Пригожин ва унинг ёлланма жангчиларини Беларусда нима кутмоқда?
Сўнгги кунларнинг воқеалари Путин ва Лукашенконинг Пригожин «Беларусга йўл олиши» тўғрисидаги келишуви нақадар палапартиш бўлганини кўрсатмоқда. 23–24 июн кунги исён ташкилотчиси ва унинг гумашталари у ерда нималар билан машғул бўлишини ҳозир ҳокимият ҳам, таҳлилчилар ҳам билишмаяпти.
Чунки хусусий ҳарбийлашган компанияни тузган инсонни Беларус билан ҳеч нарса боғламайди. Ҳозирча Александр Лукашенко мамлакат мудофаа вазирига «Вагнер» жангарларининг тажрибасини ўрганишни буюрди, бироқ Беларус ҳеч ким билан урушга ҳозирлик кўрмаяпти, деб ёзади BBC.
Илк қўл сиқишишдан 21 йил ўтиб
«Лукашенко вазиятни тартибга солиш бўйича воситачилик қилиши ҳақида чиндан ҳам икки президент шартлашиб олишди. Гап шундаки, Александр Григорьевич азалдан, 20 йиллардан буён Пригожин билан таниш, бу унинг шахсий ташаббуси бўлди ва кейин у президент Путин томонидан маъқулланди», — дея тушунтирди РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Беларус президентининг «Вагнер» ХҲК томонидан исён қилишга уринишига аралашганини.
Аслида, Лукашенко ва Пригожиннинг азалдан «шахсан танишлиги» бироз муболаға. Россия нашрлари маълумотига кўра, Пригожин ва Лукашенко 2000-йиллар бошида Санкт-Петербургдаги New Island ресторанида танишган бўлиши мумкин. Ресторанни Пригожин очган, Путин у ерда бир неча муҳим меҳмонлар — Жак Ширак, кичик Жорж Буш кабиларни қабул қилган. Бундай учрашувлар мобайнида Пригожин официантлик қилган. Ўша жойда Путин 2002 йилда Лукашенко билан кечки овқат тановул қилган. Кўрсатилган хизмат Лукашенкога шунчалик ёқиб тушганки, у Пригожинга ташаккур билдириб, қўлини сиқиб қўйган.
«Бу шунчаки оний фурсатда ўтган танишиш дейиш мумкин, кейинчалик улар ўртасида алоҳида тилга олиш мумкин бўлган ҳеч қандай танишув рўй бермаган», — дейди сиёсатшунос Артём Шрайбман.
Бироқ, 2020 йилда уларнинг ҳар иккиси ўша йилнинг ғалати сиёсий воқеаси қаҳрамонларига айланишди.
Бир хил кийимли туристлар
2020 йил июл ойи охирларида «БелТА» давлат ахборот агентлиги кучишлатар тизимларга ҳавола қилиб, Беларусда давлатга қарши фитна очилганини эълон қилди: мамлакатга «сайлов кампанияси даврида барқарорликни издан чиқариш учун» икки юз нафарга яқин жангарилар келгани хабар қилинди. Улар «россиялик туристлар учун хос бўлмаган хатти-ҳаракати ва ҳарбий стилдаги бир хил кийимлари билан» эътиборга тушган.
«Спиртли ичимликлар ичишмаган, кўнгилочар масканларга боришмаган, бировларнинг синчков эътиборини жалб қилмаслик учун ўзларини одамлардан четда тутишган», — дея россиялик меҳмонларнинг хулқидаги ғалатиликни санаб ўтганди «БелТА».
Гуруҳдаги 32 киши ҳибсга олинган, жаҳлланган Лукашенко уларни Россия томонидан «ифлос ниятлар»да жўнатилган «бандитлар» деб атаган ва тушунтириш талаб қилган. Аввалига у бу гуруҳ 2020 йил 9 августида бўлиб ўтган президентлик сайловини издан чиқариш учун Беларусга жўнатилган деб ишонган.
Тезда «бандит»ларнинг Беларус билан умуман иши йўқлиги, улар «Вагнер» ХҲК аъзолари экани, Минск ва Истанбул орқали Африка давлатларидан бирига кетаётгани маълум бўлди. Боз устига, уларни Украина махсус хизмати вакиллари кузатиб бораётган бўлган, агар Лукашенко халақит бермаганида улар минган самолётни Киевга мажбуран қўндиришни режалаштириб туришган бўлган. Чунки уларда бу жангарилардан айримлари 2014 йилда Украинанинг Донецк ва Луҳанск областларини оккупация қилишда иштирок этгани ҳақида маълумот бор эди.
Ўшанда Лукашенко ва Пригожин тезда бир-бирига ҳужум қилиш нияти бўлмаганини айтиб, ўзаро сиртдан мақтов ёғдиришган. Пригожин Беларус президентига яхшиликлар тилаган, Лукашенко бунга жавобан ХҲК раҳбарини «Женя» деб атаган. Журналист Дмитрий Гордонга берган интервюсида Лукашенко «Женя» билан энг илиқ муносабатларда эканини сўзлаган.
«Мен унинг ўша вагнерчилар билан алоқада эканидан хурсандмасман, ахир у ўзгаларнинг қўлида қўғирчоқ бўляпти, — деганди Лукашенко 2020 йилда Пригожин ҳақида. — Ахир у қарорларни қабул қилмайди, қарорлар бироз тепароқда, вазирларнинг ўринбосарлари даражасида қабул қилинади».
2021 йил 23 майида Беларус кучишлатар тизимлари Ryanair компаниясининг Афинадан Вилнюс томон учаётган самолётини Минскда мажбурлаб қўндиришади. Учоқ саҳнидан мухолифатчи журналистлар Роман Протасевич ва София Сапега тушириб олинади.
«Лукашенкога шон-шарафлар! Ҳурмат, таъзим ва бутун қалбимиз билан қўллаб-қувватлаймиз. Юзига лой чапланишига қўйиб бермасдан, ярамасларни тўхтата олган буюк инсон. Беларуснинг барча қонунларига тезда яна битта қўшимча қўшиб, Протасевични итдек отиб ташлаш керак», — дея шарҳлаган бу воқеани Евгений Пригожин (иқтибос унга тегишли «Кепка Пригожина» Телеграм-каналидан олинган).
«Чодир ўрнатинг»
Пригожиннинг ўзига келадиган бўлсак, у сўнгги суткалар ичида кўриниш бермаган ва ўзи ҳақида бирор пичоққа илингулик маълумот сўзлаб бермаган.
27 июн куни Александр Лукашенко Пригожин Беларусда эканини тасдиқлади. Унга тегишли Embraer Legacy 600 учоғи, шунингдек кузатиб борувчи самолёт Минскда қўнган.
Бир нечта телеграм-каналлар Пригожинни Минск четидаги Green City ҳотелида кўришганини ёзиб чиқишди. Лекин 27 июн куни кечқурун ҳар икки самолёт Минскдан учиб, Москва томон йўл олган. Уларнинг ичида Пригожин бўлган-бўлмагани номаълум.
«Вагнер» ХҲК жангарилари ҳақида Лукашенко 27 июн куни сўзлади: «Биз уларга ташландиқ ҳарбий қисмлардан бирини таклиф этдик, Марҳамат, девор бор, ҳамма нарса бор. Чодир ўрнатинглар. Нима иш билан шуғулланишни аниқлаштириб олгунларича нима ёрдам керак бўлса берамиз».
Лукашенко янги жойда «Вагнер» жангарилари ўзларининг ҳисобидан туришига ҳам аниқлик киритди.
Россия президенти Владимир Путин ХҲК қатнашчиларига ё РФ мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашни, ё уй-уйларига тарқалишни ё Пригожин билан Беларусга йўл олишни тавсия қилди. Жангарилар оммавий равишда Россия-Беларус чегарасини кесиб ўтгани ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.
Сўзидан қайтишлар ҳали кўп бўлиши мумкин
«Улар Беларусга келадими, узоқ вақтга жойлашадими? Балким улар юридик шахс очишар. Бу ерда уларнинг тўпланиб, тақсимланадиган базаси бўлар. Битим барбод бўлиши ҳам мумкин — буларнинг бирортасига ҳозирча аниқ жавоб ололмаймиз», — деган BBC’га Артём Шрайбман.
Сиёсатшуноснинг сўзларига кўра, берилган сўзлардан «ортга қайтиш»лар сони жуда кўп, шунинг учун хулоса чиқаришга ҳали эрта.
