Ўзбекистон | 19:29 / 04.09.2025
3202
2 дақиқада ўқилади

Китоб ўқиган маҳкумларнинг муддатини қисқартириш ҳақидаги қонун Сенатдан ўтди

Қонун маҳкумларни ахлоқан тузатиш, уларда жамият қоидалари ва анъаналарига нисбатан ҳурматни шакллантиришга қаратилгани таъкидланмоқда.

Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун маъқулланди.

Унга кўра, Жиноят кодекси шахс тузалиш йўлига ўтгани муносабати билан жазони ўташ муддатини қисқартиришни назарда тутувчи 741-модда билан тўлдирилади.

Бунда маҳкум Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тасдиқланган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиса ва ушбу китобларни ўқигани факти тасдиқланса, жазони ўташ муддати ҳар бир ўқилган китоб учун уч кунга, бироқ бир йилда кўпи билан 30 кунгача Комиссиянинг хулосасига асосан суд томонидан қисқартирилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Таъкидланишича, ушбу норма фақат жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши назарда тутилган (умрбод озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганлардан ташқари) шахсларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланган. Тегишли ўзгаришлар Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят-ижро кодексига ҳам киритилади.

Хабарга кўра, қонунчиликка киритилаётган ушбу ўзгартиришлар бугунги кунда жазо муддатини ўтаётган 13,5 мингдан ортиқ маҳкумларга нисбатан татбиқ этилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид