Ўзбекистон | 13:35 / 27.09.2021
4355
3 дақиқада ўқилади

Наманганда 1,3 миллиард долларлик 45та йирик «мега-лойиҳалар» ишга туширилади

Наманган вилоятида қиймати 1,3 миллиард доллар бўлган 45 та йирик “мега-лойиҳалар” ишга туширилиб, 20 мингта янги иш ўринлари яратилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фото: Facebook

“Тўқимачилик саноатида Поп, Уйчи туманлари ва Наманган шаҳрида беш йилда 2 миллиард долларлик 1 700 дан зиёд лойиҳалар ишга туширилади.

Жумладан, Наманган шаҳри, Тўрақўрғон ва Чортоқ туманларида 313 гектар майдонда “Наманган Текстайл” индустриал зонаси ташкил қилиниб, 560 миллион долларлик 22 минг иш ўринга мўлжалланган 710 та лойиҳа амалга оширилади. Спорт кийимлари, ёзги ва қишки устки кийим, жинси каби экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришга етакчи жаҳон брендлари жалб қилинади.

Шунингдек, Наманган муҳандислик-технология институти негизида, Италия, Франция, Корея ва бошқа ривожланган давлатларнинг илғор тўқимачилик олийгоҳлари билан бирга Наманган тўқимачилик саноати институти ташкил этилади.

Қурилиш материаллари саноатида 1,7 миллиард долларлик 1 327 та лойиҳа амалга оширилиб, 16 мингта доимий иш ўринлари ташкил этилади, мебелсозлик соҳасида келгуси 5 йилда Чортоқ, Тўрақўрғон ва Наманган туманларида жами 180 миллион долларлик 512 та лойиҳа амалга оширилади, чарм-пойабзал саноатида 500 миллион доллар инвестициялар ҳисобига 15 минг иш ўринлик 131 та лойиҳалар ишга туширилиб, тайёр чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5 баробарга оширилади.

Косонсой, Поп, Чуст ва Уйчи туманлари электротехника саноатига ихтисослаштирилиб, 420 миллион долларлик 127 та лойиҳа ишга туширилади, мева-сабзавотни қайта ишлаш саноатида 833 та лойиҳа амалга оширилиб, 650 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилади.

Вилоятда қиймати 1,3 миллиард доллар бўлган 45 та йирик “мега–лойиҳалар” ишга туширилиб, 20 мингта янги иш ўринлари яратилади. Хусусан, Поп туманида 120 миллион долларлик хорижий инвестициялар ҳисобига қуввати 150 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилиши натижасида жами 100 минг нафар аҳоли ва тумандаги барча саноат корхоналари узлуксиз электр энергияси билан таъминланади.

Келгуси беш йилда экспорт ҳажми 1,6 миллиард долларга етказилади. Жумладан, тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 4 баробарга, чарм-пойабзал, электротехника, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 5 баробарга оширилади.

“Учқўрғон” чегара божхона пости очилиши ҳисобига, қўшни давлатга йилига 150 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилади. Тўрақўрғон, Янгиқўрғон, Косонсой ва Чортоқ туманларида замонавий агрологистика комплекслари ташкил этилади. Давлатобод туманида “Наманган экспо” маркази ташкил этилиб, вилоятда ҳар йили тўқимачилик Халқаро форуми ва кўргазмаси ташкил этилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид