Британияда қиролича Елизавета II дафн этилди
Бир неча кун давом этган қиролича билан хайрлашиш маросимидан сўнг, Елизаветанинг жасади бўлган тобут Виндзор қалъасига олиб кетилди, у ерда мотам маросимидан сўнг у оилавий дахмага дафн қилинди.
Буюк Британияда 8 сентябр куни 97 ёшида вафот этган Елизавета II’нинг дафн маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди BBC 19 сентябр оқшомида. Қиролича Виндзор қалъаси ҳудудидаги Авлиё Георг бутхонасида, турмуш ўртоғи ёнига дафн этилди. «Қироличанинг жасади бўлган тобут аста-секин дахмага туширилди. Энди унга фақат оила аъзолари ўзларининг шахсий маросимларида кириши мумкин бўлади», деб таъкидлайди нашр. Елизавета II эри шаҳзода Филиппнинг ёнига дафн қилинди.
Лондонда салкам икки ҳафта олдин 97 ёшида вафот этган қиролича Елизавета II билан бир неча кун давом этган оммавий видолашув маросими якунланди. 19 сентябр, душанба куни эрталаб Вестминстер залида сўнгги ташриф буюрувчилар қироличага ҳурмат бажо келтиришди. Шундан сўнг унинг тобути Вестминстер аббатлигига олиб кетилди, у ерда қироллик оиласи аъзолари, Буюк Британия бош вазири Лиз Трасс ва ундан олдинги бир қанча раҳбарлар, шунингдек, хорижий мамлакатлар қироллик оилалари аъзолари, юзлаб юқори мартабали ҳукумат амалдорлари иштирокида давлат мотам маросими бўлиб ўтди. Елизавета II’нинг давлат дафн маросимида жами 2000 дан ортиқ киши иштирок этди, жумладан Германия федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайер ва АҚШ президенти Жо Байден. Расмий тадбирларга Россия ва Беларус расмийлари таклиф қилинмади.
Йорк собиқ архиепископи Жон Сентаму BBC’га берган интервьюсида қиролича расмий видолашув маросими «зерикарли бўлмаслигини» ва қалбларга етиб боришини истаганини айтди. Дафн маросими якунида Елизаветанинг хоҳишига кўра унинг шахсий волинка чалувчиси Пол Бернс чиқиш қилди. У собордан тобут олиб чиқиб кетилаётганда «Sleep, Dearie, Sleep» мотам қўшиғини ижро этди. Маросим якунида қироличанинг жасади бўлган тобут Лондон орқали Виндзорга етказилди ва кечқурун у ерда дафн этилди.
Елизавета II’нинг давлат даражасидаги дафн маросими Буюк Британияда собиқ бош вазир Уинстон Черчиллнинг 1965 йилда вафотидан кейин биринчи марта ўтказилган бундай тадбир бўлди. Улар қатъий хавфсизлик чоралари остида бўлиб ўтди. Қироличанинг дафн маросими куни Буюк Британияда дам олиш куни деб эълон қилинди. Германияда ҳам шу куни давлат байроқларини ярмига туширишга қарор қилинди, бу ҳақда Германия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Нэнси Фезер тегишли буйруқ чиқарди.
Сўнгги бир неча кун ичида Вестминстер саройига қиролича билан хайрлашиш учун келган ва кўп километрлик навбатда туришга мажбур бўлган юз минглаб одамлар келди, баъзи ҳолларда кутиш вақти бир кундан ошиб кетди. 18 сентябр куни кечки пайтдан бошлаб одамларга навбатда туришга рухсат берилмади.
Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябр куни Шотландиянинг Балморалида вафот этди. Бир неча ой олдин унинг Бирлашга Қироллик тахтига ўтирганининг 70 йиллиги нишонланди. Елизавета II бундай узоқ вақт давомида ҳукмронлик қилган биринчи Британия монархи бўлди. У 1952 йил 6 февралда отаси қирол Георг VI вафотидан сўнг тахтга ўтирган.
Собиқ шаҳзода Чарлз Буюк Британиянинг янги қиролига айланди. У 73 ёшида Чарлз III номи билан тахтга ўтирди. У Британия тарихида энг узоқ вақт давомида Уэлс шаҳзодаси ва тахт вориси бўлиб қолди.
Мавзуга оид
21:08 / 02.01.2025
Британияда 52 йил олдин бедарак йўқолган аёл топилди
12:56 / 28.12.2024
Ўзбекистондан Британияга экспорт ҳажми 105 фоизга ошди
15:34 / 18.12.2024
Британиянинг нуфузли университетларидан бири Ўзбекистонда филиал очишни режалаштиряпти
11:35 / 09.12.2024