Ўзбекистон | 13:41 / 27.01.2021
7342
3 дақиқада ўқилади

Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий сектор жалб этилиши кутилмоқда

Бу ҳақда президент фармони лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжатда давлат бошқаруви соҳасини такомиллаштиришда хусусий секторни жалб этиш, бу борада амалдаги мавжуд имкониятларни кенгайтириш назарда тутилмоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Ўзбекистон Республикаси президентининг айрим ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги президент фармони лойиҳаси жойлаштирилди.

Фармонда давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш масаласи илгари сурилмоқда.

Хусусан, ҳужжат лойиҳасида давлат раҳбарининг 2020 йил 26 мартдаги «Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг 1-банди «л» кичик банд билан тўлдирилмоқда.

Мазкур бандда:

  • «Давлат функциялари – бизнес учун имконият лойиҳаси» ва давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг комплекс механизми амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб бориш ва вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • хусусий секторга ўтказилиши таклиф этилаётган давлат функциялари, шунингдек, хусусий секторнинг тегишли таклифларини эълон қилиш ва муҳокамадан ўтказиш учун электрон майдонча фаолиятини юритиб бориш;
  • хусусий секторга берилиши мумкин бўлган давлат функциялари таҳлилини олиб бориш ва ўрганиш натижасида тегишли чоралар кўрилиши юзасидан таклифлар тайёрлаш белгиланмоқда.

Шунингдек, мазкур тўлдириш президентнинг 2020 йил 26 мартдаги ПҚ–4653–сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тўғрисидаги низомнинг 11-бандига ҳам «л» кичик банд билан киритилмоқда.

Низомнинг ушбу бандида «Давлат функциялари – бизнес учун имконият» лойиҳаси доирасида давлат функцияларини аутсорсинг, краудсорсинг, давлат ижтимоий буюртмаси, аккредитация, сертификатлаштириш ва бошқа усуллар ва механизмлар орқали босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш ҳамда давлат бошқаруви соҳасини такомиллаштириш бўйича амалда мавжуд имкониятларни кенгайтириш вазифалари белгиланмоқда.

Шу билан бирга, вазирлик ва идоралар кесимида хусусий секторга ўтказилиши мумкин бўлган давлат функцияларини таҳлил этиш механизмларини йўлга қўйишга қаратилган давлат функцияларининг ягона реестрини шакллантириш назарда тутиляпти.

Мавзуга оид