11:14 / 21.09.2021
43707

Жиззах ва Самарқандда прокурорлар пора билан қўлга олинди

Жиззах вилоятида туман прокурори, Самарқанд вилоятида эса туман прокурори ўринбосари пора билан қўлга тушди. Бу ҳолатлар айнан қайси туманларда рўй берганига аниқлик киритилмаган.

ДХХ томонидан ўтказилган тадбирлар доирасида ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимидаги ноқонуний ҳолатларга чек қўйилди.

Жиззах вилоятидаги туман прокурорларидан бири 2 минг доллар миқдорида пора сўраб, шундан 1200 долларини олган, ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда туман прокурори ўз хизмат хонасида сўралган пулнинг қолган қисмини (800 АҚШ доллари) олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

ДХХ матбуот хизматининг маълум қилишича, у таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари билан шуғулланувчи давлат унитар корхонасининг мансабдорлари ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида ўтаётган қурилиш фирмаси раҳбарига қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўлламаслик ҳамда мазкур фирмада аниқланган камомад миқдорини камайтириб кўрсатиш эвазига пора сўраганди.

Самарқанд вилоятидаги туман прокурорларидан бирининг ўринбосари моддий манфаатдор бўлиш мақсадида маҳаллий фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан суд томонидан тайинланган 3 йил озодликни чеклаш жазосини бошқа оғирроқ жазо турига ўзгартириш учун протест киритиб, суднинг апелляция босқичи жараёнида ҳукмни ўз кучида қолдириш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу сўралган пулни прокурор ўринбосарининг топшириғига кўра унинг воситачиси олган вақтида ушланди. Туман прокурори ўринбосарининг бу ишга алоқадорлиги унинг воситачиси берган кўргазма ҳамда тўпланган ашёвий далиллар асосида тўлиқ тасдиғини топган.

Бундан ташқари, МИБ ва божхона ходимлари фирибгарликка қўл уриб, ашёвий далиллар билан ушланган.

Наманган вилоятидаги туманлардан бирининг Мажбурий ижро бюроси раҳбари маҳаллий фуқаронинг Қирғизистон Республикаси Жалолобод давлат университетидаги ўқишини Андижон давлат тиббиёт институтига кўчиришида Олий таълим вазирлигидаги танишлари орқали ёрдам беришини айтиб, хизмати эвазига 700 доллар сўрайди, шундан 300 доллар ва 1 миллион 50 минг сўм олади.

Пулнинг қолган қисмини беришни талаб қилиб, 200 доллар ва 1 миллион 50 минг сўм олган вақтида ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят прокуратураси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармасини жалб этган ҳолда ўтказилган тадбирда ушланди.

Шунингдек, Бухоро вилоятидаги «Қоракўл» божхона пости катта инспектори хорижий тадбиркордан 800 АҚШ доллари сўраб, бир қисмини олган пайтда ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top