Иқтисодиёт | 18:17
609
3 дақиқада ўқилади

2026 йилда асосий солиқлар бўйича ставкалар ўзгармайди

Сенат томонидан маъқулланган қонунда қўшилган қиймат солиғи 12 фоиз, фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдирилди.

Фото: Shutterstock

2026 йилда асосий солиқларнинг ставкалари ўзгармайди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида маъқулланган “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2026 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда белгилаб қўйилган.

Қайд қилинишича, 2026 йилги солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкалари қўшилган қиймат солиғи 12 фоиз, фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи – 0,95 фоиз, ижтимоий солиқ 12 фоиз (бюджет ташкилотлари 25 фоиз), айланмадан олинадиган солиқ 4 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолади.

Таъкидланганишича, кейинги йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, шу жумладан, амалдаги қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш, президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Солиқ кодексида қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз занжирини яратиш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш назарда тутилмоқда.

Қонун амалиётга татбиқ этилиши натижасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга имкон берадиган солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича тегишли ҳуқуқий муносабатлар тартибга солиниши назарда тутилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда микрофирма ва кичик корхоналарга солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун жарима миқдори пасайтирилиб, охирги уч ой ичида солиқ ҳисоботлари ўз вақтида тақдим этиб келган солиқ тўловчиларга кейинги ҳисоботни 5 иш кунгача кечиктирган тақдирда маъмурий жарима қўлланилмаслиги белгиланмоқда.

Бундан ташқари, бир календар ойда бир нечта солиқ турлари бўйича ҳисоботлар ўз вақтида тақдим этилмаган тақдирда, барча ҳисоботлар учун фақат битта жарима қўллаш механизми жорий этилмоқда.

Таъкидланишича, сенаторлар маъқуллаган қонун тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама рағбатлантириш, тенг ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш, маъмурий жарималар юкини енгиллаштириш ҳамда яширин иқтисодиётнинг улушини қисқартиришга қаратилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид