Ўзбекистон | 11:58 / 28.08.2024
6607
2 дақиқада ўқилади

Мустақиллик байрами тадбирларида хавфсизликни таъминлаш учун 30 мингдан ортиқ ходим жалб этилади

Мустақиллик байрами тадбирларида жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш учун 30 мингдан ортиқ ИИО, Миллий гвардия, ФВВ, ҳарбий хизматчилар ва жамоатчилик вакиллари жалб этилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Мустақиллик байрами тадбирларида хавфсизликни таъминлаш учун 30 696 нафар ходим жалб қилинади

Ички ишлар вазирлиги ЖХД ахборот хизмати раҳбари Музифа Султоновага кўра, тадбирлар давомида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун 16 832 нафар ички ишлар органлари, 4677 нафар Миллий гвардия, 1943 нафар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ва ҳарбий хизматчилари ҳамда 7244 нафар жамоатчилик вакиллари жалб этилади.

Ходимларга хизматда фойдаланиш учун 3037 та металлодетектор, 1587 та автотранспорт, 7881 та алоқа воситалари ва 267 бош хизмат итлари ажратилди.

Байрам тадбирлари ўтказиладиган объектларда 2107 та видеокузатув камералари ўрнатилиб, шундан 452 таси ҳудудий ички ишлар органларига интеграция қилинди ҳамда онлайн назорат ўрнатилди. Байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлардан 150 метр узоқликда 396 та автотураргоҳлар ташкил этилди. Тадбир объектларига фуқароларни олиб бориш учун 440 та транспорт ажратилди.

Байрам тадбирлари ва халқ сайллари ўтказиладиган жойларда транспорт воситаларининг тўғридан тўғри кириб келишини олдини олиш мақсадида, темир панжара, бетон тўсиқ ва таранлар ўрнатилади.

Зарурий ҳолатларда эса, айрим кўча ва йўлларда ҳаракатнинг чекланиши сабабли, айланма йўллар ташкил этилади. Мазкур жойларга фақат хизмат кўрсатиш транспорт воситаларининг киришига рухсат берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид