Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой молия компаниясининг собиқ раҳбари порахўрлик учун қатл этилди
Бай Тянхуэй тахминан 157 миллион АҚШ доллари миқдорида пора олгани аниқланди.
Фото: People's Daily
9 декабр куни Хитойда порахўрликда айбланиб судланган China Huarong International Holdings Limited компаниясининг собиқ бош директори Бай Тянхуэй қатл этилди. Бу ҳақда давлат «Синхуа» агентлиги хабар берди. Ҳукм Олий халқ суди (ОХС) томонидан маъқулланганидан сўнг, қатл амалга оширилди.
Тянжин шаҳри оралиқ судининг 2024 йил май ойида чиқарган ҳукмига кўра, Бай умрбод сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, барча шахсий мол-мулкини мусодара қилиш ва барча ноқонуний даромадларни давлат ғазнасига қайтариш шарти билан ўлим жазосига ҳукм қилинган эди.
Бай ҳукм устидан шикоят қилди, аммо 2025 йил феврал ойида унинг апелляцияси Тянжин Олий халқ суди томонидан рад этилди.
ОХС ишни кўриб чиқиб, Бай 2014 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда ўзининг турли лавозимларидан лойиҳаларни сотиб олиш ва корпоратив молиялаштириш каби масалаларда бошқаларга ёрдам бериш учун фойдаланиб, жами 1,108 миллиард юан (тахминан 157 миллион АҚШ доллари) миқдорида пора олганини аниқлади.
Одатда Хитойда порахўрлик жиноятини содир қилган амалдорлар дарҳол қатл этилмайди, балки 2 йил синов муддати билан қамоқхонага жойлаштирилади. Агар шу вақт ичида қоидабузарлик содир этмаса, жазо автоматик равишда умрбод қамоққа алмаштирилади.
Бироқ, ОХС Бай томонидан содир этилган жиноятларни ўта оғир деб топди, чунки пораларнинг умумий миқдори жуда катта ва ҳолатлар айниқса оғир эди. Суд ҳукмига кўра, бу жиноятлар ўта салбий ижтимоий оқибатларга олиб келган ва давлат билан халқ манфаатларига катта зарар етказган.
Таъкидланишича, қатл олдидан Байга яқин қариндошлари билан учрашишга рухсат берилган.
Хитой ўлим жазоси кенг қўлланиладиган кам сонли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Коррупциядан ташқари, олий жазо қотиллик, гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа бир қатор оғир жиноятлар учун қўлланилади. Шу билан бирга, қатллар статистикаси давлат сири ҳисобланади.
Мавзуга оид
17:24 / 08.12.2025
Хитой дунёдаги энг узоқ авиақатновни йўлга қўйди
11:00 / 08.12.2025
Берлин Пекиндан Украинада “адолатли ва барқарор тинчлик”ка ҳисса қўшишни сўрамоқда
10:30 / 08.12.2025
Вадефул Хитойда адолатли рақобат ва савдо тўсиқларини камайтиришга чақирди
00:22 / 08.12.2025