Жаҳон | 22:54 / 16.09.2024
3465
2 дақиқада ўқилади

Эрон президенти ўз мамлакати ядро қуроли яратиш нияти йўқлигини айтди

Шу билан бирга, Теҳрон ҳеч қачон ракета дастуридан воз кечмаслигини, чунки минтақадаги бошқа кучларни тийиб туриш зарурлигини таъкидлади.

Фото: Reuters

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён 16 сентябр куни ўз мамлакати ядровий дастурни фақат илмий-техник мақсадларда ишлаб чиқишини, ядро қуролини яратиш учун эмаслигини айтди. Бу ҳақда IRIB телеканалига таяниб ТАСС хабар берди.

«Ўйлайманки, биз буни (ядро қуролини яратишни) истамаслигимизни кўп марта айтдик, биз ядровий қурол яратиш йўлларини қидирмаяпмиз», деди у.

Шу билан бирга, у Теҳрон ҳеч қачон ракета дастуридан воз кечмаслигини, чунки минтақадаги бошқа кучларни тийиб туриш зарурлигини таъкидлади.

«Агар бизда ракеталар бўлмаса, рақибларимиз Ғазода бўлгани каби бизни хоҳлаган вақтда бомбалайди», деб таъкидлади у.

2015 йилда Эрон ва халқаро воситачилар «олтилиги» – БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бешта доимий аъзоси билан Германия – Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини (ҚҲР) туздилар, унга кўра Теҳрон халқаро ва бир томонлама санкцияларни бекор қилиш эвазига ўз ядровий дастурини ривожлантиришни чеклаши шарт эди.

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп 2018 йилда Қўшма Штатларни ушбу келишувдан бир томонлама чиқариб ташлади ва Эронга қарши санкцияларни тиклади, бу эса Теҳронни келишувнинг айрим шартларини бажаришдан аста-секин воз кечишга ундади.

Трамп ўрнига келган Жо Байден маълум шартлар остида келишувга қайтишга тайёрлигини маълум қилди. Эрон, Буюк Британия, Германия, Хитой, Франция ва Россия Венада келишувни тиклаш мақсадида бир неча раунд музокаралар ўтказди, аммо улар ҳеч қандай аниқ натижа бермасдан тўхтатилди.

Мавзуга оид