Ўзбекистон | 18:48 / 14.03.2023
14101
4 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони – Эрон дипломатик алоқалари тикланиши нимани англатади?

​​​​​​​Шу кунларда халқаро майдонда юз берган энг муҳим воқеалардан бири – Саудия Арабистони ва Эрон ўртасида дипломатик алоқаларнинг қайта тикланиши бўлди. Хўш, қайси омиллар Яқин Шарқдаги иккита катта кучни ўзаро муносабатларни тиклашга ундади?

Дунё давлатлари орасида, Саудия-Эрон муносабатлари энг салбий муносабатларни ифода қилувчи муносабатлар ҳисобланади.

Эронда 1979 йилда исломий инқилоб бўлган эди. Унга қадар, бу икки подшоликнинг муносабатлари нисбатан ижобий бўлган. Инқилобдан сўнг, Саудиядаги шиалар сиёсий фаоллашади, улар Саудияда ҳам подшолик ағдарилишини орзу қилиб бошлашади. Маълумот учун, Саудия аҳолисининг тахминан 10-15 фоизини шиалар ташкил қилади.

Саудия-Эрон дипломатик алоқалари шу пайтга қадар бир неча марта узилган. 1988 йилда Саудия Эрон билан алоқаларни узади ва бу алоқалар 1991 йилга келиб тикланади.

2011 йилда араб дунёсида “Араб баҳори” бошланади. Кўплаб араб давлатларидаги каби, Саудиядаги аҳоли ҳам намойишлар ўтказади. Саудия шиалари фаол бўлишади. Жумладан, таниқли шиа имоми Нимр Ал-Нимр шиаларни фаолликка чорлайди. Имом Саудия томонидан ҳибсга олинади ва 2016 йилнинг бошида олий жазога тортилади.

Бунга жавобан Теҳрондаги Саудия элчихонаси олдида катта намойишлар бошланади. Саудия Арабистони ўзининг Теҳрондаги элчихонасини ёпади ва Эрон дипломатларига 48 соат ичида мамлакатни тарк этишни буюради.

Саудия-Эрон зиддиятлари, уч қаватдан иборат структурага эга. Биринчи унсур – мазҳабий кураш. Эрон – шиалар давлати. Саудия Арабистони эса, аҳли сунна ва жамоа мазҳабида.

Иккинчи унсур инқилобдан кейин кучайди. Бу – сиёсий тизимларнинг тузилмаси билан боғлиқ. Саудия – мутлақ монархия, подшолик. Эрон – теократик республика. 1979 йилги инқилобдан кейин, Эрон ўзининг республика моделини бошқа давлатларга ҳам экспорт қилишга кўп уринди. Жумладан, Саудияга ҳам.

Учинчи унсур – бу геосиёсий ориентирлар. Саудия Арабистони, ташқи сиёсатда АҚШга, ғарб давлатларига йўналиш олади. Тўғри, Саудия ва АҚШ орасида зиддиятлар бўлиб туради. Лекин, умуман олганда, бу икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик, чуқур базага ва тарихга эга.

Эрон эса, 1979 йилдан кейин, АҚШни ўзининг энг катта душмани деб билади, АҚШ манфаатлари билан курашиб келади. Шунинг учун, бу икки давлат ўртасидаги зиддиятлар, мана шу уч қаватли структурага эгалиги сабабли, анча кескин кечди.

Бугун икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг қайта тикланиши, томонларга нима беради? Эрон аҳолиси кўп йиллардан бери ҳажга кела олмайди. Эрон – исломий давлат, унинг аҳолиси учун ҳаж ва умра қилиш – катта зарурат. Қолаверса, Саудия билан кескинликни пасайтириш – расмий Теҳронга Исроил ва АҚШга қарши туришда ҳам бироз қўшимча дивидендлар беради.

Саудиянинг Эронга асосий талаби – подшоликнинг ички ишларига аралашмаслик. Бу шартга Эрон қанчалик риоя қилади – вақт кўрсатади. Саудиянинг асосий муддаолари – кўпроқ геосиёсий. Ар-Риёд Россия-Украина урушида воситачи бўлиш ниятида. Саудия ўзини глобал ўйинчи сифатида кўрсатишни хоҳлайди. Тинчликпарвар воситачи бўлиш учун, Саудиянинг ўзини қўшнилари билан зиддиятлари бўлмаслиги ёки кам бўлиши керак.

Саудия, Эрон билан ярашиб, Байден маъмуриятига ҳам сигнал бермоқда: “Мана, бизни доим Эрон билан қўрқитасиз, биз истасак, Теҳрон билан бемалол яраша оламиз”.

Шунингдек, саудлар Вашингтонга “фақат Исроилнинг ёнини оласиз, Фаластин ва араб жамоатчилик фикрини инобатга олмасангиз, биз сиз билан алоқаларни пасайтиришимиз, ўзаро ярашишимиз ва Пекин билан дўстлашишимиз мумкин” демоқда.

Бу икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг тикланиши, уларнинг дўстлигини англатмайди. Бу давлатлар ўртасидаги структурали зиддиятлар йўқолгани йўқ. Лекин икки давлатнинг бугунги манфаати шуки, улар асосий фокусни бир-бирига эмас, бошқа йўналишларга қаратишмоқда.

Камолиддин Раббимов,

сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид