Ўзбекистон | 13:38 / 04.04.2022
64929
9 дақиқада ўқилади

«Биз ўйлаганчалик арзон эмас экан» — Беларусдан Ўзбекистонга келган IT-мутахассисларининг дастлабки таассуротлари 

Инқироз сабабли Беларусдаги айрим айтичилар Тошкентдан қўним топишди. dev.by нашри уларнинг Ўзбекистон пойтахти ҳақидаги дастлабки таассуротлари билан қизиқди.

Фото: Kun.uz / Муҳаммаджон Ғаниев

Нашр Николай, Виталик ва Иван, DevOPS-муҳандис Антон, iOS-дастурчи Иван ва Python-дастурчи Дмитрий, айтичи Сергей ва исмлари сир сақланишини сўраган яна икки мутахассис билан суҳбатлашди.

Нима учун Ўзбекистон?

Суҳбатдошлар турлича жавоб қайтаришди: Грузияга кетишни режалаштирган, аммо Тошкентда компаниянинг офиси бор эди; Ўзбекистонда яшаш арзон деб ўйлаган; Самарқанд, Бухорони кўришни анчадан буён орзу қилган.

Иван Ўзбекистонга 1 март куни оиласи билан келган ва Туркияга кетишни режалаштирмоқда. Унинг айтишича, Ўзбекистонда яшаш жуда қиммат. Николай ҳам Ўзбекистонни «бошқа мамлакатга кетиш учун ўтказув пункти» деб ҳисоблайди.

Уларнинг кўпчилиги учун шароитлар жозибали бўлиб туюлган. Ўзбекистонда хусусий корхона очиб, ўз-ўзини банд қилган шахс мақомини олиш ёки маҳаллий IT-парк резиденти бўлиб, 7,5 фоиз даромад солиғини тўлаш мумкин. Компания бунинг учун Ўзбекистон ҳудудида юридик шахс ташкил этиши, «иқтисодий асосланган бизнес-режаси бўлиши ва фаолиятини махсус рўйхатга асосан амалга ошириши лозим».

Ўзбекистонга қандай келишди?

Николай Тошкентга 15 март куни Россия орқали келган. «Москвадан учдим, божхонада сўроқ қилишди, келишдан мақсадим, ким бўлиб ишлайман, кейинчалик Ўзбекистонда ишлайманми ва ҳоказо. Telegram, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларимни кўришди. Қўрқинчли эмас, лекин ёқимсиз ҳолат».

Бошқа қаҳрамонларни ҳеч ким сўроқ қилмаган, аммо чипта олиш муаммо бўлган. DevOPS-муҳандис Антонни хотини, уч фарзанди ва иккита ити билан компания олиб келган.

Суҳбатдошларнинг сўзларига кўра, кўплаб айтичиларни аэропортда маҳаллий IT-парк вакиллари кутиб олмоқда: уларни микроавтобусларда меҳмонхонага олиб кетишмоқда.

Банк картаси олиш: 10 дақиқа ва 10 доллар

Банк картаси олиш муаммо эмас: Антон 10 долларга ва 10 дақиқа ичида MasterCard, 10 долларга ва 3 дақиқа ичида маҳаллий Uzcard картасини олган. Қолганлар карта очишмаган – 1 апрелни кутишган. Шу кундан «айтичиларнинг ишга жойлашиши учун енгилликлар яратилиши кўзда тутилган». Ўзбекистон ахборот соҳасидаги инвесторлар, IT-компаниялар муассислари ва мутахассисларга ҳамда уларнинг оила аъзоларига IT-виза беришни режалаштирган. Жисмоний шахслар уч йиллик виза олишлари мумкин.

Виза уларга уч йил давомида Ўзбекистонга тўсиқсиз кириб-чиқиш, республиканинг исталган ҳудудида қайта рўйхатдан ўтмасдан юриш, Ўзбекистон фуқаролари учун кўзда тутилган шароитларда таълим ва тиббий хизмат олиш имкониятини беради. 

Бундан ташқари, IT-парк резидентлари учун имтиёзлар кўзда тутилган: барча турдаги солиқ ва божхона тўловларидан озод қилинган, даромад солиғи ставкаси 7,5 фоиз, дивиденд солиғи 5 фоиз. 

Уй-жой кутилганидан кўра қиммат

Тошкентга оиласи ва итлари билан келган Антон дастлаб меҳмонхонада беш кунга номер олган, сўнгра бир ойга узайтирган (бир сутка туриш 70 доллар, бир ойга эса 1300 доллар). Сабаби квартира топиш чўзилиб кетган. Маҳаллий ижарага берувчиларнинг 95 фоизи мушукларни уйга қўйишга тайёр, аммо итлар ҳам киритилишига мутлақо қарши. Антон охир-оқибат 600 долларга уч хонали уй топган.

Суҳбатдошларнинг айтишларича, мигрантлар оқими ўсгани сабабли Тошкентда ижара нархлари ошиб кетган. «Уйлар қиммат, — дейди Иван. — Меҳмонхоналар бир тун учун 40 доллардан бошланади (уни ҳам излаб топиш керак). Суткалик квартиралар ҳам арзон эмас. Қисқа муддатга ижара таклифлари кам. Уйни агентсиз топиш жуда қийин, агентлар эса биринчи ой тўловидан 30–50 фоиз комиссия олишни исташади.  

Метро линиясида жойлашган «суваракларсиз 2-3 хонали уй» ижараси 600 доллардан бошланади. Плюс коммунал тўловлар, агент комиссияси, баъзан гаров ҳам бор. Мен марказдан 800 долларга квартира топдим ва у идеал дейишдан жуда узоқ. Аммо шунга ҳам хурсанд бўлдим, меҳмонхонадан тўйгандим», — дейди у.

