Жамият | 18:10 / 01.03.2021
3303
5 дақиқада ўқилади

Пандемиядаги таълимдан ўрганиш керак бўлган 5 жиҳат

Пандемия даври ўқув муассасалари ва ўқувчи-талабалар учун қийин кечди. Билим берувчилар ва билим олувчиларга қўйиладиган талаблар ўзгарди. Энди ҳар икки тараф доимий ноаниқликка қарамасдан, ўқиш ва ўрганиш пайтида таълим ва ҳаёт мувозанатини бошқариши керак.

Фото: Getty Images

Бу даврда рақамли технологияларни янада кенгроқ жорий этиш ва ижодий баҳолаш усуллари такомиллаштирилди. Ўқувчиларга ўқитувчи шериги сифатида қаралиши уларнинг ўрганишда фаолроқ бўлишига ва онлайн равишда ҳам бемалол фикр билдира олишига имкон яратди. 

Стирлинг университетининг иқтисод фани ўқитувчиси Пол Ковел «йўл қўйилган хато ва камчиликларга қарамасдан, пандемиядаги таълимдан ўрганиш керак» бўлган жиҳатларни санаб ўтган.

Республика таълим маркази ахборот хизмати Пол Ковил эътибор қаратган олий таълимдаги муаммолар ва уларнинг ечимларини, COVID-19’дан кейин давом эттириш жуда муҳим бўлган олий таълим билан боғлиқ бешта жиҳатни келтирди.

Таълимда технология

Олий ўқув юртлари талабаларининг иқтисодий сармоялари ва хатти-ҳаракатларига бағишланган бир қатор асарлар яратган тадқиқотчи сифатида, мен доим таъкидлаб келганман: «Таълим жараёнида билим олишни синфдан ташқарида чуқурлаштириш зарур».

Бу фаолиятни қўллаб-қувватлаш учун технологиядан фойдаланишнинг улкан имкониятларини ўрганиш керак. Биз пандемия даврида маъруза заллари бўшаб қолгандагина бу имкониятни ишга солишга киришдик.

Пандемиядан олдин, онлайн ўқитиш муҳити асосан виртуал ҳужжатлар кабинети сифатида мавжуд эди. Бу — ўқув материаллари дўкони бўлиб, у ерда ўқув жараёни бўлиб ўтмаган.

Пандемия онлайн майдонда нималар қилиш мумкинлигини янада аниқлаштирди: у жалб қилиш, бойитиш ва кириш имкониятига эга бўлиши мумкин.

Мана энди видео ва интерактив оммавий ахборот воситалар билим олишнинг бир қисмига айланди. Муҳокама доскаси фикрларни ёзиб олиш, уларни дарсдан кейин ҳам қайта эшитиш ва суҳбатларни давом эттиришга имкон беради.

Вазифани қайта белгилаш

Талабанинг қанчалик фаол эканини аниқлаш доим мунозарали бўлиб келган. Бу кўп ҳолларда контекстга қараб фарқ қилади. Аммо бу, асосан, ўқувчининг ўқув жараёнидаги иштирокини англатар эди.

Пандемиядан олдин талабанинг курсдаги иштироки улар шахсан маъруза ёки машғулотларга келган-келмагани билан ўлчанар эди. Бироқ на ўқитувчи, на талабалар дарс хонасида жисмонан мавжуд бўлмасдан туриб сифатли таълим олиб борилишини ҳатто тасаввур қила олмасдик.

Талабалар дарсларга онлайн режимда қатнашаётганда, шунчаки маърузада қатнашиш учун узоқ йўл босиб ўтишга сарфлаган вақтларини кўпроқ изланишга сарфлаши мумкин. Бу, айниқса, яшайдиган жойидан машғулотларга мунтазам қатнашни қийин деб ҳисоблаган, лекин ўзининг билим ва кўникмаларини онлайн тарзда бемалол намойиш эта оладиганлар, уйда ота-онаси ёки болаларига ғамхўрлик қилиши керак бўлган талабалар учун айни муддао бўлди.

Ижодий баҳолаш

Маълум бир белгиланган вақт оралиғида, ҳаммадан бир пайтда, жимжитликда олинадиган ёзма, якуний имтиҳонларни ўтказиш пандемия даврида имконсиз эди.

Бу ҳар икки тарафнинг соғлиги учун хатарли эканидан ташқари, талабаларга ижодкорликни аниқ намоён қилишга имкон бермайди. Талабалар университетдан ташқарида кириб бора оладиган ҳақиқий дунёни ўзида етарлича акс эттира олмайди.

Одатий имтиҳонлар асосан мавзуга доир изланишдан кўра, маълумотларни ёдлаб олишга урғу беради.

Кейсларни ўрганиш, маъруза мавзусига доир газеталарни тўплаш, блогларни кузатиш, эшитганларини ёзиб бориш каби очиқ манбаларга асосланган баҳолаш услублари эса қизиқувчанлик ҳамда илмий изланувчанликни рағбатлантиради.

Шундай қилиб, баҳолаш ўрганиш жараёнининг бир қисмига айланади. Мен ўз дарсларимда анъанавий баёнлардан кўра талабалардан видеолар, эшиттиришлар ва блоглар ҳақида сўрашни маъқул кўраман.

Талабалар ҳамкорлар ролида

Онлайн ўрганиш талабалардан иштиёқни талаб қилади. Бу жараёнда талаба ва маърузачи муваффақиятга эришиш учун биргаликда қаттиқ ҳаракат қилиши керак бўлади. Кўп ҳолатларда, бу университетлар ўз талабасини ўқиш жараёнидаги ҳамкор сифатида кўришига сабаб бўлади.

Талабалар ҳамкорликдаги машғулотларни ва баҳолаш тизимини ишлаб чиқади ҳамда ўзлаштириш жараёнининг фаол иштирокчисига айланади. Улар доимий равишда ўз фикрини билдириш учун ҳам жонли, ҳам онлайн таълим шаклига мос бўлган усулни танлайди. 

Услубни ўзгартириш

Университет таълими учун бир нечта фан учун тайёрланган маърузалар ва қўлланмалар жамланмаси ҳар доим ҳам мақсадга мувофиқ деб топилавермайди.

Ҳеч қандай огоҳлантириш ва тажрибасиз онлайн ўқитишга кутилмаганда ўтилиши ўқитувчилар ва талабалар учун қийин бўлди. Аммо режалаштириш учун вақтнинг кам бўлиши, онлайн таълим жорий этилиши маърузачилар учун мавзулардан энг мутаносибини танлаб олишга эътибор қаратиш имконини яратди.

Маърузачилар ўз «етакчи» ролларини ўқитувчига ҳам физик бўшлиққа сафар қилиш имконини берувчи виртуал саёҳатлар билан алмаштирдилар.

COVID-19 таълим учун муҳим чақириқ бўлди. Университетлар, мактаб ва коллежлар бу чақириқдан келажак учун ўқиш ва ўқитишни яхшилашни ўрганишлари керак, дея фикр билдирган олим.

Мавзуга оид