Ўзбекистон | 19:10 / 27.08.2018
162117
2 дақиқада ўқилади

Президент девонида жиддий ўзгаришлар: Давлат маслаҳатчилари Хайриддин Султонов ва Қаҳрамон Қуронбоев бошқа ишга ўтказилди

Бугун, 27 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида йиғилиш ўтказилди. Йиғилиш якунларига кўра, президент девони тузилмасида жиддий ўзгаришлар рўй бериши маълум бўлди. 

«Kun.uz» манбаси маълумот беришича, президент девони президент админстрацияси этиб қайта ташкил этилади ва шу вақтгача президент ижроия аппарати раҳбари-маслаҳатчи сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Зайнилобиддин Шаҳобиддинович Низомиддинов администрация раҳбари бўлади.

Эндиликда давлат маслаҳатчиси институти тугатилган, давлат маслаҳатчилари президент маслаҳатчиларига айланган. 

Президентнинг ёшлар сиёсати масалалари бўйича собиқ давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев ҳамда Оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари бўйича собиқ давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов бошқа ишга ўтказилган. 

Қуронбоев Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича сектор раҳбари Абдужаббор Абдувоҳидовга ўринбосар бўлган.

Хайриддин Султонов бошқарган хизматни айни пайтда Абдужаббор Абдувоҳидов бошқариб туради.

Султонов давлат раҳбари спичрайтери (нутқларини ёзиб берувчи — таҳр.) сифатида президент маърузаларини тайёрлашда давом этади ва президент маслаҳатчиси ҳисобланади.

Бошқа собиқ давлат маслаҳатчилари Рустам Қосимов, Рустам Иноятов (Б. Мавлонов биринчи ўринбосари), Виктор Маҳмудов (Хавфсизлик кенгаши котиби) ҳамда Турсинхон Худейбергенов ўз лавозимларига қайта тайинланган. Президент девонининг собиқ раҳбари Зелимхон Ҳайдаровнинг кейинги фаолияти ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Шунингдек, Ишлар бошқармаси ҳам тугатилиб, унинг ўрнига янги бошқарма тузилган. Президент маъмурияти фаолиятини маъмурият раҳбари мувофиқлаштириб боради.

Мавзуга оид