Қишнинг энг узоқ кечаси — Ялдо туни: у қаерларда байрам қилинади?
Бугун Ер куррасининг шимолий яримшарида энг узун тун кузатилади — сутканинг қоронғи қисми Ўзбекистон жойлашган кенгликларда 15 соатга яқинлашади. Қадимда Ўзбекистон ҳудудида ҳам бу кун Ялдо кечаси сифатида байрам қилинган.
Астрономик нуқтайи назардан қаралса, Қуёш атрофида 365 сутка мобайнида тўлиқ эллептик орбита бўйлаб айланувчи Ер курраси қишда Қуёшга энг яқин келади. Икки осмон жисми ўртасидаги масофа 147 млн километргача қисқаради. Ернинг Қуёшга энг яқин келувчи нуқтаси «перигелий» деб аталади.
Ер Қуёшга қанчалик яқин келар экан, жанубий қутб шу қадар кўпроқ ёритилади, жанубий яримшар мамлакатларида ёз бошланади.
Июл ойида сайёрамиз Қуёш тизимининг бош юлдузидан максимал даражада узоқлашади ва масофага 152 млн километрга етади. Қуёшдан энг узоқ нуқта «афелий» деб аталади. Шимолий қисмда яшовчи биз каби давлатларда ёз, Австралия ва Жанубий Америкада қиш бўлади.
Шунинг учун қишнинг ойлари қисқароқ (феврал 28/29 кун), ёз ойлари эса узунроқ (июл ва август 31 кундан).
Ёзда биз яшайдиган кенгликларда энг узоқ кун туриши ва қишда энг узоқ кун туриши ҳодисаси содир бўлади. Жанубий яримшарда шунинг тескариси.
Шимолий яримшарда қишки кун туриши санасига одамлар қадимдан эътибор қаратиб келишади. Мисол учун, эрамизгача 45 йилда Юлий Цезар ўзининг юлиан тақвимида Европа учун 25 декабрни қишки кун туриши сифатида белгилаган.
Бу тақвимда хатолик бор эди ва бир асрда уч кунга адашарди. 1582 йилда қишки тур туриши санаси 12 декабргача силжиб келган. Шунда Рим папаси Григорий XIII тўпланган 10 кунлик хатони бартараф қилган, бироқ эрамизнинг I–IV асрларида тўпланиб қолган 3 кунлик хатони ҳисобга олмаган. Бу тузатиш туфайли қишки кун туришини 22 декабргача сурилган. Ҳисобланишича, Исо пайғамбар айнан қишки кун туриши кунида туғилган. Ҳамон Исо Мавлуди 25 декабрда нишонланади. Ҳамон юлин тақвими билан ҳисоб-китоб қиладиган православлар Мавлудни январда нишонлаши шундан.
Ҳанузгача григорян тақвимида кун туриши бир ёки икки кунга тебраниб туради, узоқ муддатли истиқболда ҳар уч минг йилда 1 кунга сурилиши мумкин.
Қуёш туришлари қадимдан, ҳаттоки неолит давридан йиллик циклнинг алоҳида аҳамиятга молик лаҳзаси бўлган. Қадим замонлардан ҳайвонларнинг кўпайиши, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва кейинги ҳосилгача қиш учун маҳсулотлар захира қилишни бошқарувчи астрономик ҳодисалар турли асотирлар ва анъаналар қандай пайдо бўлгани ҳақида тушунча ҳосил қилади.
Бундан Буюк Британиядаги Стоунҳенж ва Ирландиядаги Нюгрейнж каби сўнгги неолит ва бронза асрини археологик ёдгорликларнинг тархи гувоҳлик бериб турибди. Бу ёдгорликларнинг асосий ўқлари қишки кун туриши куни қуёш чиқадиган (Нюгрейнж) ва кун ботадиган (Стоунҳенж) томонга мосланган.
Қишки кун туриши қадимги одамлар кундалик турмушида шу қадар муҳим эдики, улар қишдан эсон-омон чиқиб олиш учун аввалги тўққиз ойда қишга пухта тайёргарлик кўришган. Ўша пайтларда қишда очарчилик одатий ҳодиса бўлган, январдан апрелгача илик узилди ойлар ҳисобланган. Мўътадил иқлимда қиш ўртасидаги фестивал оғир қиш кунлари бошланишидан аввал сўнгги байрам бўлган. Чорванинг катта қисми бу пайтда сўйилган, чунки қишда боқиш учун ем-хашак бўлмаган, шу сабабли қишки кун туриши энг кўп янги сўйилган гўшт ейиладиган ягона давр бўлган.
Эрон ва Турон халқлари қадимдан Ялдо кунини байрам қилиб келишган. Бугунги кунда Эрон, Афғонистон, Тожикистон ва Озарбойжонда байрам қилинади.
Сосонийлар империяси қулагач, Ислом диний тарқалгач бу байрамнинг аҳамияти тобора камайиб бормоқда ва Ялдо туни зардуштийларга хос оилавий байрамга айланган.
Ялдо кечаси ёки Чилла кечаси Эроннинг энг қадимий байрамларидан биридир. Ялдо сўзи сурёний тилида туғилиш маъносидаги сўздан олинган. Ушбу сўзнинг номи Ялдо кечаси ва қишнинг биринчи кунида қуёш чиққандан кейин кечанинг давомийлиги аста-секин қисқарганлиги ва кунларнинг давомийлиги узоқроқ бўлганлиги билан боғлиқ бўлиб, маълум маънода ер қайта тикланади. Бу кечанинг Чилла кечаси деб аталишига сабаб, қишнинг биринчи қирқ куни «Буюк Чилла» ва ундан кейинги йигирма куни «Кичик Чилла» деб номланади. Илгари, қишки совуқнинг энг юқори нуқтаси Катта Чиллада рўй беришига ишонишган.
Ялдонинг тарихи жуда узоқ вақтларга тўғри келади, аммо айнан қачонга тегишли эканлиги аниқ эмас. Кўплаб археологлар Ялдонинг тарихи бундан 7 минг йил олдинги даврларга бориб тақалишини тахмин қилишган.
Аммо мутахассисларнинг фикрига кўра, Ялдо кечаси деб номланувчи нарса милоддан аввалги 500-йил ва унинг Доро I даврида қадимги форсларнинг расмий тақвимига киритилган санаси билан боғлиқ.
Ялдо кечаси кўплаб тарихий китобларда ҳам тилга олинган. Буюк олим ва тақвимшунос бобомиз Абу Райҳон Беруний Ялдо кечасини Милоди Акбар деб эслаган ва уни қуёшнинг туғилиши деб номлаган.
Форсийзабон давлатларда қадимдан бу тунни оила даврасида ўтказиш, еб-ичиб, Ҳофиз Шерозийнинг ғазалларидан ўқиш, Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарини ярим тунгача ўқиш одат тусига кирган. Мева ва ёнғоқлар истеъмол қилинади. Айниқса анор ва тарвузга катта эътибор берилади. Чунки бу неъматларнинг қизил ранги тонгги шафаққа демакки, ҳаёт ёғдусига қиёсланади.
Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.
Мавзуга оид
22:17 / 17.10.2024
Конституция куни байрамини нишонлаш бўйича президент фармойиши имзоланди
07:07 / 31.08.2024
Тошкентдаги қайси истироҳат боғларида байрам тадбирлари ўтказилиши айтилди
14:39 / 28.08.2024
Мустақиллик байрами муносабати билан сентябр ойи пенсияси олдиндан тўлаб берилади
11:58 / 28.08.2024