмаган тақдирда аҳволи нима кечиши ҳозирча мавҳум бўлиб турибди.

Kun.uz тиббиёт кластери ташкил этилиши устида турган мутасаддилардан, жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бу борада изоҳ кутиб қолади.

Мавзуга оид