Жамият | 18:50 / 25.02.2018
29556
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар тез орада қуёш энергиясидан фаол фойдалана бошлашади

Ўзбекистонда қуёш энергиясидан фойдаланиш учун ўта қулай иқлим шароити мавжуд. Ўта қулай географик жойлашув жиҳатдан йилнинг 85–87 фоиз кунларида қуёшли осмон бўлади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларини қўшиб ҳисоблаганда бу борада Ўзбекистоннинг энергетик салоҳияти 98,5 фоизни ташкил этади. Айнан мана шу энергиядан тўғри ва унумли фойдаланилса, аҳолининг ижтимоий шароитини янада яхшилаш мумкин.

Қуёш энергиясидан фойдаланишни оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги, Миллий энерготежаш компанияси, Қуёш энергияси халқаро институти ва муқобил энергетика клуби ҳамкорликда «Ўзбекистонда қуёш энергиясидан фойдаланиш ва уни ривожлантиришда инновацион ёндашув: Муаммолар ва уларни ечиш йўллари» мавзусида давра суҳбатини ўтказди, деб хабар беради Kun.uz’га вазирлик матбуот хизмати. 

Учрашув давомида мутахассислар томонидан қуёш энергияси ускуналарини республикамизга кенг жорий этиш, аҳоли ва тадбиркорларни бунга жалб этишнинг мақбул тариф турлари, яшил тариф — хусусан, мавжуд анъанавий иссиқлик электростанциялар ҳудудида синов тариқасида қуёш станцияларга асос солиш масалалари муҳокама қилинди.

Давра суҳбати якунида Ўзбекистонда қуёш энергиясини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини белгиланди. Тез орада дастлабки қуёш станциялари қайси манзилларда жорий этилиши маълум қилинади.

Мавзуга оид