Унинг адаши Telegram-чатда 800 долларга квартира топган ва тўрт нафар ҳамкасби билан яшамоқда. Маҳаллий риелторлар ҳақида салбий фикрда: риелторларнинг иши квартира эгаси билан келишаётганингда сенинг ёнингда туриш ва унга «булар тузук одамлар, квартирани берайлик» дейиш холос. 

Дмитрийнинг таъкидлашича, «охирги пайтда узоқ муддатга ижара расмийлаштирган чет элликларнинг уйларига полиция келмоқда». Аммо суҳбатлар «жуда хушмуомала» ўтади. Шунчаки ҳудудларида ким яшаётганини билиш учун келишганини айтишади.

Интернет: паст тезлик ва ижтимоий тармоқларнинг блокланиши 

Николайнинг айтишича, «шаҳардаги интернетга чидаса бўлади, фақат коворкингларда бемалол ишлаш мумкин». Виталик «коворкинг кунига 100 минг сўм атрофида (8,60 доллар)»лигини айтди.

«Интернет — унчаликмас, ойига 120 минг сўм (10,4 доллар), 50 Мб/с, лекин пинг жуда юқори – 200-300 атрофида. Аммо аксарият коворкингларда чилим бор: 18:00-19:00дан кейин бу ер гавжум бўлади, чилим чекиш ҳам мумкин», — дейди Виталик.

«Интернет сифати даҳшат, блоклашлар кучли. Буюртмачининг ресурсларига VPN орқали киришда муаммолар пайдо бўлишига тайёр туриш керак. Вақти-вақти билан интернетдан роуминг орқали фойдаланишга тўғри келади, чунки бошқа вариантлар ишламайди», — дея қўшимча қилади у.

Иван 100 Мб/с тезликдаги интернет унга ойига 180 минг сўмга (15 доллар) тушаётганини айтди. Аммо «соат 21:00дан кейин тезлик 25 Мб/сгача тушиб кетади». Дмитрий ҳам шундай фикрда — кечки пайт интернет тезлиги пасайиб кетади.

Мамлакатда Twitter, TikTok ва «ВКонтакте» блокланган.  

Тошкентда яшаш қанчага тушади?

Метрода йўлкира 1400 сўм (12 цент), автобусда — 1700 сўм (15 цент). «Яндекс.Такси» ўртача 20–25 минг сўмгача (1,7–2 доллар).

Мутахассислардан бирининг сўзларига кўра, кафеларда хизмат кўрсатганлик учун умумий ҳисобдан фоиз олинади. «Чўчқа гўштини тополмадим, товуқ, қўй, мол гўшти сероб. Балиқ ҳам бор. Кўплаб дўконларда Россия маҳсулотларини кўриш мумкин. Бозорларда савдолашса бўлади», — дейди у.

«Мен икки катта ёшли ва бир ёш бола билан кафеда овқатландим – ҳаммамиз учун 12–15 доллар бўлди. Арзонроқ чойхона яқинида яшасанг, уйда овқат қилмасанг ҳам бўлади. Катта товоқдаги ош 2-3 доллар туради», — дейди Иван.

«Маҳаллий аҳоли пул сарфлашга тайёр одамлар келганидан хурсанд»

Суҳбатдошлар тошкентликлар жуда меҳмондўст ва хушмуомала эканликларини айтишди. «Маҳаллий аҳоли пул сарфлашга тайёр одамлар синфи келганидан хурсанд», — деб ҳисоблайди Антон. «Беларусларга нисбатан муносабат яхши, маҳаллий IT-паркдаги йигитлар уларнинг мослашишига ёрдам беришмоқда», — дея қўшимча қилади Дмитрий.

«Умуман олганда, бир неча йил аввалги Минскни эслатади. Тошкент инфраструктураси совет даврида қурилган инфраструктурага ўхшайди. Бир қарашда барчани қониқтирадиган ўша авторитаризм. Маҳаллий давлат газетасини кўздан кечирдим – 2020 йилга қадар чиққан «Совет Белоруссия»си газетасига ўхшайди».   

Дмитрий, Python-дастурчи.

«Маҳаллий аҳоли бизни меҳмон деб атайди. Илгари қандай яшаган бўлсак, шундай яшашимиз мумкин. Асосийси, “тўғри” бўлсанг бўлди. Кўпчилик рус тилида гаплашади ёки тушунади», — дейди Виталик. Ва қўшимча қилади: «Ўзбекистонни доимий яшаш жойи сифатида танламаган бўлардим, аммо бу ер албатта келишга арзийди».

Ўзбекистондаги ҳаёт ҳақида яна айрим фикрлар

«Кун ва тун жуда тез алмашади, 18:00дан кейин бу ердагилар ярим уйқуда юришади, аммо уйғониш жуда осон».

«Бу ерда ҳамма машиналар бир хил – оқ рангли Chevrolet. Ҳайдовчилар жуда тез ва зич юришади. Йўлни кесиб ўтаётганда ҳушёр бўлиш керак, пиёдаларга йўл беришни хоҳлашмайди».

«Шаҳар муҳити жуда баҳсталаб. Парклар кўп, лекин бу ерда пиёдалар ҳеч ким эмас. Йўллар кенг, баъзан кесиб ўтиш жойини топиш учун километрлаб юриш керак. Кесиб ўтиш жойларида светофор йўқ ва ҳеч ким сенга йўл беришга шошилмайди».

«Бу ерда ҳамма меҳмондўст, уйларига чақиришади, палов билан меҳмон қилишади».

«Кўчаларда формали одамлар кўп».

Мавзуга оид