Лукашенконинг омма олдидаги баёнотларидан ҳали унинг ўзи ҳам хусусий ҳарбийлашган компаниядаги одамларни нима қилиш кераклигини билмаслигини хулоса қилиш мумкин. Россиядаги каби, бу ерда ҳам уларнинг мавжуд бўлиб туриши қонун билан тартибга солинмаган, Беларус Жиноят кодексига кўра, ёлланма жангарилик 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
«Вагнер» ХҲК жангчиларида Беларусда бўлиб туриш учун қонуний асослар у қадар кўп бўлмайди.
Масалан, Беларус мудофаа вазири Виктор Хренин билан 27 июн кунги учрашувда Лукашенко ёлланма жангчилар пилотсиз бошқарилувчи қурилмалар ёрдамида фронтнинг олд чизиғида жанг олиб бориш бўйича тажрибаларини Беларус армиясига ўргатиши мумкинлиги ҳақида гап очди.
«Улар қуроллар ҳақида гапириб беришади: қай бири иш беради, қай бири фойдасиз. Тактика, қурол-яроғ, қандай ҳужум қилиш, қандай ҳимояланиш кераклигини ҳам ўргатишади. Бу бебаҳо маълумотлар. Мана шуларни биз вагнерчилардан олишимиз керак», — деган Лукашенко.
Лукашенко ХҲК Россия томонидан Беларусга етказиб берилаётган тактик ядровий қуролни қўриқламаслигини таъкидлади. Ёлланма жангарилар Беларус қуролли кучлари сафига қўшилиши мумкинлигини ҳам инкор этмади (мамлакатда мажбурий чақирув ва шартнома асосида ҳарбий хизмат қилинади).
«Мудофаа вазири Хренин «менга бундай бўлинма армияда халақит қилмас эди», деди. Мен розиман. Улар билан гаплашинглар», — деган Лукашенко.
«Лукашенко режимида Пригожиннинг Африкадаги шубҳали, бироқ жуда сердаромад бизнес лойиҳаларида иштирок этиш имконияти пайдо бўлмоқда. Ғарбнинг янги санкциялари эҳтимоли ошади. Беларуснинг урушга қўшилиб кетиш ва мамлакатга зарбалар берилиши хавфи фақат ошиб боради», — деб ёзади сиёсий шарҳловчи Александр Фридман.
Фридманнинг қайд этишича, «вагнерчилар «исён номуси»ни Беларусдан туриб Киевга ҳужум қилиш билан ювиши тўғрисидаги тахминлар фақат таажжуб келтириб чиқармоқда». Унинг фикрича, бундай ҳаракатдан сўнг Минск урушнинг тўлақонли иштирокчисига айланади.
Украина президенти Володимир Зеленский чоршанба куни «Вагнер» ХҲК отрядлари Беларусдан туриб Украинага таҳдид қила олмаслигига шама қилди.
«Мен улар Беларус ҳудудидан туриб кимгадир қанчалик таҳдид қила олишини айта олмайман, чунки контингент у қадар катта бўлмайди», — дея Зеленскийдан иқтибос келтирмоқда «Украинская правда» нашри.
Зеленскийнинг айтишича, унга етказилган ахборотларга кўра, «вагнерчилар»нинг катта қисми жангларда йўқ қилинган, боз устига, Украина армияси шимолий чегараларда вазиятни назорат қилмоқда.
Полша президенти Анжей Дуда бўлаётган воқеаларни «ўта негатив сигнал» деб атаган. Мамлакат бош вазири Матеуш Моравецкий эса Полша-Беларус чегараси қўшимча равишда мустаҳкамланишини ваъда қилди.
Американинг Урушни ўрганиш институти таҳлилчилари фикрича, агар Кремл босим қила бошласа, Беларус Пригожиннинг жангарилари учун ишончли бошпана бўла олмайди. Таҳлилчилар тахминича, Россия мунтазам армиясига қўшилишни истамаган «вагнерчилар»ни Россия ҳукумати вақт ўтиши билан ҳаттоки давлатга хиёнатда айлаб таъқиб қила бошлайди.
Мавзуга оид
20:18 / 16.11.2024
Лукашенко Беларус уйсизлар ва текинхўрлар билан «жиддий курашиши»ни айтди
20:49 / 11.11.2024
Беларус расман БРИКС бўйича шерик давлат мақомини олди
22:17 / 07.11.2024
Лукашенко яна 31 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
14:30 / 05.11.2024